Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БИЛАН ТОЖИКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ЎРТАСИДА САВДО-ИҚТИСОДИЙ ҲАМКОРЛИК БЎЙИЧА ҲУКУМАТЛАРАРО КОМИССИЯНИНГ ТЎРТИНЧИ МАЖЛИСИ ЯКУНЛАРИ ТЎҒРИСИДА

2016 йил 27-28 декабрь кунлари Душанбе шаҳрида Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг тўртинчи мажлиси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон делегациясини Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон қабул қилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни ўзи учун қулай вақтда Тожикистон Республикасига расмий ташриф билан келиш таклиф этилган мактубини топширди.

Ҳукуматлараро комиссия мажлиси Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Рустам Азимов ва Тожикистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Давлатали Саид раислигида ўтди.

Мажлис натижалари томонлар мамлакатимиз ўртасида тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга катта аҳамият қаратаётганини яққол тасдиқлади.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорлик халқларимизнинг асрлар давомида шаклланган яқин қўшничилик, бир-бирини қўллаб-қувватлаш ва дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда кенгайтиришга интилишини мужассам этади.

Икки мамлакат ҳам ўзаро самарали ҳамкорликни янада кенгайтириш, иқтисодий соҳада қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва маданий алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор.

Комиссия мажлиси амалий, ўзаро ҳурмат ва ҳамфикрлик руҳида ўтди. Мажлис доирасида ўзаро ҳамкорликка оид кўплаб долзарб масалалар, жумладан, иқтисодиёт, савдо, транспорт, саноат, маданият, таълим, спорт ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги алоқаларнинг асосий параметрлари кўриб чиқилди. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишнинг асосий принцип ва ёндашувлари муҳокама этилди.

Томонлар муҳокама қилинган ва бошқа масалаларни ҳал этиш йўлларини белгилаб олди.

Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлисини 2017 йил Тошкент шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.

ЎзА


Дата добавления: 06/01/2017 15:03;   Просмотров: 1511
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку