Тинчлик-осойишталик, эл омонлиги ва фаровонлиги, меҳр-мурувват, бағрикенглик, инсон қадри улуғлигини англаш ва ардоқлашдан буюкроқ неъмат йўқлиги давлатимиз раҳбари илгари сураётган адолатли сиёсатнинг устувор тамойилларидир.
Шундан келиб чиқиб ҳар ҳафта шанба куни туман ҳокими Ш.Жамолов бошчилигида ҳокимият ва барча бошқарув органлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари томонидан у ёки бу маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида сайёр қабул ўтказиб келинмоқда. Бу тажриба ўзини оқлаётгани билан аҳамиятлидир. Ахир халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқ ҳузурига, халқ хизматига интилишини намоён этмоқда. Прокурор, Давлат хизматлари маркази, ИИБ, ФҲДЁ, кадастр хизмати, суд-ҳуқуқ ва солиқ идоралари, Халқ таълими бўлими, тиббиёт бирлашмаси, архитектура, кадастр, коммунал хизмат тизими каби ўнлаб соҳа мутасаддилари бевосита қатнашадиган ва ўзларига тегишли аҳоли мурожаатлари, муаммоли масалалар ижроси таъминланадиган бу ўта муҳим тадбир фуқаролар мушкулини осон этиш билан бирга хонадон ва жамият аҳлини давлатдан рози бўлиб яшашларига олиб келмоқда.
Ангаралмос МФЙ марказида бўлиб ўтган навбатдаги сайёр қабул Рамазон ойининг биринчи ўн кунлигига тўғри келди.
Туман раҳбари йиғилганларни муқаддас ой фазилатлари, умрбоқий қадриятларимиз фалсафаси ва аҳамиятини улуғлаган ҳолда муборакбод этиб, деҳқончилик, чорвачилик, пилла, ғалла ҳосилдорлигига қут-барака тилади. Қарийб уч соат давом этган қабул жараёнида 42 нафар фуқаро ўзининг салкам 50 та шахсий ва жамият ҳаётига тегишли муаммо ҳамда талаб-эҳтиёжини билдирди. 4 та сектор раҳбарлари ўз ҳудудларидан келган кишиларни диққат билан тинглаб, масалалар ечимига алоқадор ташкилотлар ҳамкорлигида уларга амалий ёрдам кўрсатишни ўз зиммаларига олишди. Аҳолини ҳафталаб, ойлаб қийнаётган масалаларга нуқта қўядиган бўлишди. Айрим жумбоқли, мураккаб, вақт ва маблағ талаб этадиган муаммоларни қонун доирасида ўрганиш ва ҳал қилишга келишилди. Такрор мурожаатлар учун айбдорлар танқид остига олинди. Гулбоғлик аёл Б.Шарипова ногирон турмуш ўртоғига ногиронлар аравачаси (коляска), Қозиқўрғонлик О.Ҳамдамов, Ўрташиқлик Ш.Ўроқова. Янги уй-жой, Миронқулдан келган Б.Дўстбоев иссиқхонани кенгайтириш учун ер, Урганжилик З.Аминова уй-жойига эгалик ҳуқуқини тиклаш, Андижонидан келган Г.Тўхтаева замонавий уй-жой олиш учун моддий ёрдам, Заҳлик ёш тадбиркор Р.Ғаниев ер, Ангаролмослик фидойи инсон Б.Жабборов ёшлар ўртасида ҳоким кубоги учун спорт мусобақалари ўтказишни сўраб қилган мурожаатлари ижобий, тезкор ечим топди.
Таъкидлаш жоизки, айрим ташкилот ва муассаса раҳбарлари халқ билан учрашиш, юзма-юз мулоқотдан ўзларини олиб қочишлари энг аввало давлат сиёсатига совуққонлик билан қараш белгисидир. Бугунги раҳбарнинг обрў-нуфузи, шахсий жавобгарлиги, қатъий интизоми, билим ва масъулияти айнан мана шу қабуллар пайтида намоён бўлади. Туман Агробанк бошқарувчиси (ўрнига ўринбосари келди), Мажбурий ижро бюроси, Ободонлаштириш идораси раҳбарлари нега келишмади, ўзларининг виждонларига ҳавола.
Навбатдаги сайёр қабуллар бунданда салмоқли натижалар, ижобий кўрсаткичларга бой бўлади деган умиддамиз.
Нормурод КАРИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.