Шуҳрат ЖАМОЛОВ:
Жонажон мамлакатимиз Мустақиллигининг 27 йиллиги барча жабҳаларда амалга оширилган ва давом эттирилаётган кенг кўламли шиддаткор ислоҳотлар йили сифатида, кўтаринки руҳда «Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!» шиори остида туманимизда қабул қилинган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури асосида амалга оширилмоқда. Тўйга-тўёна билан бориш халқимиз учун одат тусига айланган. Туман ҳокими Шуҳрат Жамолов жойларда энг азиз ва муқаддас санага тайёргарликнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида кунаро маҳалла ва ижтимоий соҳа объектларини кўздан кечирмоқда. Биз туманимиз ҳокими билан қадимий Хўжа Кавшер мавзеида учрашиб қолдик ва мустақиллик байрамига тайёргарлик тўғрисида мақола ёзишимизни айтдик. У аввалига бизнинг бу таклифимиздан ўзини ноқулай сезди, хаёлга чўмди, елка силкиди ва табассум ила бош ирғаб розилик берди.
ЙЎЛИНГ РАВОН БЎЛСА...
Халқимизда «Йўлинг равон бўлса, манзилинг яқин бўлур» деган нақл бор. Бугун туманимизда йўлсозлик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар айни шу мақсадларга хизмат қилаётир, - деди Шуҳрат Ўроқович. - Хўжа Кавшер мавзеидаги чорраҳа муаммоси ишга келишимдан буён мени, барчамизни ташвишга соларди. Яъни «Йўл азоби - гўр азоби» дея ўз-ўзига тасалли берган ҳайдовчилар ва йўловчилар сизу биз эмасмидик?! Шунинг учун мутахассислар, меъморлар, йўл қурувчилар ва маҳалла фаолларини тўплаб маслаҳат қилдик ва муаммо ечимини топдик. Маблағ ҳам топилди, ҳомий ҳам. Тўғриси, «Самарқанд - Оҳалик» автомобиль йўлининг тирбанд, серқатнов бир қисми бўлган ушбу ҳудуд авваллари тор ва пиёдалар учун алоҳида йўлакчалар мавжуд эмасди. Уйдим-чуқур йўл эса йўловчию ҳайдовчига бирдек ноқулайлик туғдирарди. Атрофдаги сунъий бозорчалар ҳаракат хавфсизлигига соя соларди. Биз чорраҳа олдида штаб ташкил этиб, аввало шошма- шошарликка йўл қуймасдан бу борада сифат, меъёр, хавфсизлик асосий кўрсатгич бўлиши, йўловчи ва ҳайдовчиларга қулайлик яратиш бош мезон бўлиши учун ҳаракат қилдик. Қурилиш ишлари икки сменада ташкил этилиб, жадал суръатларда олиб борилди. Эндиликда ушбу чорраҳада автомобиль ва йўловчилар тирбандлиги йўқ. Бизнинг суҳбатдош бир лаҳза хаёлга чўмди ва табассум юзига балқиб сўзини давом эттирди.
-Туманда ҳоким тайинлашлари олдидан санъат коллежида таълим олаётган қизим билан Оҳалик тизма тоғларига сайёҳатга бордик. Мақсад - қизим табиат бағрида расм чизиши керак эди. У тасвирий санъат билан машғул бўлди, бир қатор манзараларни қоғозга туширди. Қайтишда ана шу жойда автомобиллар тирбандлиги натижасида анча вақт ушланиб қолдик. Тақдир экан, 20 кундан сўнг туманга ҳоким бўлдим-да мазкур чорраҳани тартибга солишни режалаштирдим. Мана бугун ўз мақсадимга эришганимдан ўзим, йўловчилар, ҳайдовчилар, энг муҳими халқ хурсанд, миннатдор. Ҳали қилинадиган ишлар талайгина.
Туманимизда 77 та маҳалла мавжуд бўлиб, жойларда сайёр қабуллар ўтказаяпмиз, - деди ҳоким. - Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев сиёсатидан, инсонпарварлик ғоясидан руҳланиб, халқ билан фаол ва очиқ мулоқот олиб бориш, жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш, яратилган янги тизим, яъни одамларнинг дард-ташвишларини тинглаш, муаммоларини жойида ва қонун асосида ҳал қилишдек эзгу мақсадларни рўёбга чиқаришга жиддий киришдик. Очиқ мулоқотларда оддий фуқаро ва тадбиркорларни узоқ вақтдан бери қийнаб келаётган барча масалалар бирин- кетин ечилмоқда. Юзлаб шикоят, ариза ва таклифлар тушмоқда. Барча мурожаатлар бўйича тегишли идоралар томонидан ўрганишлар олиб борилмоқда ва кўплари жойида адолатли ҳал қилинмоқда.
- Аҳолининг талаблари нималардан иборат?
- Ўрганишлар шуни кўрсатдики, талаблар биринчи навбатда табиий газ ва суюлтирилган газ баллонлари етказиб бериш, тадбиркорлар учун ер ажратиш, уй-жой билан таъминлаш, моддий ёрдам, электр энергияси, ичимлик суви, йўлларни таъмирлаш, банкдан имтиёзли кредит олиш, мактабгача таълим, нафақа, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, оилавий низолар ва бошқа долзарб масалаларга алоқадор.
Сир эмас, аҳолининг ўринли эътироз ва талабларига сабаб бўлаётган ижтимоий, иқтисодий, маиший масалалар кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Биласизми, улар йиллар давомида йиғилган, одамларни қийнаган.
- Шу ўринда табиий савол туғилади. Айни пайтда мавжуд бўлган муаммоларнинг амалий ечимига бевосита масъул бўлган 4 та сектор раҳбари шу вақтга қадар нима иш билан машғул бўлган?
- Ўринли савол, - беихтиёр оҳ тортди суҳбатдошимиз. - агар мутасаддилар ўз ваколатларига асосланиб, қоғозда эмас, амалда иш олиб боришганида, оғриқли масалаларга панжа ортидан қарамасдан ўз вақтида даво топганида муаммолар болалаб кетмасди. Аҳоли турмуш шароити янада яхши бўларди. Энди «ўтганга саловат» деб олға интилишимиз зарур. Шу боис Юртбошимизнинг «Обод қишлоқ» дастури тўғрисида»ги Фармони асосида кенг кўламли бунёдкорлик ишларини амалга ошириш орқали аҳоли турмуш маданиятини янада юксалтиришга киришилди.
Ҳозир режам асосида Паррандачи маҳалласидаги 26-мактаб, сўнг Юқори Оҳалик маҳалласидаги 32-мактабида капитал таъмирлаш ишларини кўришим зарур.
- Бизлар ҳам сиз билан бирга борсак, - таклиф этдик биз. - чунки «юз марта эшитгандан бир марта кўрган афзал» дейишади.
Суҳбатдошимиз «маъқул» дея хизмат машинаси эшигини очиб, ўтиришга шароит қилди.
БИРИДА ЯХШИ - БИРИДА АКСИ
- Муҳтарам юртбошимизнинг шу йил 27 июль куни ўтказган йиғилишларида мактаб масаласи кўриб чиқилди, - деди Шуҳрат Ўроқович, - туманда жами 54 та таълим муассасалари бўлиб, уларнинг ҳаммасида ҳам аҳвол бир хил эмас. Бирида яхши- бирида акси. Келинг, танишувни намунали мактаблардан бошласак.
Машинамиз Ўрташиқ қишлоғида жойлашган 16-сон умумтаълим мактаби томон бурилди. Ушбу билим даргоҳи ўзининг 100-йиллигига пухта тайёргарлик кўраётган экан. Мактаб ҳовлисидаги турли хил мевали ва манзарали дарахтлар, гуллар киши кўнглини очади. Бино янги ўқув йилига шай. Ота-оналар ўз фарзандларига кутубхонадан дарсликлар олишмоқда.
Ёш мутахассис Маъруфжон Камолов бизларни ўзи раҳбарлик қилаётган мактаби билан таништириб, аҳил-иноқ жамоа янги ўқув йилига тайёр эканлиги ҳақида маълумот берди.
- Таъмирлаш ишлари ҳашар йўли ва ҳомийлар ёрдами билан амалга оширилди, - деди Маъруфжон Камолов. - мактабимиз янги ўқув йилига тайёр.
Бизлар мактабнинг тоза-озодалиги, синфхона ва бошқа иншоотларнинг замонага хос ва мос жиҳозланганлигидан қувониб ўз йўлимизни давом эттирдик.
Аммо 26-сон мактаб аҳволи таъбимизни хира қилди: ичимлик сув бўлмаганлиги, таъмирлаш иши ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги ҳаммани ташвишга солган экан. Туман ҳокими биринчи марта ушбу билим масканига ташриф буюрганини ва ҳайратга тушганини айтди.
- Сизлар ҳали таъмирлаш ишлари бошланган пайтида келдиларинг, - деди ҳоким. - Мени таажжубга солган нарса, шу пайтгача собиқ мактаб директори, халқ таълими бўлими, қолаверса ота-оналарнинг лоқайд муносабатларидир. Биз янги директор тайинладик. Энди Башорат Ҳотамова ўз вазифасини чин дилдан бажармоқчи.
Навбатдаги йўналишимиз Юқори Оҳалик қишлоғидаги 32-мактаб бўлди. Бу ерда янгиланиш ва капитал қуриш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Педагогика фанлари номзоди, ташаббускор тиниб-тинчимас инсон Алишер Рустамов ушбу мактабга раҳбар бўлган экан. Ўз вазифасини астойдил ва виждонан бажармоқда.
- Кишлоқ аҳолиси ва мактабимиз жамоаси туман ҳокимидан миннатдор, - деди Алишер Рустамов, - чунки Шуҳрат Ўроқовичнинг ташрифидан сўнг ижобий ишлар кучайди. Айни пайтда мактабимиз қурилиш майдончасига айланган. Туман ҳокимлиги, корхона ва ташкилотлар ҳомийлигида 30-40 йил таъмир кўрмаган иншоотлар чирой очмоқда. Масалан, тадбиркор Ҳайдар Ўроқов «Навобод наслли парранда» масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан томларни янгилаб бермоқда. Мен имкониятимдан фойдаланиб сизнинг газетангиз орқали барча қўли очиқ, савобталаб ҳомийларга миннатдорчилик билдираман.
«ОБОД ҚИШЛОҚ» ДАСТУРИ - АМАЛДА!
Мактабдан қайтишда суҳбатимиз «Обод қишлоқ» дастури асосида аҳоли пунктларида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида бўлди.
- Мустақил юртимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби туманимизда ҳам «Обод қишлоқ» дастури бўйича амалий тадбирлар бошлаб юборилган. Айни пайтда «Меҳробод», «Наврўз» маҳалласидаги «Илонсой» қишлоқлари бугун катта қурилиш-ободликка юз тутмоқда, - дейди Шуҳрат Ўроқович, - уйларнинг ташқи фасади таъмирланиб, бир хил рангга бўяб чиқилмоқда. Ҳудудда электр таъминотини яхшилаш мақсадида янги трансформаторлар ўрнатилмоқда. Фақатгина «Меҳробод» қишлоғидаги уй-жойларни таъмирлаш учун 2 миллиард 47 миллион сўм маблағ сарфланди. Йуллар равон, кенг ва асфальт ётқизилди.
«Илонсой»лик кичкинтойлар учун 75 ўринли мактабгача таълим муассасаси бунёд этилмоқда. Тоза ичимлик сув билан таъминлаш мақсадида 210 метр чуқурликдан артезиан қудуқ ковлашди. Яқин кунларда қишлоқ аҳли ичимлик сувидан баҳраманд бўлишади. Умуман, «Обод қишлоқ» дастури асосида жойлардаги мавжуд муаммолар ўрганилиб, одамлар учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар режаси тузилиб амалга оширилмоқда. Мавжуд муаммоларни биргаликда бартараф этиш, маслаҳат билан иш тутиш халқимизга хос фазилатлардан. Шунинг учун ҳар куни эрталаб 90 ёшли падари бузургворим Ўроқбободан дуо олиш пайтимда нима қилишни маслаҳат сўрайман. Отам ҳар гал халқ билан бирга бўлиш, нуронийлар кўрсатган йўлдан боришни эслатади. Яна бир гап. Бизда 4та сектор бор. Муамммоларни ҳал қилишда «бу сенинг вазифанг» ёки менга дахли йўқ иш» демаймиз. Аҳиллик билан бирга мавжуд камчиликларни бартараф этамиз. Шу боис аҳоли пунктларида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик, ободончилик, аҳоли турмуши, яшаш тарзидаги ўзгаришлар дилларга ғурур-ифтихор, кўнгилларга ҳузур-ҳаловат бағишлайди.
Сув - ҳаёт манбаи ва аллоҳнинг муқаддас марҳаматидир. Лекин бу йилги табиат инжиқликлари ва сув танқислиги катта муаммоларни юзага келтирганидан хабардормиз...
- Туман ҳудудида 30-40 йил аввал «Наврўз» насос станцияси бунёд этилган, афсуски, ушбу ҳаётий зарур иншоот ўз ҳолига ташлаб қўйилган экан, - деди суҳбатдошимиз. - Биз вилоят ва республикадаги масъул шахсларга мурожаат этиб, насос станциясини капитал таъмирлаш учун моддий ёрдам сўрадик. Илтимосимиз ижобий ҳал этилиб, 400 миллион сўм маблағ ажратилди. Насосга иккинчи ҳаёт бағишланди. Шунингдек, ирригация тизимларида таъмирлаш, янги лотоклар олиш, айниқса суғоришда эгилувчан қувурлардан фойдаланишга маблағ ажратилиши деҳқонларимизга катта кўмак бўлди. Амалий ёрдамлар натижасида мавжуд сув танқислигини енгиб, кўзланган ҳосилни етиштиришга имкон яратилди, чунки маҳаллий сабзавот экинларини парвариши «обчакори», яъни сув билан ишлаш дейишади. Ички ишлар ходимлари секторлар ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш билан бирга, агротехник тадбирларни бажаришда, сув исрофгарчилиги ва ғайриқонуний фойдаланиш ҳолатларини қатъий назоратга олишди.
Ҳамжиҳатлик бор жойда қут-барака, юксалиш бўладида. Жойи келганда шуни айтмоқчимизки, сувнинг сероблиги, тоза-озодалиги кўп жиҳатдан ариқ-зовурлар, ирригация иншоотлари ҳолатига боғлиқ. «Мироб бўлсанг ҳам сароб бўл» деган ҳикматда жон бор. Вақт-вақтида ариқ, ҳовуз, каналлар тозаланиб турилса, ҳовлилар, томорқалар, далаларга оби ҳаёт бемалол етиб боради. Бефарқлик, эътиборсизлик ўзимизга панд беради, ортиқча ташвиш, муаммо туғдиради.
РАҒБАТ ВА ЭЪТИБОР - САМАРАДОРЛИК ОМИЛИ
Мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги ва аҳолининг муносиб ҳаёт кечиришини таъминлашда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, ер майдонларидан самарали фойдаланиш алоҳида ўрин тутади. Шу боис, айни пайтда жонажон мамлакатимизда бўлгани каби туманда ҳам тадбирорлик фаолияти билан шуғулланувчилар учун кенг имкониятлар, солиқ тўловларида бир қанча имтиёзлар тадбиқ этилмоқда. Сир эмас, авваллари қайта ишлаш, сақлаш, тайёр маҳсулотларни сотиш ва хизматлар кўрсатиш каби кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйиш, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини моддий-техника ресурслари билан таъминлаш ва уларга хизмат кўрсатишда фермер хўжаликлари олдида қатор муаммолар мавжуд эди.
- Туманимизда 750дан ортиқ фермер хўжалиги фаолият юритади, - деди туман раҳбари, - мен сизларни ёш, ташаббускор, илғор, шижоатли фермер ҳузурига олиб бораман. Шуҳрати туманда маълум, исми жисмига монанд - Шуҳратжон.
Суҳбатлашиб қандай тез «Гулобод агротехсервис» агрофирмасига қарашли «Ғафуров «S» боғлари деҳқон-фермер хўжалигига келиб қолганимизни сезмасдан қолдик. Ям-яшил боғлар. Узумзор. Кўп ҳосилдан шохлари ҳаччага кўтарилган олма, шафтолу, қаролу ва бошқа хил мевали дарахтлар диққатимизни ўзига тортди. Бизлар табиат инъомларига ҳавас билан қараб, боғбонларнинг олтин қўллари ва пешона тери эвазига етиштирилганига ишонч ҳосил қилдик. Бир зумда Шуҳрат Ғафуров ва «Гулобод агротехсервис» агрофирмаси раҳбари Отабек Илёсов бузларни кутиб олиб дала шийпонига йўл бошлади.
- Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар бизларга ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда, - деди Отабек Илёсов. - Айниқса, «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб қувватлаш йили»да ишбилармонларимиз сафи янада кенгайиб, кўплаб хонадонлар қўшимча даромад манбаига эга бўлишмоқда.
- Аммо муваффақиятга эришиш кишининг ўзига боғлиқ, - деди Шуҳрат Ғафуров, - ўтган йили 400 миллион сўмлик кредит маблағи эвазига тадбиркорлик фаолиятимизни бошладик. Хитой давлатига бориб парранда боқиш учун озуқа тайёрлаш асбоб-ускуналарини олиб келдим. Самарқанд чет тиллар Институтини битирганим, хитой тилини мукаммал билишим қўл келди. Хитойлик ҳамкорлар билан янги, замонавий омухта ем ишлаб чиқариш цехини ишга туширдик. Ўзимиз ҳам 10 минг жўжа боқаяпмиз. Ҳозирга қадар давлатдан 80 миллион сўм қарз қолди, халос.
Айни пайтда бизнинг тасарруфимизда 10 гектар ер бўлиб, уларнинг ҳар қаричидан самарали фойдаланмоқда. 3,5 гектар ғалла майдони ўрнига такрорий экин парваришланмоқда.
Хитой, Испания, Германия, Белгия, Коррея, Россия, Латвия, Литва ва бошқа давлатларда сафар қилишим, хорижий тадбиркорлар тажрибасини ўрганишим яхши самара бермоқда. 24 ёшда тадбиркорлик билан шуғулланиши ҳам масъулият, ҳам ўзини кўрсатишни талаб қилар экан.
- Фақатгина 2018-2019 йилларда туманда мева-сабзавотчилик йўналишида халқаро молия ташкилотлари кредит маблағлари ҳисобидан умумий лойиҳа қиймати 17242,5 минг долларлик дастурлар режалаштирилган, - суҳбатга қўшилди Шуҳрат Ўроқович, - ушбу маблағлар Шуҳрат Ғафуров сингари тадбиркорларга тақсимлаб берилди. Ишончим комилки, улар Ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги ва турмушимиз яхшиланишига сарфланади, чунки юртбошимиз танланган йўл юксак марраларга элтиши муқаррардир.
Нормурод КАРИМОВ,
Зоҳир ҲАСАНЗОДА
Суратларда: туманимиз буюк ва муқаддас байрам арафасида.
Бекзод Қодиров олган суратлар
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.