Тарихан бизга маълумки, ҳар қандай давлатнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқининг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшларга бериладиган эътибор даражасига боғлиқ бўлади.
Шу боис бизнинг мамлакатимизда ҳам ёшларнинг орзу-интилишларини инобатга олган ҳолда уларга барча зарурий шарт-шароитларни яратиб бериш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Биз биргина "Ёшлар дафтари" орқали ёшларга берилаётган бир қатор имтиёз ва қулайликлар ҳақида фикр юритмоқчимиз.
Аввало кимлар ёшлар бўлиб ҳисобланишига аниқлик киритиб олсак, демак амалдаги қонунчилигимиз, яна ҳам аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, "Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида"ги Қонунимизга кўра ўн тўрт ёшга тўлган ва ўттиз ёшдан ошмаган шахслар ёшлар деб эътироф этилади.
Сўнгги йилларда ёшларга берилаётган имтиёз ва имкониятлар ҳақидаги фикримизни ҳурматли Президентимизнинг ёшларни қўллаб-қувватлаш юзасидан қабул қилинган айрим ҳужжатларига асосланиб баён этсак, айни муддао бўларди.
Хусусан, Президентимизнинг 2021 йил 20 апрелдаги "Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони билан 2023 йил 1- январга қадар нодавлат секторида бўлган иш берувчиларга улар томонидан 25 ёшдан ошмаган ходимлар учун тўланган ижтимоий солиқ суммасини давлат бюджетидан тўлиқ қайтариб олиш имконияти берилди.
Бундан ташқари, 2021 йил 1-майдан "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилишга зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилишлари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 40 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда субсидиялар ажратилади, айни вақтда ушбу дафтарга киритилган ишсиз ёшларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига давлат мулкини ижарага олишда ижара тўловларидан имтиёзлар тақдим этилади.
Шунингдек, 2021 йил 1-июндан бошлаб "Ёшлар дафтари"га киритилган тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун бино ва иншоотларни ижарага олган ёш тадбиркорларга бир йиллик ижара харажатларининг 30 фоизи, бироқ БҲМнинг 25 бараваригача бўлган миқдорда компенсация қилинади.
Яна бир имконият, унга кўра 2021 йил 1-июндан бошлаб тегишли банклар (АТ "Халқ банки", АТ "Алоқа банк" ва "Микрокредитбанк" АТБ) томонидан "Бир миллион дастурчи" лойиҳаси доирасида ўқув курсларини муваффақиятли тугатган ва сертификат олган ёшларга компьютер харидлари учун БҲМнинг 25 бараваридан кўп бўлмаган миқдорда истеъмол кредитлари ажратилади.
Шу ўринда, ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишларнинг аввалида давлатимизнинг уларни билимини оширишга бўлган шарт-шароитларни яратиш сиёсати устун бўлиб турибди десак, янглишмаган бўламиз.
Биз буни биргина "Ёшлар дафтари" мисолида қуйидагиларда кўришимиз мумкин.
"Ёшлар дафтари"га киритилган ёшларнинг хорижий тиллар ва умумтаълим фанлар бўйича нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ умумий ҳисобда БҲМнинг 5 бараваригача бўлган миқдори ҳамда улар бўйича миллий сертификатлар олиш учун ўтказиладиган имтиҳонларни топшириш харажатлари ҳам компенсация қилинади.
Профессионал таълим ташкилотлари таҳсил олаётган "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшларга улар ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш корхоналарида амалиёт ўтаган вақтида, бироқ олти ойдан кўп бўлмаган муддатда профессионал таълим ташкилотлари томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорида ҳар ойлик субсидия ажратилади.
"Меҳрибонлик" уйлари тарбияланувчилари ҳамда "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшларнинг ҳайдовчилик курсларида ўқиш харажатлари БҲМнинг 4 баравари миқдоригача ва сафарбарлик чақируви резерви хизмати бадали давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
Хусусий корхона ва ташкилотларга ишга қабул қилинган ҳамда фаолиятини бошлаганига олти ойдан ошмаган "Ёшлар дафтари"га киритилган ёшларни қайта тайёрлов курсларида ўқитиш билан боғлиқ бўлган харажатларнинг бир қисми ҳам (БҲМнинг 4 бараваригача бўлган) давлат бюджети маблағлари ҳисобидан компенсация қилинади.
Ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан, ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи Давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, бугунги кунда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида бугунги кунда ёшларимизга яратилаётган барча имтиёз ва имкониятлар эртанги кунимизга замонавий фикрлайдиган, қатъий позицияга эга, ҳар томонлама маънан етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи ёшларни етишиб чиқишига мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.
Рамиш ЎЛМАСОВ,
туман адлия бўлими
бош маслаҳатчиси,
3-даражали юрист.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.