Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ХОТИРАСИ МАНГУ ЁДИМИЗДА...

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги ҳамда Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 26 йиллигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Қуролли Кучлар академияси ўқитувчилари, тингловчилар, курсантлар, санъаткорлар қатнашди. Тадбир иштирокчилари Биринчи Президентимиз ҳайкали пойига гуллар қўйди, халқимизнинг азиз фарзанди, мустақиллигимиз асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби сиймосига ҳурмат бажо келтирди.
Давра суҳбати иштирокчилари Ислом Каримов раҳнамолигида қисқа муддатда мутлақо янги асосда Ўзбекистон Қуролли Кучлари шакллантирилгани, мудофаа тизимининг ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилганини таъкидлади.
Биринчи Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимиздаги ҳарбий билим юртлари сифат жиҳатдан такомилга етказилди. Уларда Ватанимиз сарҳадларини ҳимоя қилиш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, тинчлигимизни сақлашга қодир 30 га яқин йўналишда ҳарбий мутахассислар тайёрлаш тизими йўлга қўйилди, ҳарбийларга кенг имтиёз ва зарур шароитлар яратилди. Том маънода профессионал миллий армиямиз ташкил этилди.
Бугун бу жараён янги босқичда давом этмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси янгиланган ҳолда қабул қилинди. Миллий гвардия ва Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси ташкил этилди, ҳарбий округларнинг таркибий тузилмаси ва вазифалари қайта кўриб чиқилди, қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди. Армиямизни замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш, ҳарбийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар тизимли амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари Темир Ширинов тадбир иштирокчиларига мажмуа ҳақида маълумот берди. Таъкидландики, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан Ислом Каримов фаолият юритган қароргоҳ ёдгорлик мажмуасига айланди. Айни кунда мажмуада 120 дан зиёд ходим меҳнат қилмоқда.
Ўзбек Миллий академик драма театри актёрлари ва таниқли мақом санъати ижрочиларининг чиқишлари тадбир қатнашчиларида катта таассурот қолдирди.

У. АСРОРОВ,
ЎзА мухбири


Последнее редактирование: 22/01/2018 14:16;   Просмотров: 1285
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку