Кеча, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.
Сессияда узоқ туманлардан сайланган, кекса депутатлар ўз яшаш жойларидан, масофадан қатнашди. Эътиборли жиҳати, бу галги сессия илк бор ижтимоий тармоқлар орқали тўғридан-тўғри намойиш этилди ва жараённи бевосита кузатиб бориш имконияти яратилди.
Дастлаб вилоятдаги жиноят, фуқаролик, маъмурий ишлари бўйича ва иқтисодий судларнинг 2020 йил биринчи ярим йилликдаги фаолияти бўйича вилоят судлари раисларининг ахбороти эшитилди.
Депутатлар, шу билан бирга ижтимоий тармоқлар кузатувчилари ахборотлар юзасидан суд раисларига савол бериб, жавоб олдилар.
Шунингдек, сессияда вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ш.Раҳмонов вилоят ҳудудида жамоат тартибини сақлаш ва карантин тадбирлари талабларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш юзасидан ахборот берди. Вилоятда “Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган манзилли чора-тадбирлар” дастурининг туман ва шаҳарлардаги ижроси кўриб чиқилди.
Сессияда халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши котибиятини ташкил этиш масаласи муҳокама этилди.
– Жорий йилнинг январь ойида Олий Мажлис Сенатининг дастлабки ялпи мажлисида давлатимиз раҳбари маҳаллий кенгашлар фаолияти самарадорлигини ошириш, уларнинг назорат фаолиятини кучайтириш бўйича муҳим таклифларни билдирган эди, – деди халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши раиси Э.Турдимов. – Хусусан, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашини намунали кенгашга айлантириш ташаббуси билдирилган эди. Шундан келиб чиқиб, вилоят Кенгаши котибиятини тузишга таклиф этилмоқда. Уч кишидан иборат котибиятга депутатлар орасидан сайланадиган котибият мудири раҳбарлик қилади. У вилоят Кенгаши раиси ўринбосари даражасида бўлади. Иш ҳақи, транспорт ва бошқа масалаларда вилоят ҳокими ўринбосари даражасига тенглаштирилади. Сессияларни ташкил этиш, Кенгаш ва доимий комиссиялар иш режаларни шакллантириш, уларнинг ижросини мувофиқлаштириш бориш, умуман, Кенгаш фаолияти билан боғлиқ ташкилий, ҳуқуқий, ахборот-таҳлилий фаолият котибият зиммасида бўлади. Энг муҳими, бу маҳаллий кенгашнинг ижро ҳокимиятидан мустақил қилиш йўлидаги дадил қадамдир.
Депутатлар халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши котибияти тўғрисидаги Низом, Кенгашнинг 2020 йил иккинчи ярим йиллигига мўлжалланган иш режаси, котибият ходимларининг штатлар жадвалини тасдиқладилар.
Шундай тартиб халқ депутатлари Самарқанд шаҳар ва Оқдарё туман Кенгашларида ҳам намунавий тарзда жорий этилиши, маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштириладиган доимий асосда ишловчи Кенгаш котибияти тузилиши белгиланди.