Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Халқ депутатлари Самарқанд тумани Кенгашининг Қ А Р О Р И

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги
Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати
вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасидан келиб чиқадиган халқ
депутатлари Самарқанд туман Кенгаши, унинг доимий комиссиялари, депутатлари ҳамда сиёсий партиялар депутатлик гуруҳларининг устувор вазифалари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видоселектор йиғилишидаги "Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак" номли маърузаси халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятида ҳам туб бурилиш ясашга хизмат қиладиган том маънодаги тарихий аҳамият касб этувчи дастуриламал бўлди.
Маърузада парламент, сиёсий партиялар, маҳаллий вакиллик органлари ва уларнинг депутатлик гуруҳлари, Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш йўллари белгалиб берилди.
Кейинги йилларда Самарқанд туманидаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг халқ депутатлари туман Кенгашида ҳисобот ва ахборот бериш тартиби йўлга қўйилиб, улар фаолияти устидан депутатлик назоратини йўлга қўйиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Прокуратура, ички ишлар органлари, соғлиқни сақлаш, халқ таълими бўлимлари фаолияти юзасидан ахборот ва ҳисоботларни эшитиб бориш бўйича амалга оширилган ишлар шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, жойлардаги долзарб ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этиш, фуқароларни ташвишга солаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш юзасидан депутатларнинг масъулияти бирмунча кучайтирилди.
Бироқ, Давлатимиз раҳбарининг маърузасида асосли равишда танқид қилинганидек, вакиллик органлари, хусусан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, шунингдек сиёсий партияларнинг жойлардаги Кенгашлари, депутатлик гуруҳлари ҳамда депутатлар ўз ваколатларини тўлиқ ва самарали амалга оширмаяпти.
Бундай ҳолат халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва унинг доимий комиссиялари, сиёсий партияларнинг депутатлик гуруҳлари фаолиятига ҳам хосдир.
Хусусан, 2017 йилнинг ўтган даврида туман Кенгашининг сессияларида прокуратура, ички ишлар органлари ҳамда соғлиқни сақлаш тизимлари фаолиятининг айрим йўналишларидан ташқари, туман учун долзарб ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган масалалар муҳокама этилмади.
Ваҳоланки, туманда бир қатор долзарб масалалар, аҳолини ташвишга солаётган муаммолар мавжуд.
Туман Кенгашидаги бирорта сиёсий партиянинг депутатлик гуруҳи ёки аграр, сув хўжалиги ва экология ҳамда саноат, транспорт, қурилиш, коммунал ва аҳолига хизмат кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссиялари ушбу йўналишларда ташаббус билан чиқмаган.
Туманда иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини таъминлаш, шу мақсадда тадбиркорлик фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш ишлари ҳам аксарият ҳолларда депутатлик корпуси эътиборидан четда қолиб келмоқда.
2016 йилда рўйхатдан ўтган 423 нафар якка тартибдаги тадбиркорнинг меҳнат дафтарчаси юритилмаган ва бу билан уларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари поймол этилган.
Жорий йил биринчи ярмида 83 та кичик бизнес субъектининг фаолияти тугатилгани қарийб 156 та иш ўрни йўқотилишига сабаб бўлган.
Иқтисодиёт ва тадбиркорлик ривожи йўлидаги бу каби жиддий тўсиқ ва муаммоларга туман Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси бефарқ қараб келган.
Турли ҳисобот ва маълумотлардаги рақамларга қарши ўлароқ, бугунги кунда боғча ёшидаги болаларнинг бор-йўғи 16,6 фоизи мактабгача таълим муассасаларига амалда қамраб олинган.
Аксарият мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базаси, малакали педагог-мутахассислар билан таъминланганлик даражаси қониқарсиз аҳволда.
Чунончи, 33 та мактабгача таълим муассасасининг 11 тасида ички ҳожатхона мавжуд эмас.
Барча мактабгача таълим муассасаларида биринчи навбатда зарур бўлган тиббий, спорт жиҳозлари ва ўйинчоқлар етишмайди.
Болаларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда белгиланган нормаларга тўлиқ риоя этилмаяпти.
Педагог-мутахассисларнинг масъулиятини кучайтириш чоралари вақтида кўрилмагани оқибатида улар ўз вазифасига жиддий ёндашмаяпти.
Тумандаги 53 та умумтаълим мактабининг 12 таси капитал, 18 таси жорий таъмирга муҳтож, 32 та мактаб газлаштирилмаган ва уларда иситиш тармоғи ўтказилмаган.
Таълим муассасалари, жумладан касб-ҳунар коллежлари фаолиятига ҳам хос бўлган бошқа жиддий камчилик ва муаммолар ҳам мавжуд.
Бироқ, бундай муаммолар ечимига оид таклиф ва ташаббуслар туман Кенгашининг ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш ёки ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари доимий комиссиялари томонидан Кенгаш муҳокамасига бирор марта киритилмаган.
Аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилиш, бу борада тиббиёт ходимларининг масъулиятини ошириш, жавобгарлигини таъминлаш бўйича ҳам қатор муаммолар мавжуд.
Жумладан, тумандаги соғлиқни сақлаш муассасаларида мутахассислар етишмаслиги билан боғлиқ муаммолар қатор йиллардан буён ўз ечимини топмаяпти.
Тиббиёт муассасаларида фтизиатр, психиатр, онколог, гематолог ва бошқа тор мутахассислар ҳамда умумий амалиёт шифокорларига эҳтиёж катта.
Туман тез тиббий ёрдам бўлимига 4 та тиббий ёрдам машинаси етишмайди.
Шуниси ачинарлики, рентген натижаларини тушириш учун оддий пленкалар етишмаслиги сабабли, беморлар орасида норозиликлар кузатилмоқда.
Тумандаги оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктлари мувофиқлаштирилишига қарамай уларнинг иш фаолияти ҳанузгача ўзгаргани йўқ, бунинг исботи туман ҳокимлигига соғлиқни сақлаш масалалари бўйича эътирозлар камаймаётганидан далолат бермоқда.
Мисол учун, биргина Ангаролмос маҳалласида яшовчи биринчи гуруҳ ногиронининг умр йўлдоши Р.Пулатова бир неча бор тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган бўлсада аммо раҳбариятнинг бефарқлиги сабабли битта тор мутахассисни бемор уйига юбора олмаслик ёки биринчи гуруҳ ногирони Оқмасчит маҳалласида яшовчи Ҳ.Юлдашов ҳолидан бирор бир тиббий ходимнинг хабар олмаслик бунинг яққол мисолидир.
Бу каби мисолларни ўнлаб келтириш мумкин. Агарда жойларда тиббиёт ходимлари халқ билан учрашиб уларнинг дардини эшитмас экан, аҳволни ўнглаш қийинлигича қолади. Зеро Юртбошимиз Ш.М.Мирзиёев ҳар бир раҳбар халқ олдида хисобот бериш тизимини йўлга қўйган эканлар, негадир тиббиёт муассасалари раҳбарлари унга итоат қилмаяптилар.
Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Ф.Валиев ҳамда жойлардаги ҚВП мудирлари халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан ташкил этилаётган сайёр қабулларда иштирок этганида эди, бу холатларнинг гувоҳи бўлар эди.
Патронаж хизматидан самарали фойдаланган ҳолда аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришга зарур эътибор қаратилмаяпти.
Инсон саломатлиги билан бевосита боғлиқ бўлган ободонлаштириш, чиқиндиларни олиб чиқиш ва қайта ишлаш, туманда санитария ҳолатини меъёрида таъминлаш бўйича ҳам камчиликлар мавжуд.
Ҳатто туман тиббиёт бирлашмасининг ўзида чиқиндилар махсус белгиланган жойга ташланмагани оқибатида ходимлар ва аҳоли ўртасида юқумли касалликлар тарқалиш хавфи юзага келган.
Органик операцион чиқиндилар (инсон аъзолари, тўқималар ва ҳоказо) белгиланган қоидаларга мувофиқ қабристоннинг махсус жойида эмас, бирлашманинг ҳовлисида кўмилмоқда.
Туманда чиқиндиларни қайта ишловчи бирорта корхона мавжуд эмас. Ободонлаштириш бошқармасининг ижарадаги биноси ва унинг атрофининг ўзи ободонлаштиришга муҳтож.
Тумандаги бозор ва савдо мажмуалари, овқатланиш шахобчаларида санитария қоидаларига тўлиқ риоя этилмаяпти. Жумладан, 25-28 июль куни ўтказилган ўрганишлар жараёнида тез айнийдиган гўшт ва гўшт маҳсулотлари, бошқа озиқ-овқатлар белгиланган талабларга номувофиқ ҳолда сотилаётгани аниқланди.
Бу каби яна кўплаб камчиликлар оқибатида туман аҳолиси ўртасида хавфли касалликларга чалинишни сезиларли камайтиришга эришилмаяпти.
2016 йилнинг 6 ойида 11 нафар гўдакнинг ўлими қайд этилган бўлса, жорий йил ярмида ушбу кўрсатгич 3 та кўпайган (14 та).
Бир ёшдан 14 ёшгача бўлган болалар ўлими қайд этилмаган.
Туман Кенгаши, хусусан унинг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш, Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари доимий комиссиялари эса бу каби муаммоларнинг сабабларини ўрганиб, танқидий таҳлил асосида таъсирчан чораларни етарли даражада кўриб бормаган.
Туманда жиноятчиликка қарши кураш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида олиб борилаётган ишларни ҳам етарли деб бўлмайди.
Жорий йилнинг 6 ойи давомида 168 та жиноят содир этилган ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан бор-йўғи 0,1 фоизга камайган.
Гиёҳвандлик (8-14), номусга тегиш (0-1) жиноятлари камайган
Фирибгарлик (18-14), безорилик (1-0), жиноятларининг сони ошган.
Шуниси ташвишлики, жорий йилнинг биринчи чорагида жами маҳаллаларнинг 53 тасида жиноят содир этилган бўлса, бу салбий кўрсаткич ярим йил якунлари бўйича 2 тага камайган.
15 та жиноят аёллар томонидан содир этилган, доимий яшаш манзилларидан жами 11629 нафар узоқ муддатларга чиқиб кетганларнинг 3586 нафари хотин-қизлар бўлса, аёллар ўртасида ўз жонига қасд ва суиқасд қилганлар сони 6 нафарга кўпайган.
Туман бўйича 63 нафар диний экстремистик оқим аъзолари махсус ҳисобга олинган.
Ички ишлар бўлимида профилактик ҳисобда турган шахслар сони 2087 нафарга етган, 664 нафар спиртли ичимликка, 51 нафар гиёҳвандликка ружу қўйганлар аниқланган.
Таълим муассасаларига келишдан бош тортган 18 нафар ўқувчидан 14 нафари таълимга қайтарилган. Ҳисобга олинган вояга етмаганларнинг 1 нафари жиноят ва 47 нафари ҳуқуқбузарлик содир этган.
Болаларини таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажармаётган 842 нафар ота-онага нисбатан тегишли чоралар кўрилган.
Ўтган 6 ой давомида 2074 та маъмурий жавобгарлик ҳолати қайд этилган.
Тумандаги бундай нохуш вазиятнинг сабаблари маҳаллий депутатлик корпуси, хусусан туман Кенгашининг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси томонидан чуқур таҳлил этилиб, бу борадаги ҳолатни яхшилашга қаратилган таъсирчан қарорлар қабул қилинмаган.
Бундан ташқари, мазкур доимий комиссия томонидан халқ депутатлари туман Кенгашининг 2017 йил 16 июндаги "Самарқанд тумани Ички ишлар бўлимининг жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасидаги фаолиятини ўрганиш якунлари тўғрисида"ги 122/31-сонли қарори ижроси юзасидан депутатлик назорати йўлга қўйилмаган.
Оқибатда мазкур қарордаги муҳим вазифалар ижроси ўз вақтида таъминланмаяпти.
Туманда ёшларга оид давлат сиёсатини тўлиқ ва самарали амалга ошириш борасида ҳам долзарб масалалар юзага келган.
Ёшлар ҳаётидаги ечилмаган ижтимоий муаммолар таҳлили ҳамда уларни бартараф этишга оид ташаббуслар туман Кенгашидаги сиёсий партияларнинг депутатлик гуруҳлари ва тегишли доимий комиссиялари томонидан фаол илгари сурилмаяпти.
Ёшларни, хусусан таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш, жумладан кам таъминланган ёш оилаларнинг ўз ишини очишга кўмаклашиш бўйича маҳаллий вакиллик органи етарли иш олиб бормаяпти. Бу борада банклар ва бошқа масъул тузилмалар фаолияти устидан таъсирчан депутатлик назорати йўлга қўйилмаган.
Турли мутасадди тузилмалар ҳисоботларида ёшлар бандилиги 80-90 фоиз атрофида таъминлангини қайд этилган бўлса-да, туман Кенгашининг бирорта доимий комиссияси ёки депутати бу кўрсаткичларнинг ҳаққонийлиги билан қизиқмаган.
Бундан ташқари, ҳокимнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари асосан бошқа давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан амалга оширилган айрим тадбирлар ҳақидаги маълумотларни қайд этиб қўйиш билангина чекланмоқда.
Айниқса, унинг уюшмаган ёшлар билан ишлаш, уларни иш билан таъминлаш борасидаги ишларини қониқарли деб бўлмайди.
Умуман олганда, туман Кенгаши доимий комиссиялари ва депутатлари долзарб масалаларни таҳлиллар асосида аниқлаб, уларни сессия муҳокамасига киритиб бориш бўйича ташаббус кўрсатмаяпти.
Доимий комиссиялар иш режаларидаги аксарият тадбирлар фақат қоғозда қолиб кетмоқда.
Мисол учун, туман Кенгашининг Ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича доимий комиссиясининг 2017 йил биринчи ярмига мўлжалланган иш режасидаги жами 6 та тадбирнинг бирортаси ижро этилганини тасдиқловчи маълумотлар мавжуд эмас.
Халқ билан амалий мулоқотни ўрнатиш, шу асосда сайловчиларни ташвишга солаётган муаммолар ечимига кўмаклашиш ишлари депутатлар томонидан лозим даражада амалга оширилмаяпти.
Жорий йилнинг ўтган даврида 28 нафар туман Кенгашининг депутати сайловчилар билан бор-йўғи 19 марта (2016 йилда – 98 марта) учрашув ўтказган, 42 нафар (2016 йилда – 144 нафар) фуқарони бевосита қабул қилган, уларнинг 8 та ёзма мурожаатини (2016 йилда – 24 та) кўриб чиққан.
Жумладан, депутатларимиз Васлиддинов Азамат Аслиддинович, Махмудова Манзура Рахимовна, Пулотов Махмуд Мухаммадиевич, Файзилов Меҳрож Мусинжонович, юқорида айтиб ўтилган масалалар бўйича қилинган ишларини кўрсатиб бўлмайди,
Ўтган 6 ой давомида депутат сифатида, депутатлик сўрови жўнатмаганини, фуқаролар билан қабуллар ўтказмаганини қандай тушуниш мумкин. Ушбу ҳолат орқали ҳам депутатлик регламенти ва одоби комиссиясининг фаолиятига баҳо бериш мумкин. Комиссия умуман ишламаган.
Ҳар бир сайлов округида фуқароларни ташвишга солаётган юзлаб муаммолар мавжуд бўлса-да, депутатлар уларни бартараф этиш юзасидан мутасадди тузилмаларга 19 марта (2016 йилда – 89 марта) мурожаат қилишган.
Бу борада депутатлик сўрови имкониятларидан лозим даражада фойдаланилмаяпти.
Бирорта сиёсий партиянинг туман кенгашидаги фаолиятини қониқарли деб бўлмайди.
Жумладан, Халқ демократик партиясининг туман кенгаши партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларини айнан туманда рўёбга чиқариш бўйича эътиборли бирон ишни амалга оширгани йўқ.
Партиянинг депутатлик гуруҳи томонидан, мисол учун, пенсионерлар, кам таъминланган аҳоли қатламлари манфаатларини таъминлашга қаратилган бирорта масала халқ депутатлари туман Кенгаши сессиялари муҳокамасига олиб чиқилмаган.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг туман кенгаши тадбиркор ва ишбилармонлар, жумладан ёш тадбиркорлар, фермерлар, хусусий мулк эгаларининг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини янада ишончли таъминлаш бўйича зарур ташаббуслар билан чиқмаяпти.
Мазкур партиянинг халқ депутатлари туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи эса Кенгаш ишидан деярли мутлақо четда қолган.
"Миллий тикланиш" демократик партияси туман Кенгаши Самарқанд туманининг географик жойлашуви, хусусан унинг Жомбой шаҳрига яқинлиги, ҳудуддан марказий магистрал автомобиль йўли, темир йўл ўтишини инобатга олиб, туризм ва дам олиш масканлари барпо этиш каби муҳим масалалар юзасидан ҳеч қандай таклиф ва ташаббус билан чиқмаяпти.
Мазкур партиянинг депутатлик гуруҳи аъзолари эса ўз ваколат ҳамда вазифалари тўғрисида тўлиқ тасаввурга ҳам эга эмаслар.
"Адолат" социал-демократик партиясининг туман Кенгаши ҳам партия номи ва дастурий мақсадларига мос равишда фаолият олиб бормаяпти.
Айниқса, ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат органлари фаолиятида қонунийликни тўлиқ таъминлашга қаратилган ишлар самарадорлигини ошириш партиянинг туман кенгаши эътиборидан четда қолмоқда.
Партиянинг халқ депутатлари туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳи томонидан фуқароларда қонунга ҳурмат ва итоат руҳини қарор топтириш, шу асосда уларда давлатга ишончни мустаҳкамлашга қаратилган биронта долзарб масала сессия муҳокамасига киритилмаган.
Сиёсий партиялар туман кенгашларининг иш режаси партиялар дастурига мос бўлса-да, уларнинг ижроси ўз вақтида ва сифатли таъминланмаган. Бирорта режанинг тўлиқ бажарилганлиги юзасидан маълумот ва таҳлиллар мавжуд эмас.
Туман кенгашларининг бошланғич партия ташкилотлари билан узвий ва самарали алоқаси тўлиқ йўлга қўйилмаган. Бошланғич партия ташкилотлари ишини аниқ мақсадларга йўналтириш ишлари талаб даражасида эмас.
Сиёсий партияларнинг туман кенгашлари моддий-техник базаси қониқарсиз аҳволда, уларда кадрлар қўнимсизлиги юзага келган.
"Адолат" социал-демократик партияси туман Кенгаши ўз биносига эга эмас, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг туман кенгашининг биноси эса таъмирталаб аҳволга тушиб қолган.
Бирорта партия кенгаши замонавий компьютер, мебель ва бошқа жиҳозлар билан тўлиқ таъминланмаган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев маърузасида белгилаб берилган вазифаларнинг сўзсиз ва самарали ижро этилишини таъминлаш, бу борада халқ депутатлари туман Кенгаши, унинг доимий комиссиялари, депутатлари, сиёсий партияларнинг туман кенгашлари ва улар депутатлик гуруҳларининг масъулиятини янада кучайтириш мақсадида "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси
Қонунининг 6-моддасига мувофиқ халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши
Қ А Р О Р Қ И Л А Д И :
1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги "Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак" номли маърузаси халқ депутатлари туман Кенгаши, унинг доимий комиссиялари, депутатлари, сиёсий партияларнинг туман кенгашлари ва улар депутатлик гуруҳлари учун яқин истиқболга мўлжалланган дастуриламал сифатида қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгилаб берилган устувор вазифаларни Самарқанд туманида амалга оширишнинг 2017–2019 йилларга мўлжалланган дастури (бундан буён матнда Дастур деб юритилади) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Дастур ижроси юзасидан мониторинг олиб борувчи ишчи гуруҳ таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ишчи гуруҳ ҳар ойда Дастур ижроси юзасидан таҳлилий маълумотларни халқ депутатлари туман Кенгашига киритиб борсин.
4. Қуйидагилар халқ депутатлари туман Кенгаши фаолиятининг устувор йўналишларидан этиб белгилансин:
туман Кенгаши томонидан ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда долзарб ҳисобланган қарорларни (ҳудудий йиллик дастурлар, маҳаллий бюджет ва бошқалар) қабул қилишда жамоатчилик ва сайловчиларнинг кенг иштирокини таъминлаш;
туман Кенгаши депутатларининг депутатлик назоратини кучайтириш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий аҳамиятга эга бўлган давлат ва ҳудудий дастурлар ижросини сўзсиз таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, туман Кенгаши сессияларида маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳисобот ва ахборотларини мунтазам равишда эшитиб бориш амалиётини кучайтириш;
давлат ва ҳудудий дастурларнинг ижро этилишини таъминлашда депутатларнинг депутатлик сўровини юборишга доир фаолиятини кучайтириш;
депутатлар томонидан жойлардаги ҳақиқий ҳолатни ўрганишда аниқланган, туман даражасида ҳал этилиши керак бўлган муаммоларни ечиш бўйича зарур чоралар кўриш;
ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ривожига дахлдор бўлган долзарб масалаларни ҳал этиш борасидаги ташаббускорликни ошириш;
ёшлар билан ишлаш, оила ва аёллар масаласи бўйича олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини ошириш;
мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонунлар, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари мазмун-моҳиятини депутатлар томонидан фуқароларга тушунтириш ишларини узлуксиз равишда амалга ошириб бориш.
5. Халқ депутатлари туман Кенгаши доимий комиссиялари:
бир ҳафта муддатда ушбу қарорда қайд этилган камчиликларни инобатга олган ҳолда, ўз иш режаларини қайта кўриб чиқсин ҳамда уларнинг янгиланган лойиҳаларини туман Кенгаши сессияси муҳокамасига киритсин;
ўз фаолият йўналишларидан келиб чиқиб, Дастурнинг тегишли бандлари ижроси масъул тузилмалар томонидан ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан қатъий депутатлик назоратини йўлга қўйсин;
доимий комиссияларнинг ҳар ойда ўтказиладиган мажлисларида Дастур ижроси юзасидан масъул тузилмалар раҳбарларининг ахборотини эшитиб борсин;
доимий комиссиялар аъзоларининг ўз ваколатларини қай даражада амалга ошираётгани юзасидан мониторингни йўлга қўйсин ва натижалар ҳақида ҳар ойда туман Кенгаши раисига маълумот киритсин;
доимий комиссиялар ҳузурида фаол, ёш олим, эксперт ва мутахассислардан иборат таркибда эксперт гуруҳларини тузсин ва уларни доимий комиссиялар фаолиятига, хусусан ҳудуд учун муҳим бўлган масалаларни ўрганиш жараёнларига кенг жалб қилиб борсин;
назорат-таҳлил тадбирларини кўпроқ жойларда, айниқса, чекка ҳудудларда аҳоли билан мулоқот асосида ўтказиб борсин.
6. Халқ депутатлари туман Кенгашидаги сиёсий партияларнинг депутатлик гуруҳларига қуйидагилар тавсия этилсин:
ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида ўз сиёсий партиялари дастуридан келиб чиққан ҳолда устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган аниқ таклиф ва ташаббусларни фаол илгари суриш;
сиёсий партияларнинг мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, давлат бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмалари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолияти устидан тизимли ва таъсирчан назоратни йўлга қўйиш;
сайловолди дастурларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида депутатлик гуруҳлари раҳбарлари томонидан ҳар чоракда оммавий ахборот воситалари, жумладан "Гулобод тонги" газетаси орқали сайловчиларга ахборот бериб бориш амалиётини йўлга қўйиш;
ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир йиллик дастурлар, келгуси йилга мўлжалланган маҳаллий бюджет лойиҳаси ва ҳудуд учун муҳим бўлган бошқа дастурларни қабул қилишда сайловчилар, партия электорати, турли табақа ва гуруҳларнинг манфаатлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб, ушбу масалаларда ўз принципиал позициясини баён этиш.
7. Сиёсий партияларнинг туман кенгашларига қуйидагилар тавсия этилсин:
бир ҳафта муддатда ушбу қарорда қайд этилган камчиликларни инобатга олган ҳолда, иш режаларини қайта кўриб чиқиш;
сайловолди дастурларини тўла ва самарали бажариш, бунинг учун ташаббускорликни кучайтириш, туман ижтимоий-сиёсий ҳаётида, фуқаролар онгида ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллаш учун аҳоли ва электорат билан тизимли мулоқотлар ўтказиш;
ўз дастуридаги вазифалардан келиб чиқиб, давлат бошқаруви органларининг ҳудудий тузилмалари билан тизимли ва доимий ишлашни йўлга қўйиш, уларнинг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини, шунингдек ўз депутатлик гуруҳлари орқали самарали депутатлик назоратини амалга ошириб бориш;
аҳоли билан мулоқот, тарғибот-ташвиқот ишларини, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни кучайтириш бўйича зарур чораларни кўриш;
партиялар ташкилоти қошидаги "Ёшлар қанотлари"нинг фаолиятини тубдан кучайтириш, айниқса, уюшмаган ёшлар билан яқиндан, бевосита иш олиб бориш тизимини йўлга қўйиш;
маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳларининг фаолиятини танқидий таҳлил қилиш, улар билан тизимли ҳамкорликни йўлга қўйиш.

8. Туман ҳокимининг ўринбосарлари, давлат бошқаруви органларининг туман бўлимлари раҳбарлари:
туман Кенгаши депутатларининг депутатлик сўровларини ўз вақтида, тўлиқ ҳамда сифатли кўриб чиқсин ҳамда натижалари юзасидан қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлардан кечиктирмасдан жавоб йўлласин;
туман Кенгаши доимий комиссиялари сўровига биноан улар томонидан ўтказиладиган назорат-таҳлил ва бошқа тадбирларни сифатли тайёрлаш учун доимий комиссиялар тузадиган ишчи гуруҳлар таркибига мутахассисларни тавсия этиб борсин;
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари томонидан жойларда ўтказилаётган ҳақиқий ҳолатни ўрганишга доир назорат тадбирларида аниқланган ва туман даражасида ҳал этилиши мумкин бўлган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўриб борсин.
9. Туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Ф.Норов, ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Р.Раджабов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи А.Сулаймонов, халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири К.Тоҳиров, Самарқанд туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Ф.Валиев, туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ш.Одилов ушбу қарорда қайд этилган тегишли камчиликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар режаларини бир ой муддатда тасдиқласин ва туман Кенгашига тақдим этсин.
10. Туман ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари А.Раджабов ҳамда девонхона мудири Ш.Бурхонов бир кун муддатда мазкур қарорнинг депутатлар, масъул ижрочилар ҳамда туман ташкилотларига етказилишини таъминласин.
11. Ушбу қарор ижроси юзасидан назорат олиб бориш халқ депутатлари туман Кенгаши раисининг ўринбосари А.Умаров ҳамда туман ҳокимлиги ташкилий-назорат гуруҳи раҳбари в.б А.Раджабов зиммасига юклатилсин.
12. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Халқ депутатлари туман Кенгаши раиси Б.ҚОДИРОВ
2017 йил 29 июль


Дата добавления: 11/08/2017 17:29;   Просмотров: 1220
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку