Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ХАЛҚ ИШОНЧИНИ ҚОЗОНИШ РАҲБАР САЛОҲИЯТИГА БОҒЛИҚ

Яқинда таҳририят топшириғига биноан махсус мухбиримиз туман
ҳокими Ш.Ў.Жамоловга учрашиб бир қатор саволларга жавоб олди. Қуйида ана шу суҳбат матни билан танишасиз

Шўҳрат Ўроқович Жамолов
1964 йил 4 сентябрда зиёли оилада туғилган. Маълумоти олий, оилали, 4 нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи педагог.

МУХБИР: Ҳурматли Шуҳрат Ўроқович, аввало Сизни янги лавозим билан, қолаверса, Ватанимиз истиқлолининг 26 йиллиги байрами ва ўтган Қурбон ҳайити билан таҳририят ходимлари ҳамда барча муштарийларимиз номидан чин дилдан қутлаймиз.
ҲОКИМ: Раҳмат. Энг улуғ, энг азиз байрамимиз, муқаддас ҳайитимиз барчамизга муборак бўлсин! Юртимиз тинч, халқимиз соғ-омон, хонадонлардан қут-барака ҳеч қачон аримасин.
МУХБИР: Раҳматли Биринчи Президентимиз Ислом Каримов туманимизга “Самарқанд шаҳрининг яшил белбоғи” деб таъриф берган эдилар. Сизнинг бу диёр ҳақидаги илк таассуротларингиз.
ҲОКИМ: Беқиёс таъриф. Ҳақиқатан ҳам Аллоҳнинг назари тушган шу замин, туманимиз сарҳадлари қадимий ва ҳамиша навқирон она шаҳримиз Самарқанднинг тўрт томонини қамраб олган. Ана шу заминда етиштирилаётган турли-туман ноз-неъматлар нафақат ўзимизни, балки шаҳар аҳолиси дастурхонини ҳам тўкин-сочинлигини, фаровонлигини таъминлаб турибди. Туман аҳли азалдан миришкор деҳқон, уста боғбон, уддабурон тадбиркор, қўли гул ҳунарманд эканликлари билан донг таратиб келганлар. Буларни яхши билганлигим боис ҳам мен бугун туман тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссасини қўшган, унинг шуҳратини оширган ажойиб инсонлар, моҳир раҳбарлар Раҳматилло Абдуллоев, Мўмин Шерқулов, Раҳима Ҳакимова (илоҳим жойлари жаннатда бўлсин), Маъмур Халилов, Исо Исоқов, Бобомурод ота Зиёев, Баҳодур Садуллаев сингари устозларимиз номини ҳурмат билан тилга оламан ва уларнинг ишини давом эттираётганимдан ниҳоятда фахрланаман.
МУХБИР: Шуҳрат Ўроқович, шу ўринда бир оз ноқулай бўлса-да савол туғилади. Ишни айнан ҳудудлар тозалигига эътибор қаратишдан бошладингиз?
ҲОКИМ: Тўғри, ҳар тонг қайси ҳудудга борсам, аввало у ерларнинг тозалигига назар ташлайман. Чунки, тозалик, озодалик, саранжом-саришталик инсонларнинг фаровон ҳаёти кўзгусидир. Гўзал ва маъноли яшаш ота-боболаримиздан мерос. Ахир, айтадиларки, арши аълодан фаришталар ҳам фақат тоза, озода жойларга тушади деб. Фаришталар тушган жойларнинг албатта, хайру-баракоти, файзу-таровати ўзгача бўлади. Шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳбарининг Бекобод шаҳрига ташрифлари чоғида айтган сўзларидан кичик бир иқтибос келтирсам: “Оддий одамлар бугунги кунда бўлаётган ўзгаришларни сезиши керак. Улар эртага эмас, бугун яхши яшашни истайди. Уларга бугун яхши шароит яратиб беришимиз керак”. Айтмоқчи бўлганим мана шу қисқа фурсат ичида бориб кўрганим, айрим ҳудудлар, тиббиёт муассасалари, умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларидаги баъзи нохуш, санитария-гигиена талабларига зид ҳолатлар бироз дилимни ранжитди. Ҳаттоки, мен эрталаб соат 6.00 да тозалатиб, чиқиндиларини олдирган жойларга соат 8.00лардан кейин қайтадан ахлатлар тўкилганлигига гувоҳ бўлдим. Албатта, бундай тартибсизликларга барҳам бериш, хато-камчиликларни тузатиш, муаммоларни иложи борича жойида ҳал этиш борасида ҳамжиҳатликда ишларни давом эттирамиз.
МУХБИР: Шуҳрат Ўроқович, тажрибали раҳбар, доно иқтисодчи ва ҳуқуқшунос сифатида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш истиқболларини нималарда кўряпсиз?
ҲОКИМ: Бу борада туманнинг 2017-2018 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Айтишим мумкинки, яқинда туманимизга ташриф буюрган хорижий компания вакиллари билан учрашув чоғида туманда мавжуд хом ашёларни қайта ишлайдиган энг юқори технологиялар асосидаги корхоналар барпо этишга келишиб олинди. Шу асосда иш олиб борилмоқда. Бу эса минглаб ёшларимизни, айниқса, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлашда катта имкониятлар яратади. Бундан ташқари хонадонларда касаначилик, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, шахсий томорқалар самарадорлигини ошириш, одамларда юрт равнақига иштиёқ ва дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Жойлардаги раҳбар ходимлар ана шу эзгу сайъ-ҳаракат ва олижаноб мақсадларимизнинг амалга ошишига бор имконият ва ақлий салоҳиятларини намоён этиб, давр шиддатига ҳамоҳанг ишлаб, туманнинг гуллаб яшнаши, халқимизнинг биздан рози бўлиб яшашлари йўлида фидойилик кўрсатадилар деб умид қиламан.
МУХБИР: Ҳурматли Шуҳрат Ўроқович, назаримизда бугунги раҳбарлар ишлаш услубини, ғайрат-шижоатни шахсан Муҳтарам Президентимиздан ўргансалар, ўрнак олсалар айни муддао бўлур эди. Сизда эса айнан шу сифатни кўряпмиз. Бу фазилатингиз бошқа раҳбарларга ибрат бўлиши аниқ, шундай эмасми?
ҲОКИМ: Бугун замон тамомила ўзгарди. Даврнинг ўзи биздан янгича яшаш, янгича ёндашувни тақозо этмоқда. Шундай экан, айтганингиздек, Муҳтарам Юртбошимиз бизга намуна бўлиб турганларида қандай қилиб, эскича қолипда ишлаш мумкин. Лекин афсуслар бўлсинки, ҳалиям “мен сенга тегмайман, сен менга тегма” қабилидаги кайфиятда юрган раҳбарлар орамизда учрамоқда. Энди булар ўзларига тегишли хулосалар чиқариб оладиган вақт келди. Фурсатдан фойдаланиб, бутун туман аҳолисига мурожаат қилмоқчиман. Азизлар туман ҳокими сифатида эшикларим ҳамма вақт, ҳар бирларингиз учун очиқ. Нимаики, дарду-ташвишларингиз, муаммоларингиз бор, тинглашга ва қўлдан келганча масалаларингизни ижобий ҳал этишга тайёрман. Олдинлари халқ раҳбарларга хизмат қилиб келган бўлса, эндиликда халқнинг ичига кириб, улар билан ҳамнафас яшаш раҳбарнинг бурчи ҳисобланади.
236 минг аҳоли ҳаёти, тинчлиги, фаровон турмушини таъминлаш учун жавобгарликни ҳис этган ҳолда қўлимдаги ваколат, қонун устуворлиги ва сектор тизими имкониятидан фойдаланиб, эл ишончини оқлашни ўзим учун олий мақсад деб биламан.
МУХБИР: Раҳмат. Ва ниҳоят сўнгги савол. Туманнинг ягона нашри - кўзгуси ҳисобланмиш “Гулобод тонги” газетасини нуфузини, салоҳиятини янада кўтариш борасида таклиф ва истакларингиз?
ҲОКИМ: Модомики, газета туманимиз кўзгуси экан, албатта кўзгуда диёримиз ҳаётининг ижобий ҳам салбий жиҳатлари ўз аксини топмоғи лозим. Бугун газетада халқимизни қийнаётган масалалар, ечимини кутаётган муаммолар, йўл қўйилаётган хато-камчиликлар тўғридан-тўғри, рўй-рост таҳлилий-танқидий ёритиб борилса, бу фақат ва фақат халқ манфаатига мос келади, муаммолар ечимига йўл очади. Худди шундай олиб борилаётган ислоҳотлар, янгилик ва ўзгаришлар, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва уларда қаҳрамонлик кўрсатаётган замондошларимиз ҳақида лавҳа ва очерклар, мақолалар ёзилса, ўйлайманки, газетамиз нуфузи бунданда ошиб бораверади. Мен ўзимга қатъий жадвал тузиб олганман. Соҳа, тармоқ ходимлари, масъуллари билан галма-гал йиғилиш ўтказиб, ютуқ ва камчиликларимизни атрофлича муҳокама этиб боряпмиз. Насиб этса, тез кунларда туманимиз ижодкорлари билан ҳам ана шундай учрашув-мулоқот ўтказиш мақсадим бор.
МУХБИР: Мароқли ва мазмунли суҳбат учун катта раҳмат. Ишингизга омад, ўзингизга соғлиқ-саломатлик тилаб қоламиз.

Суҳбатдош Тошпўлат ЮСУПОВ


Последнее редактирование: 18/09/2017 11:43;   Просмотров: 1286
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку