Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ХАЛҚ ИШОНЧИГА ИНТИЛИБ

1. Депутат сифатида ўтган давр мобайнида қандай тадбирларни амалга оширдингиз?

2. Депутатлик фаолиятингизга туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кексаларни эъзозлаш борасида қандай аниқ режалар киритилган?

3. Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида қўшимча иш ўринлари яратиш юзасидан қандай таклиф ва ниятларингиз бор?

1.Авваламбор шуни таъкидлаш жоизки, давлатимиз Мустақиллигининг шонли 25 йиллиги эркин ва демократик жамиятимизда катта бурилиш, кенг қамровли ислоҳотлар даври сифатида ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги мисли кўрилмаган марраларга эришганимиз билан изоҳланади. Жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилган беқиёс ютуқларимиз айнан халқимиз жасорати, бунёдкорлиги ва маънавий етуклигининг ёрқин ифодасидир. Ўтган 2016 йил ана шу жиҳатлари билан ҳам тарих зарварақларида абадий муҳрланди, десак янглишмаймиз. Амалга оширилган чора-тадбирлар шарҳига келсак, 2-Ўрташиқ сайлов округи ҳудудида жойлашган Ўрташиқ, Кўсаҳо ва қисман Сулфакабутак маҳаллаларида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари, фуқаролар йиғинлари фаоллари, сиёсий таъбир билан айтганда сайловчилар иштирокида туркум учрашув, давра суҳбатлари, байрам тантаналари ўтказилди. Улардан тушган талаб ва таклифлар, муаммоли масалаларга доир саволлар ўрганилиб тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, мансабдор шахсларга 8 та депутат сўрови юборилди. Шундан 6 тасига жавоб олинди, 2 таси, яъни туман Халқ банки ҳамда Маданият ва спорт ишлари бўлимига тегишли сўров жавобсиз қолмоқда. Айрим жавоб хатлари сайловчиларга ОАВ орқали етказилди. Шунингдек, оғир касалликка чалинган 10 нафар отахон ва онахонларнинг ҳол-аҳволидан хабар олинди, дори-дармон ҳамда тиббий буюмларга бўлган эҳтиёжлари аниқланиб, тегишли тиббиёт муассасалари эътиборини жалб этишга эришилди. Телевидение ва газетада 7 маротаба чиқиш қилинди.

2.Маълумки, истиқлолимиз илк йилларидан бошлаб туманимиз маъмурий маркази - Гулобод қўрғонида бирин-кетин қатор идоралар янги биноларга кўчиб фаолият кўрсатишга киришдилар. Аммо туман кўзгуси бўлмиш “Гулобод тонги” газетаси жамоасига бундай қулайлик негадир насиб этмай, давлат солиқ инспекцияси паноҳида узоқ йил ишлашга тўғри келяпти. Шуларни инобатга олиб туман ҳокими, туман Кенгаши раиси Б.Қодировга таҳририят учун янги замонавий бино барпо этиш зарурати ҳақида мурожаат этдик. Таклиф ўз вақтида қабул қилиниб, қўллаб-қувватланди. Бино учун кўркам жой белгиланиб, қисқа муддатда бунёд этилди. Жорий йилнинг биринчи ярмида фойдаланишга топшириш режалаштирилган бўлиб, бу “инсон манфаатлари” деган улуғ ғояга муносиб жавоб бўлмоқда. Буни кучли ижтимоий сиёсатга оқилона ва тезкор муносабат деб тушуниш ҳам керак.

3.Албатта, бу савол замирида халқ манфаати, тобора ўсиб бораётган табиий талаб-эҳтиёжини қондиришдек ҳаётий зарурат ётади. Муҳтарам Юртбошимиз Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек “танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиб қолиши керак”. Демак, маҳалла оқсоқолидан бошлаб республика даражасидаги раҳбар ходимларни бирлаштирувчи ушбу қоида бутун онг-шууримизнинг ва амалиётимизнинг йўлчи юлдузига айланмоғи даркор. Хонадонма-хонадон юриб тадбиркорликни кенг тарғиб қилаётган банк, солиқ ходимлари қаторида мен ҳам ишсиз ёш йигит-қизларни, оила бекаларини эл-юрт ишига камарбаста бўлишга даъват этиб, амалий-ҳуқуқий маслаҳатлар бермоқдаман. Санжар Асатуллаев, Мансур Мустафоқулов, Тунукой Ғафурова, Ҳусен Асроров, Олим Субҳонов, Юсуф Ибрагимов, Илҳом Ҳакимовларга имтиёзли кредит, арзонлашган уй-жой олиш борасида йўл-йўриқ кўрсатдим. Лекин бир муаммоли масала кўплар қатори мени ҳам қийнаб келмоқда. Гап шундаки, кейинги йиллар давомида собиқ “Самарқанд” дам олиш уйи батамом толон-торож қилиниб, эгасиз бир ташландиқ жойга айланиб қолди. Катта ер майдонига эга бу сўлим, муҳташам маскандан асар ҳам қолмади. Ҳатто бир қисми яширинча ўзбошимчалик билан эгаллаб олинди, ахлатхонага айланди. Ким айбдор? Бунинг учун жавоб берадиган кун келмадими? Ҳолбуки мазкур ҳудудда бирон катта қўшма корхона ёки савдо, маиший хизмат, сервис хизмати, нуронийлар маскани, дам олиш мажмуаларини бунёд этиш имкони бор. Камида 500-1000 киши учун янги иш ўрни яратишга ким қаршилик кўрсатади? Бу масалага аниқлик киритиш вазифаси мутасадди давлат идораларига ҳавола. Халқ эса дадил ва аниқ жавоб кутмоқда. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бу каби қатор жумбоқли масалалар ўз ечимини топса ажаб эмас.

Н.КАРИМОВ, туман Кенгаши депутати

 

 

 


Дата добавления: 27/01/2017 15:01;   Просмотров: 1492
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку