Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ХАЛҚ ФАРОВОНЛИГИ ЙЎЛИДА

Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган мамлакатни ривожлантиришнинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси ва унинг бешта устувор йўналиши барқарор тарақиётни таъминлашда муҳим дастуриламал бўлди.

Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, фаровонлигини ошириш – Ҳаракатлар стратегиясининг энг актуал вазифаларидан биридир. Маҳалламиз фаоллари Юртбошимиз томонидан маъқулланган Ҳаракатлар стратегияси ва ундаги бешта устувор йўналишларга биноан ибратли ишларни амалга оширмоқдалар. Шу ўринда маҳалла тарихига бир назар ташласак.
Маҳалламиз қадимий маҳаллалар қаторидан ўрин олган бўлиб, шарқдан – Қўндисўфи, Хўжағунжойиш, ғарбдан – Найман, Навбоғ, жанубдан – Янгиравот, шимолдан – эса Қорасув маҳаллалари билан чегарадош. Маҳалла аҳли ХХ асрнинг 20-йилларигача катта ер эгалари қўли остида деҳқончилик қилишган. Буюк аллома Абу Мансур Мотурудий бошчилигида аҳоли Мотирид қишлоғи атрофидаги Азизон, Гўриғарибон, Хўжағунжойиш маҳаллалари орқали Ўзбеккенти маҳалласига Обираҳмат (Аллоҳ назари тушган сув) қазиб, сув олиб келишгани тарихдан маълум. Ана шу ариқ суви билан ғалла, шоли, сабзавот экинларини, дарахтзорларни суғоришган, 1920 йилгача маҳаллада атиги 30 та хонадон, 200 та аҳоли яшаган. Қишлоқни элликбоши, юзбошилар бошқаришган. Хўжаликлар ташкил этилиб, раис ва бригадирлар сайланишгач, маҳаллани бригада бошлиқлари бошқарган.
1927-1928 йилларда уста Эгамберди ота, 1930 йилда Маҳмуд Ҳамидов, 1933 йилда Ўрун Абдиев, 1934 йилда У.Хайруллаевлар колхозга раислик қилишган. 1936 йилда Каганович колхозига бирлашиб Янгиравот қишлоқ Кенгаши ташкил этилган. Унга 1942 йили Ворошилов номи берилгач, Мамадали Шарипов бошқарув раиси, Тошқул Ҳусенов, Худойберди Ибрагимов, Ўрун Абдиев, Ойсулув Сатторова, Зуҳра Мансуровалар бригада бошлиқлари этиб сайланишган. 1950 йилда колхозлар бирлашиб Мотирид даҳасидаги Калинин номли колхозга қўшилгач, Маҳмуд Исмоилов раис, Холмурод Мирзаев, Қамара Хўжақулова, Ўрун Абдиевлар бригада бошлиқлари бўлишган ва улар ўз навбатида маҳаллаларга оқсоқоллик ҳам қилишган.
1994 йилда Ф.Қосимова колхозининг “Зарафшон” бўлимига Нўъмон Бурҳонов раҳбар бўлгач, Янгиобод ва Ўзбеккенти маҳаллаларига Асад ака Раҳматов оқсоқол этиб сайланган. 2000 йили Ш.Рашидов номли ширкат хўжалиги ташкил этилгач, унга дастлаб Нўъмон Бурҳонов, кейин эса Мардон Давронов раис бўлган, Маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб Файзулло Раҳматуллоев сайланган. Маҳалла марказини барпо этиш учун хўжалик раиси Н.Бурҳонов ўз ҳиссасини қўшган, ер ажратиб берган. 2002 йилдан 2011 йилгача маҳаллага Шариф Раупов оқсоқоллик қилган. 2011 йилдан 2013 йилгача МФЙ раиси Муртазо Файзиев бўлган. 2013 йилдан ҳозирги пайтгача Нуритдин Ҳамдамов МФЙ раисидир. Намунавий лойиҳа асосида маҳалла маркази ташкил этилган.
Хуллас, маҳаллага ким бошчилик қилган бўлса уларнинг ҳаммаси ҳам уни обод қилишга, аҳолининг фаровон ҳаёт кечиришига ҳисса қўшган. Ҳозир ҳам шу ишлар давом этмоқда. Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган ҳар бир вазифа халқимизнинг фаровонлигини оширишга бағишланган экан, шу йўлда астойдил интилаверамиз.

Ражаб МАМАДАЛИЕВ,
“Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси сардори


Дата добавления: 09/06/2017 14:09;   Просмотров: 1365
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку