Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҚУВОНЧЛИ ВА ҲАЯЖОНЛИ ЛАҲЗАЛАР

Маълумки, ҳар бир мамлакатда фуқаролар шахсини тасдиқловчи ҳужжат – паспорт муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун мустақил Ўзбекистонимизда ҳам паспорт тизимига алоҳида эътибор қаратилган. Буларнинг боиси ўлароқ туманимиз фуқароларига биометрик паспорти бериш жараёни уюшқоқлик билан амалга оширилмоқда.

– Фуқароларга биометрик паспорт беришни яхши ташкил этиш ва амалдаги режаларни ўз вақтида бажаришга ҳаракат қилаяпмиз, – дейди туман ИИБ хорижга чиқиш, келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғи, катта лейтенант Илҳом Намозов, – аввало ўн олти ёшга тўлган йигит-қизлар, амалдаги паспортнинг яроқлилик муддати тугаган ва хорижга чиқмоқчи бўлган фуқароларга паспорт бериляпти. Шу йилнинг ўтган беш ойида икки мингдан кўпроқ аҳоли биометрик паспорт билан таъминланди.
– Паспорт олиш илинжида келганлар учун бўлимда шароитлар яратилганидан хурсандмиз, – деди фуқаро Д.Облоқулова, – ходимларнинг муомалалари ҳам жуда яхши. Уларнинг оддийликлари ва самимий муносабати киши кайфиятини кўтаради, муҳими, ортиқча оворагарчилик йўқ.
– Мен биринчи марта паспорт олдим, -деди оҳаликдаги 30-умумтаълим мактаби битирувчиси Лола Сафарбоева,-ҳаяжонимни яширолмайман. – Бундай қувончли лаҳзалар бир умр ёдимдан кўтарилмайди. Шахсни тасдиқловчи халқаро аҳамиятга молик биометрик паспорт билан дунёни кезишим мумкинлигидан хурсандман.
Паспорт бўлими ходимлари Сабина Исобекова, Зайнура Саъдуллаева, Гулчеҳра Исмоилова, нозир сержант Қосим Маъруфов, хазинабон Зўҳро Мулложонова ва бошқалар мижозларга беминнат хизмат кўрсатиш билан бирга тезкор профилактик тадбирларда ҳам фаол иштирок этаётирлар. Туман ҳудудида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган соҳавий хизматлар билан ҳамкорликда ташкил этилган тезкор тадбирлар туфайли 300 нафарга яқин фуқарога нисбатан маъмурий баённомалар тузилиб, қонунга белгиланган тарзда чоралар кўрилди ва давлат фойдасига жарималар ундирилди.
Шуниси диққатга сазоворки, мазкур бўлим ўтган йили вилоятда ўтказилган хорижга чиқиш, келиш ва фуқарликни расмийлаштириш бўлинмалари ўртасидаги кўрик-танловда фахрли учинчи ўринни эгаллаган эди.

Зоҳир ҲАСАНЗОДА
СУРАТДА: бўлим нозири, катта сержант Қосим Маърупов.
Сурат муаллифи Баҳодури ЗОҲИР


Дата добавления: 09/06/2017 14:24;   Просмотров: 1397
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку