Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҚУТЛУҒ ПОЙҚАДАМ

Улуғ инсонлар пойқадами теккан масканларда ўзгача бир руҳ, кайфият ҳукмрон бўлади. Халқимиз ана шундай кишилар билан учрашувлар таассуротларини узоқ хотирлайди, авлодлар онги-шуурига жойлашга интилади. Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов халқимизнинг ана шундай улуғ фарзанди эди. Гулобод қўрғони барпо этилишида ҳам бу инсоннинг катта хизматлари бор, десак хато бўлмайди. Ана шу мўъжаз маскан танланишида бевосита у киши иштирок этганди. Гарчанд узоқ тарих бўлмасада, 40 йил олдин қўрғоннинг биринчи ғишти у киши иштирокида қўйилганди.

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Самарқанд туманининг маъмурий марказини барпо этишга киришилди. Ўнлаб таклифлар ўртага ташланди. Туман марказига мос ерни қай гўшадан танлаш мумкин? Чунки бунинг барча нозик томонлари ҳисобга олиниши керак эди. Қўҳна Самарқанднинг чор тарафидаги ер майдонлари мазкур туман ҳудуди саналарди. Аҳолига ҳар жиҳатдан қулай жой хусусида бир тўхтамга келиш маҳаллий раҳбарларда қийинчилик туғдирган. Шу боис ҳам давлат раҳбари эътиборига бир неча таклифлар киритилди. Самарқанд заминини яхши билган Шароф Рашидов ҳам бу масала билан жиддий қизиқиб қолади. Ниҳоят у кишининг таклифига биноан Самарқанд -Қарши катта трассасига яқин ҳудуд танланади. 1977 йилда ҳукуматнинг Самарқанд тумани маъмурий марказини қуриш тўғрисида қарори қабул қилинади.
Самарқандликлар бу хушхабарни катта қувонч билан кутиб олишди. Тезда янги қўрғоннинг бош лойиҳаси тайё рланди. Қурилиш-бунёдкорлик ишлари бевосита давлатимиз раҳбари Шароф Рашидов тавcияси билан бошланадиган бўлди. Тантанали кун, қалбларда ҳаяжон тўлиб тошган. Янги марказ қурилиши мўлжалланган ҳудудга вилоятнинг биринчи раҳбари Бектош Рахимов, вилоят ижроия қўмитаси раиси Синдор Ҳамроқулов ҳамда давлатимиз раҳбари Шароф Рашидовлар ташриф буюришди. Уларни ўша даврдаги туманнинг биринчи раҳбари Раҳматулла Абдуллаев ва туман фаоллари кутиб олишди. Минглаб одамлар тантанали тадбирда иштирок этиш учун туманнинг турли ҳудудларидан бу ерга ташриф буюришган эди.
Шароф Рашидов автомобилдан тушганданоқ қизғин учрашувлар бошланиб кетди. У ҳузурига талпинган ҳар бир кишининг қўлларини қаттиқ сиқиб бағрига олар, худди эски қадрдонлардек илиқ сўрашиб, кўнгил сўрарди. Ўша дамларда ҳамманинг қалбида катта ҳаяжон. Барча ўз фикрларини буюк арбоб билан бўлишгиси келарди. Шароф ака йиғилганлар ҳузурида сўзга чиқиб, тамал тоши қўйилаётган янги масканга Яратгандан қут-барака тилади. Самарқандда ўтган ёшлиги, ишлаб юрган даврларини ёдга олди. Бевосита бугун қўрғонни қуришга азму-қарор қилингани ҳақида ҳам ўз мулоҳазаларини айтиб ўтдилар.
“Бу масканларни яхши биламан, - дедилар у киши. - Бийдек дала, қип-қизил чўл эди. Ана шу ташландиқ маскан сизларнинг яратувчанлик меҳнатларингиз туфайли гулзорга, боғ-роғларга айланади. Ҳашаматли иншоотлар бу гўшага зеб бўлғусидир”.
Тадбирда туман ташкилотлари ва хўжаликлари раҳбарлари ҳам иштирок этаётганди. Шароф ака туман раҳбарларидан Абдурауф Маъруфов, Бўри Мухторовларни ёдга олди. Сўнгра Мотруд қишлоғида яшаган аёллар ўртасида биринчи трактор ҳайдаган Мастура Азизова номини тилга олди. Бу жасур аёл номини абадийлаштириш тўғрисида таклифни ўртага ташлади. Шароф аканинг қувваи ҳофизалари шу даражада эдики, орадан қанча йиллар ўтсада кишилар номини исми-шарифигача ҳеч тутилмасдан айтиб бера оларди.
Ўша даврларда район ижроия қўмитасида масъул лавозимда хизмат қилардим. Мастура Азизова номини абадийлаштиришга доир ишлар камина ҳамда район ижроия қўмитаси масъул котиби Лутфилло Самиевга топширилди. Биз тегишли тарзда ташкилий-тайёргарлик жараёнларини олиб бордик. Шундан сўнг Боғизоғон қишлоғидаги (ҳозирги Тайлоқ туман) 113-сонли қишлоқ хўжалиги билим юртига Мастура Азизова номини бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Инсондан яхши ном, бунёдкорлик ишлари қолади, дейишади. Ҳар гал туман маркази Гулобод қўрғонига борганимда Шароф акани ёдга оламан. У киши бошлаб берган иш, тамал тоши қўйилган маскан бугун қай даражада. Ўтган қирқ йилда бу манзил росмана мўъжизакор манзилга айланди. Айниқса, мамлакатимиз мустақиллиги йилларида қўрғон ҳақиқатдан ҳам гулга бурканди, обод бўлди. Мўҳташам амфитеатр, Шарқ ва Европа андозаларидаги чиройли иншоотлар, қатор-қатор намунавий лойиҳа асосида қурилган уй-жойлар, кенг ва равон кўчалар. Бундай гўша яна қайда бор, деган ўй ўтди кўнглимдан.

Садриддин АСЛИДДИНОВ,
Самарқанд вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши қошидаги Фахрийлар
кенгаши раиси ўринбосари, “Эҳтиром” нишони соҳиби


Последнее редактирование: 20/10/2017 12:33;   Просмотров: 1266
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку