Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

УСТУВОР ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИ

Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги Фармонининг мазмун-моҳияти ва унда белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашда фуқаролар йиғинларидаги жамоатчилик комиссиялари раислари нималарга эътибор беришлари керак? Шулар хусусида сўз юритамиз.

«Ҳаракатлар стратегияси» ўз моҳият эътиборига кўра, дунёда туб ўзгаришлар юз бераётган ҳозирги замонда давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, суд-ҳуқуқ, иқтисодий, ижтимоий соҳалар ва хавфсизликни таъминлаш бўйича бешта устувор йўналишда аниқ муддатга мўлжалланган том маънодаги миллий стратегия ҳисобланади.
Ушбу ҳужжат 1992 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нормалари ҳамда 2010 йилда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов тақдим этган «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси»да белгилаб берилган устувор йўналишлар доирасидаги демократик янгиланиш ҳамда модернизация жараёнларининг мантиқий ва қонуний, изчил ва узвий давомидир. Айни пайтда бу муҳим стратегия давлатимиз ва жамиятимизни ривожлантириш мутлақо янги босқичини бошлади.
Хўш, мазкур Ҳаракатлар стратегияси қандай йўналишларни, одамларни ўйлантираётган қайси масалаларни ўз ичига қамраб олган? Келгуси беш йилликда халқимиз ҳаётига дахлдор бўлган қандай ислоҳотлар бугун долзарб бўлиб турибди?
Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш
Давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлиснинг ролини кучайтириш, қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатини тубдан яхшилаш, давлатнинг ҳаётида сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш назарда тутилган.
Энг аввало, давлат хизматини ислоҳ қилиш орқали иқтисодиётда давлат бошқаруви камайтирилади. Давлат ва хусусий секторнинг ўзаро фойдали ҳамкорлигининг замонавий шакллари татбиқ этилиб, «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади.
Халқ билан самарали мулоқотни таъминлаш Давлат дастурининг энг муҳим ва долзарб вазифаларидан бири бўлди. Шу муносабат билан жамоатчилик назоратини такомиллаштириш, нодавлат нотижорат ташкилотларини, оммавий ахборот воситаларини янада ривожлантириш, шунингдек, маҳалланинг жамият ҳаётидаги ролини кучайтириш назарда тутилмоқда.
Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш йўналиши қонун устуворлигини ва суднинг чинакам мустақиллигини таъминлаш чора-тадбирларини назарда тутади. Олий суд кенгашини тузиш, профессионал судьялар корпусини шакллантириш, судьяларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирлари амалга оширилади.
Сансалорликка ва ишларнинг кўриб чиқилиши судлар томонидан асоссиз чўзиб юборилишига йўл қўймаслик мақсадида процессуал қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, қуйи инстанция судларининг камчиликларини мустақил бартараф этиш ва узил-кесил қарор қабул қилиш юзасидан суд инстанцияларининг ваколатлари кенгайтирилади.
Иқтисадиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш
Миллий валюта ва нархларнинг барқарорлигини таъминлаш, валютани тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини кенгайтириш, ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, экспортга мўлжалланган маҳсулот ва материаллар ишлаб чиқариш учун замонавий технологияларни жорий этиш, транспорт-логистика инфратузилмасини, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда хорижий инвесторлар учун инвестициявий жозибадорликни ошириш, солиқ маъмурчилигини яхшилаш, банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий принциплари ва механизмларини жорий этиш, кўптармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш, шунингдек, туризм индустриясини жадал ривожлантириш назарда тутилмоқда.
Ушбу йўналиш хусусий мулкни, молия бозорини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, заргарлик соҳасини ривожлантириш, айрим миллий корхоналарнинг акцияларини (IPO) нуфузли хорижий фонд биржаларига дастлабки тарзда жойлаштиришга тайёргарлик кўриш чора-тадбирларини ҳам ўз ичига олади.
2017-2021 йилларда умумий қиймати 40 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги 649 та инвестиция лойиҳасини назарда тутувчи тармоқ дастурлари амалга оширилади. Натижада кейинги 5 йилда саноат маҳсулотини ишлаб чиқариш 1,5 баравар, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 33,6 фоиздан 36 фоизгача, қайта ишлаш тармоғи улуши 80 фоиздан 85 фоизгача ошади.
Тўртинчи йўналиш ижтимоий соҳани ривожлантириш бўлиб, аҳоли бандлигини ошириш, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва уларнинг саломатлигини сақлаш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ва модернизациялаш, аҳолини электр энергия, газ билан таъминлашни яхшилаш, аҳолининг муҳтож қатламларига кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам сифатини ошириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги мақомини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, мактабгача таълим муассасаларининг қулайлигини таъминлаш, умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва олий таълим сифатини яхшилаш ҳамда уларни ривожлантириш чора-тадбирларини амалга оширишни назарда тутади.
Катта ёшли авлодни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий нафақалар бериш тартибини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари киритилган. Жумладан, 78 та туман тиббиёт бирлашмасини, 7 та шаҳар ва 2 та вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказини қайта қуриш, тез тиббий ёрдам хизматини 1200 та махсус автотранспорт билан таъминлаш режалаштирилмоқда.
Қишлоқ жойларда 15 мингта арзон уй-жой, 415 километрлик сув таъминоти қувурлари, 316 километрлик газ таъминоти қувурлари ва 291 километрлик ички йўллар қурилади. Аҳолига транспорт хизматлари кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида 86 та янги автобус йўналиши очилади ва 537 та замонавий автобус харид қилинади.
Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш
Мамлакатимиз конституциявий тузумини, суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирлар амалга оширилади. Кибер хавфсизлик соҳасида ахборот, норматив-ҳуқуқий асослар тизимини такомиллаштириш, аҳолини фавқулодда вазиятлардан хабардор қилиш тизминини ташкил этиш ва ривожлантириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш чоралари кўрилади.
Миллатлараро муносабатлар соҳасидаги сиёсатни устувор йўналишлари концепцияси ҳамда Диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.
Хорижий ҳамкорлар билан сиёсий-дипломатик соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир «Йўл хариталари» ишлаб чиқилади. Хорижий ҳамкорлар билан 2017 йилга мўлжалланган савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик ва молиявий-техник ҳамкорликни тубдан ривожлантириш ва кенгайтириш режалаштирилмоқда.
Мазкур «Ҳаракатлар стратегияси» Ўзбекистон тараққиёти йўлида халқимиз амалга ошираётган ислоҳотларнинг сифат жиҳатидан – янги ва жўшқин, кўлам жиҳатидан – кенг ва қамровдор, халқимиз манфаатларини таъминлаш бўйича юксак натижадорлиги нуқтаи назаридан эса беқиёс даражада баракали босқичини бошлаб бермоқда.
Бунга биргина мисол: бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси асосида халқ билан мулоқот самарадорлигини янда ошириш мақсадида Президентнинг, давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг Виртуал қабулхоналари, жойларда Халқ қабулхоналари фаолияти йўлга қўйилганлиги халқ билан мулоқот қилишнинг самарали механизмини яратмоқда.
Ана шундай устувор вазифалардан келиб чиқиб ишлаб чиқилган «Ҳаракатлар стратегияси»нинг «Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари» номли биринчи устувор йўналишида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш масаласи биринчи ўринда турибди. Мисол учун, «Ҳаракатлар стратегияси» лойиҳаси билан бирга жамоатчилик муҳокамасига қўйилган «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» давлат дастури лойиҳасида бу йўналишдаги аниқ вазифалар қайд этилган бўлиб, 2017 йилда 5 та қонун, 5 та қарор ва битта дастур қабул қилиниши белгиланган.
Хулоса қилиб айтганда, «Ҳаракатлар стратегиси» лойиҳасининг кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама этилиб қабул қилинганлиги халқ билан мулоқотнинг яна бир ёрқин амалий тасдиғидир.

Ш.САЪДУЛЛАЕВА,
туман ФҲДЁ бўлими мудираси


Дата добавления: 14/07/2017 16:54;   Просмотров: 1352
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку