Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Туман ҳокими Б.Қодировнинг 2016 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи тўғрисида

ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ТУМАН КЕНГАШИНИНГ ҚАРОРИ

2016 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 569,7 млрд. сўмни ёки 117,5 фоизни, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 450,3 млрд. сўмни ёки 106,6 фоизни ташкил этди.

Инвестиция дастурига асосан давлат бюджети ҳисобидан 2016 йилда 2,9 млрд сўмлик маблағлар ажратилди. Ажратилган маблағлар ҳисобидан 7 та ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

1,8 млрд. сўм маблағ ҳисобига 5,7 км хўжаликлараро ички йўллар таъмирланди. Намунавий лойиҳалар асосида 266 та уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.

2016 йил якуни билан туманнинг ташқи савдо айланмаси 107,0 млн. долларни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 126,9 фоизга ошди.

2016 йилда ҳудудий экспорт 45,3 млн. долларни ташкил этиб, шундан 13,9 млн. долларлик саноат маҳсулотлари ва 31,4 млн. долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари хорижий давлатларга экспорт қилинди.

Қишлоқ хўжалигида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида

2016 йилда ғаллачиликда давлат эҳтиёжлари учун 10 193 тонна ғалла етказиб бериш бўйича шартномалар тузилиб, ҳақиқатда 10 687 тонна ғалла етказиб берилиб, шартномавий режа 105 фоизга бажарилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари ташкил этиш дастурига асосан 4478 та янги иш ўринлари яратилган.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси бўйича Дўстлик қишлоқ врачлик пунктида 200 млн. сўмлик капитал реконстурукция, Қумзор ҳамда Гулобод қишлоқ врачлик пунктларида 42 млн. сўмлик жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди.

Туман тиббиёт бирлашмаси бўлимларини иситиш тизими (қозонхоналар)ни таъмирлаш учун 144 млн. сўмлик маблағ сарфланди.

Саломатлик-3 дастури бўйича 341 турдаги тиббий асбоб-ускуналар олинган. Сурункали касалликларга чалинган ҳамда малакали тиббий ёрдамга муҳтож 270 нафар фуқаролар вилоят кардиология, травматология диспансери, кўз касалликлари ҳамда кўп тармоқли марказлар ва Самарқанд тиббиёт институти клиник шифохонасига даволаниш учун имтиёзли ордерлар билан таъминланган. Туман ҳокимлигининг тавсиясига кўра 11 нафар фуқаролар Республика ихтисослашган илмий марказларига даволаниш учун юборилган.

Халқ депутатлари туман Кенгаши кун тартибидаги масалани атрофлича муҳокама этиб, Халқ депутатлари туман Кенгаши регламентининг 5412-моддасига асосан,

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

  1. Самарқанд тумани ҳокими Б.Қодировнинг 2016 йилда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
  2. Самарқанд тумани ҳокими Б.Қодиров ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг 2016 йилдаги фаолияти қониқарли деб ҳисоблансин.
  3. Маҳаллий давлат ҳокимиятининг ислоҳотлардаги ташкилотчилик, ташаббускорлик ролини янада кучайтириш мақсадида туман ҳокимлигига қуйидагилар тавсия этилсин:

— 2016-2020 йилларда қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш бўйича тасдиқланган дастурий тадбирларни 2017 йилда амалда жорий этиш бўйича аниқ манзилли таклифлар тайёрлаш ва ижросини амалга ошириш;

— 2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялашни таъминлаш чора-тадбирлари дастурида ҳамда 2017 йилги Инвестиция дастурида 2017 йилга мўлжалланган объектлар сўзсиз ишга туширилиши, давом этадиган ва янгидан бошланадиган инвестиция лойиҳалари бўйича лойиҳалаш ва қурилиш-монтаж ишларининг зарур ҳажмларда белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминлаш;

— буюртмачилар томонидан шу йил 1 февралгача бўлган муддатда

2017 йилги Инвестиция дастурига киритилган барча объектлар бўйича пудрат ташкилотлари билан шартномалар тузишни якунлаш;

— 2017 йилда қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашнинг манзилли рўйхатларига киритилган янгидан бошланадиган объектлар бўйича молиялаштиришни ўз вақтида бошланиши юзасидан шахсий масъулият юклаш;

— ислоҳотлар йўналиши доирасида тумандаги ҳудудий дастурларни шакллантириш жараёнида ошкораликни таъминлаш, дастурларнинг белгиланган муддатларда, тўла ижро қилиниши чораларини кўриш;

— халқ хўжалигининг барча соҳаларида янгиликлар киритиш учун янги ғоя, таклиф, лойиҳаларни рағбатлантириш тизимини ишлаб чиқиб, жорий этиш;

— ҳудудий дастурлар ижроси ва тармоқларни ривожлантиришда корпоратив ҳамкорликни йўлга қўйиш;

— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 январдаги 1-сон йиғилиш баёнида белгиланган чора-тадбирларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш ва бу борада маҳаллий ҳокимликлар ходимларининг қатъий тартиб-интизомга риоя этишлари ҳамда шахсий жавобгарлик ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлишига эришиш;

— Халқ қабулхонасини самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш, фуқароларнинг қонуний мурожаатларини қисқа муддатларда пухта кўриб чиқиш ва ҳал этилиши чораларини кўриш;

— ҳар ҳафта сешанба, чоршанба, пайшанба кунлари сайёр қабуллар ташкил этиш ҳамда туман аҳолиси дардини этиш ва муайян, долзарб мавзуда тўғридан-тўғри мулоқот қилиш;

— “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” давлат дастури бажарилишини таъминлаш чораларини кўриш, дастур бажарилиши устидан тизимли мониторинг олиб бориш;

— тумандаги бошқарув идоралари, корхона ва ташкилотлар фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигига эришиш чораларини кўриш;

— ҳар чорак якуни бўйича “Гулобод тонги” газетасида туманда олиб борилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар бериб бориш.

  1. Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада жадаллаштириш мақсадида туман ҳокимлигига қуйидаги таклифлар берилсин:

— туман иқтисодиёти ва унинг ҳудудий тармоқларини ривожлантиришдаги прогноз параметрларига эришишда барча зарур чораларни кўриш;

— янги ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш борасидаги ишларни янада жадаллаштириш, бунда чет эл инвестицияларини кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратиш;

— тумандаги ишлаб чиқариш корхоналарини техник ва технологик жиҳатдан янгилаш ишларини тизимли давом эттириш ҳамда уларга чет эл сармояларини кенг жалб этиш чораларини кўриш;

— саноат салоҳиятини ошириш, импорт ўринини босувчи маҳсулотларни кўпайтириш ва ички бозорни истеъмол товарлари билан тўлдиришни кенгайтириш;

— маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги чора-тадбирларни тўлиқ бажаришга эришиш;

— ишлаб чиқариш корхоналарини экспорт фаолиятига жалб этиш ҳамда экспорт учун ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг турларини кенгайтиришга эришиш;

— қишлоқ хўжалигидаги туб таркибий ўзгаришларни узлуксиз давом эттириш ҳамда фермер хўжаликларига хизмат кўрсатувчи корхоналар фаолиятини такомиллаштириш;

— кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш чораларини кўриш, уларга туман ҳокимлиги ҳузуридаги “Ягона дарча” маркази орқали хизмат кўрсатишни таъминлаш;

— ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш билан боғлиқ тадбирларни амалга оширишни давом эттириш;

— 2017 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини бажарилиши устидан тизимли мониторинг олиб бориш;

  1. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ўз сайлов округларида сайловчилар билан тизимли учрашувларни ташкил қилиш орқали жойлардаги мавжуд аҳволни танқидий ўрганиб, ўрганишлар якунлари бўйича ташкилот ва корхоналар иштирокида муҳокама этиб боришни ҳамда муаммолар ечими бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланишини ташкил этсинлар.
  2. Ушбу қарор “Гулобод тонги” газетаси ҳамда туман ҳокимлиги расмий веб-сайтида эълон қилинсин.
  3. Мазкур қарор бажарилиши устидан назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси (Б.Одилов)га топширилсин.

Туман Кенгашининг йигирма еттинчи сессияси раиси Н.САЪДУЛЛАЕВ

2017 йил 31 январь, № 97/27-Қ

 


Дата добавления: 10/02/2017 15:54;   Просмотров: 1413
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку