Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТУМАН КЕНГАШИНИНГ НАВБАТДАГИ СЕССИЯСИ

Халқ депутатлари туман Кенгашининг VI сессияси бўлиб ўтди.
Кенгаш раиси, туман ҳокими Н.Мавлонов олиб борган сессияда депутатлар, туман ҳокими ўринбосарлари, секторлар, корхона, ташкилот, муассасалар раҳбарлари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Сессия кун тартиби ва котиби тасдиқлангач, депутатлар сессия ишига қўйилган масалалар муҳокамасига киришди.
Кун тартибидаги биринчи масала, Камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги тўғрисида" туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Искандар Комиловнинг ахбороти тингланди.
Таъкидландики, бугунги кунда туманда 2248 та камбағал оила мавжуд. Шундан 563 таси доимий ишга эга бўлмаган ва вақтинча доимий иш ўрнини йўқотган, кам даромадли оилалар ҳисобланади. Шунингдек, 256 таси боқувчисини йўқотганлар, 532 таси ногирон ва сурункали касалликка эга, 71 таси кўп болали оилалар, 83 таси шароити оғир бўлган, чет элдан қайтган фуқаролар, 743 та бошқа муҳтож оилалар саналади.
Шуларни инобатга олиб тумандаги камбағал оилалар ҳамда уларни камбағалликдан чиқариш бўйича бир қатор ишлар белгилаб олинган. Яъни, 3357 нафар фуқарони ишга жойлаштириш режалаштирилган.
"Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати доирасида ҳам муайян ишлар олиб борилди. Жумладан, 2 минг 248 та оилага 1,9 млрд. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Бундан ташқари 27 та оилага 11,7 млн. сўм нақд пул кўринишида моддий ёрдам кўрсатилди. 2 та оилага 1,1 млн. сўмлик дори-дармонлар етказиб берилди. 13 та оилага 27 млн. сўмлик чорва моллари олиб берилди.
Фуқароларнинг 1243 нафари вақтинчалик жамоатчилик ишларига жойлаштирилди. Албатта, ушбу фуқаролар доимий даромадли янги иш ўринларига жойлаштирилиши белгиланган. 461 нафар фуқаро эса вакант ҳамда янги иш ўринларига жойлаштирилди. 96 нафар фуқаро тадбиркорликка банд қилинди.
Шундан сўнг депутатлар туман ИИБ бошлиғи А.Тошевнинг пандемия даврида жамоат тартибини сақлаш ва туманда карантин тадбирлари талабларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш ҳолати, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тумандаги Халқ қабулхонаси мудири И.Муродовнинг секторлар фаолияти, аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш ҳамда ҳудуддаги аҳоли кайфиятининг таҳлили, "Савдогар банк" туман филиали бошқарувчиси Т.Жўраевнинг пандемия даврида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда имтиёзли кредитлар ажратиш бўйича кўрилаётган чоралар хусусидаги маърузалари тингланди ва муҳокама этилди.
Солиқ тушумларининг ўз вақтида ундирилиши, унга оид прогноз кўрсаткичларнинг бажарилиши, пандемия даврида тадбиркорлик субъектлари учун солиқ имтиёзларининг амалда қўлланилиши ҳамда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган чораларнинг амалдаги ижроси, 2020 йилнинг I-чорагида туман ҳудудидаги давлат бошқарув органлари ва ташкилотларида норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ҳолати, туман маҳаллий бюджетининг 2020 йил 1-апрель ҳолатига даромадлар режасининг ошириб бажарилган маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган тадбирлар тўғрисидаги ахборотларни ҳам кўриб чиқишди.
Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Сессия ишида вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси, вилоят Кенгаши депутати С.Рафиқов иштирок этди ва сўзга чиқди.


Дата добавления: 10/06/2020 16:04;   Просмотров: 827
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку