“Халқ билан мулоқот”, “сайёр қабул”, “виртуал қабулхона”, “Халқ қабулхонаси” каби кўпдан-кўп урфга кирган атама-тушунчалар мағзу моҳиятида инсон қадри, унинг қонуний манфаати ҳамма нарсадан устун эканлигини бугун юртимизда билмайдиган, тафаккур қилмайдиган одам қолмади ҳисоб. Ҳазрат Навоийнинг:
Наъфинг агар халққа бешакдурур,
Билки бу наф ўзунгга кўпракдурур,
деган доно ҳикматига жавобан ўтган ҳафта шанба куни Қуйи Туркман маҳалласида туман ҳокими Ш.Жамолов бошчилигида ўтказилган сайёр қабул махсус жадвал-режадаги еттинчиси ҳисобланади. Катта ҳудуднинг теварак атрофидан, қўшни маҳаллалардан 41 нафар кекса-ёш фуқаролар 50 дан зиёд ижтимоий, иқтисодий, оилавий, маиший турмуш масалаларини қамраб олган оғзаки ва ёзма мурожаатлари билан қатнашдилар. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарлари, жумладан Халқ қабулхонаси, суд, прокуратура, солиқ, мажбурий ижро бюроси, молия, пенсия ва нафақа, халқ таълими, тиббиёт, маданият, ер-мулк-кадастр, коммунал хизмат, ободонлаштириш, санитария-эпидемиология маркази, ветеринария, қишлоқ ва сув хўжалиги идоралари мутасаддилари қабул жараёнида бевосита қатнашиб, жойларда аҳолини ташвишга солаётган муаммолар, ечимини кутаётган масалалар ҳамон долзарблигича қолаётганига амин бўлдилар, фуқаролар талаб-истаклари ижроси юзасидан тегишли топшириқлар олдилар.
Мурожаатларнинг бир қисми қабул куни ижобий ечим топган бўлсада, чуқур ва мукаммал ўрганиш, тегишли таклиф ва хулосалар тайёрлаш учун вақт талаб этадиган масалалар бўйича жисмоний ва юридик шахсларга йўл-йўриқ ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Ҳар бир фуқарони диққат билан эшитиш, унинг асл мақсад-муддаоси нималигини аниқлаш, қонуний ва адолатли ечим топиш, албатта осон иш эмас.
Турли ҳаётий эҳтиёжлар, чигал ва катта маблағлар билан боғлиқ масалалар ҳам ўртага ташландики, одамларимизнинг давлат ва жамият ривожига бефарқ эмасликларидан далолат беради. Жумладан, болалар учун касб-ҳунар ўргатиш масканлари, стадион, нонвойхона, сартарошхона, маиший техника устахонаси, боғ, дорихона барпо этиш ва бошқалар. Қабул маросими тугагач ҳоким билан 84-ёшли Аъзам бобо Шарипов (Қуйи Туркман маҳалласидан), 2-гуруҳ ногирони Мадина Исматова (Ўрта Туркмандан), 2-гуруҳ ногирони 69-ёшли Зиёда Набиева (Юқори Туркмандан) хонадонларига бориб, бу ердаги ҳол-аҳвол, шарт-шароит, талаб-эҳтиёжни ўргандик, ушбу оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, байрам совғалари топширилди. Йўл-йўлакай қўшни маҳалла кўчалари носозлиги, пала-партиш чиқинди уюмлари, ичимлик сувнинг ҳайф бўлаётгани, ҳовлилар атрофи ифлослигини кўриб, бу ҳудудлар фаоллари, тадбиркорларидан хафа бўлдик ҳам. Ҳатто, Ўрта Туркман маҳалла марказининг (раис Р.Азаматов) аянчли аҳволда бўлиб кишида нохуш кайфият уйғотишига нима дейсиз?
Бир-икки соатли ҳашар билан битадиган юмушни пайсалга солишдан муддао нима?
Шу жой ёнида замонавий лойиҳа асосида қурилиб фойдаланишга топширилган кўркам бино профилактика инспектори, майор Сангин Маъруповга тегишли экан. Аммо бўм-бўш, эгасиз, ҳувуллаб ётибди. Канализация, табиий газ, электр энергия, ичимлик сув ва бошқа қулайликлари мавжуд мазкур иншоот давлат раҳбари ташаббуси билан барпо этилган-ку! Уй эгасига имтиёзли равишда яна “Матиз” русумли автомобиль ҳам берилган экан.
Бу ҳолатдан ҳайратга қолдиқ. Тушунмадик Туман ички ишлар бўлими раҳбарияти бундан хабардорми? Тезлик билан тегишли чоралар кўришади, деган умиддамиз. Шу ўринда, таъкидлаш жойизки, ҳудудларда (яъни секторлар ҳудудида) ечимини кутаётган муаммолар секторлар “йўл харитаси”нинг мазмун-мундарижасини ташкил этади.
Ҳар бир сектор ишчи гуруҳи аъзолари мунтазам аҳоли билан мулоқотда бўлиб, улар томонидан билдирилган таклиф-мулоҳазалар, муаммоларни “йўл-харитаси”га киритсалар пировард натижада халқнинг турмуш фаровонлиги, тадбиркорлик салмоғи ошади, ҳуқуқбузарликлар, қонунни менсимаслик ҳолатларига чек қўйилади.
Шунингдек, ҳудуддаги уюшмаган ёшларнинг, коллеж битирувчиларининг бандлигини таъминлашда ижобий натижаларга эришилади.
Н.КАРИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.