Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТОПИШДИ, ҚОПИШДИ, ҚАМОҚҚА ТУШДИ

Ҳаётда шундай ишлар ҳам бўлар эканки, кўриб эмас, эшитиб ҳам ҳайратдан ёқа ушлар экансиз. “Ё, тавба!” дея жирканиб, нафратланиб кетар экансиз. Бўлмаса, боши тошга теккан, оиласидан ажрашиб, бир боласи билан қолган аёл шундай қабиҳ ишларни қилармиди?

1991 йилда Самарқанд вилояти, Оқдарё туманида туғилган, вақти келиб турмушга чиққан, аммо маълум сабабларга кўра ажрашган Латифа Нарзиева (исм-шарифлар ўзгартирилган) на эр уйига, на ота уйига сиғмасдан бахт излаб, Тошкент шаҳрига кетади ва ижара уйда яшай бошлайди. 2014 йилнинг июнь ойида у 1990 йилда Юнусобод туманида туғилган Салим Турдиев билан танишади. Ҳали уйланмаган 24 ёшли Салим Латифанинг ноз-фироқларига лаққа тушиб, иккаласи Тошкент шаҳри, Чилонзор туман “Ватан” кинотеатри орқа томонидаги кўп қаватли уйда бирга яшай бошлайди...
Орадан кўп ўтмай бир-бирига тўйган, борини еб бўлган икки нафс қулининг энди қоринлари оч қола бошлайди. Тайинли иш ва пул йўқлигидан майл йўқолади, қандай қилиб бўлса-да, пул топиш дарди бошланади. 2014 йилнинг сентябрь ойи бошларида ноқонуний эр-хотин, аниқроғи, жазманлар “Фарҳод” бозори қаршисидаги 4 қаватли уйнинг 3 қаватида яшайдиган 70 ёшли Дода (Я.Алимов)нинг уйини тунамоқчи бўлишади ва тунда қариянинг уйига кириб, уни зўрлаб, уриб-тепиб, 955 000 сўм пулини, пластик карточкани, уяли телефони, ҳатто машинасининг калитигача олиб чиқиб кетишади.
Талончи жазманлар энди бир муддат Тошкентда кўринмай туриш кераклигини ўйлашадими, янги режа тузишади. Салим гўёки ҳол-аҳволини сўраш учун Жиззах вилояти Пахтакор туманидаги танишининг уйига боради ва уй эгаси ухлаб қолганида унинг “Ленова” русумли уяли телефонини ўғирлаб кетади. Телефонни Самарқанд шаҳрига олиб келиб сотишади. Айни дамда улар бундай кун ўтиши қийинлиги, ўлжа яхши бўлмаётгани ҳақида ўйлашади. Шунда Латифа Салимга қўриқлаш хизматида ишлайдиган, ўқотар қурол олиб юрадиган бир милиционер таниши борлигини айтади. Калит топилгандек бўлади. Латифа танишига қўнғироқ қилади. Милиционер ДТ “Халқ банкининг Оқдарё филиалида хизматни ўтаётганини айтади ва улар кечқурун учрашишга келишишади. Ишнинг энг қабиҳи шуки, Латифа тунда қўриқлаш хизмати ходимининг хизмат хонасида у билан жинсий алоқада бўлади ва милиционерга бириктирилган “Макаров” табель қуролини ўқдони ва ўқлари билан ўғирлаб кетади.
Латифа билан Салим учун бу айни муддао эди. Энди улар фурсатдан фойдаланиб, таҳдид қилиш орқали Самарқанд шаҳридаги заргарлик дўконларини ўмаришни режалаштиради. Биринчи қадамни Самарқанд шаҳри Мустақиллик кўчасида жойлашган заргарлик дўконларнинг биридан бошлайди, аммо ишни охиригача етказа олишмайди. Чунки, бу пайтда Латифа ўғирлаган табель қуроли изланаётганидан хабар топади.
Заргарлик дўконида қабиҳ ниятларини амалга ошира олишмагач, Қозиариқ маҳалласида яшовчи З.Тоировага тегишли 1 000 000 сўмлик “Сanon” русумли фотоаппаратни ўғирлаб, Тошкентга кетишади. Фотоаппаратни Тошкентдаги “Малика” савдо мажмуаси ҳудудидаги Қорақамиш мавзесида яшовчи бир кишига 328 000 сўмга сотиб юборишади. Шундан сўнг Чилонзор даҳасида жойлашган заргарлик дўконларининг бирида сотувчини қўрқитиб, талон-торожлик қилишни қайта-қайта режалаштиради, аммо дўконда бақувват қўриқчи йигитлар борлигини кўриб, ниятларига эриша олмайдилар. Қолаверса, улар “Афруз” фотостудиясига ҳам кириб, табель қуроли билан таҳдид қилиб, талон-торожлик қилишни режалантирган эди...
Бу пайтга келиб, Самарқанд ва Тошкент шаҳридаги заргарлик дўкони сотувчилари уларнинг пистолет билан қуролланган таҳдидли ҳаракатлари юзасидан Ички ишлар ходимларига мурожаат эта бошлаган эди.
«Бузоқнинг югургани сомонхонагача» дейди халқимиз. Икки жазманнинг қабиҳ ишлари узоққа бормади. Улар июнь ойида танишган бўлсалар, ноябрь ойининг охирига бориб, қўлга тушди. Латифа Нарзиева Жиноят Кодексининг тегишли моддалари асосида сўроқ қилиниб, унга 12 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Вояга етмаган ўғли Латифанинг онаси қарамоғига топширилди. Салим Турдиевга эса 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Агар Латифа оиласи билан тинч яшаганида турмушидан ажрашмас эди. Ажрашганидан кейин ҳам тўғри бўлганида унга бу балолар йўламас эди. Ота-онаси куйиб, норасида ўғли чирқираб қолмас эди. Қабиҳ ишларни қилмаганида бу каби иснодга қолмас эди. Аёлми, эркакми, тўғри ва ҳалол юрмас экан, у албатта сўнгсиз пушаймонда қолади, жазосини олади.

Х.САФАРОВ


Дата добавления: 21/07/2017 15:12;   Просмотров: 1355
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку