Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

СУД ОРҚАЛИ ИШОНЧЛИ ҲИМОЯ

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси Қонунчилик палатаси томонидан 2017 йил 6 декабрда қабул қилингач, Сенат томонидан 2017 йил 20 декабрда маъқулланди. Шунингдек у Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 24 январдаги ЎРҚ—461-сонли Қонуни билан тасдиқланди. Кодекс 5 бўлим, 37 боб ва 347 моддадан иборатдир.

Кодекс нормаларининг ҳаётга татбиқ этилиши суд, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини оширишга, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлашга туртки беради.
Маълумки, юридик шахслар рўйхатдан ўтмаган жойида ҳам, жумладан, турли жойларда фаолият юритиши мумкин. Ҳозирги кунда ишлар юридик шахс жойлашган жойда кўрилади. Айтиб ўтилганидек, улар турли жойларда фаолият юритадиган бўлса, ишни кўришда қатор қийинчиликлар туғилиши мумкин. Бу борада аниқлик киритилгани, яъни корхона ёки ташкилотга оид даъво аризаси улар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилиши суд учун шу субъектдан турли ҳужжатларни олиш, суд иши билан боғлиқ бошқа жараёнларни олиб боришда қулайлик яратади. Шу билан бирга, бу суд ҳужжатини ижро этиш жараёнини ҳам бирмунча енгиллаштиради.
Маълумки, суд иш юритувига турли соҳаларга оид ишлар келиб тушади. Ҳар соҳанинг, хусусан, судда кўриб чиқилаётган ҳар бир ишнинг ўзига хос томонлари бўлади. Уларга аниқлик киритиш мақсадида айрим ҳолларда экспертиза хулосаси талаб қилинади. Бу эса вақт, маблағ талаб этадиган жараёндир. Айрим низоларни ҳал қилишда эса мутахассиснинг маслаҳати (тушунтириши) етарли ҳисобланади.
Шунинг учун бу борада қулайлик яратиш, суд ишининг белгиланган муддатда кўриб чиқилишини таъминлаш учун иқтисодий суд иш юритувининг иштирокчилари рўйхатига мутахассис киритиладиган бўлди. Ўз соҳасини яхши билган мутахассисдан ишга алоқадор масалаларда маълумот олишнинг ўзиёқ масалага ойдинлик киритади. Бу мутахассис одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахс сифатида судда қатнашади.
Бунда мазкур инстанцияларнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ва биринчи инстанция судига янгидан кўриш учун юбориш бўйича ваколатлари қайта кўриб чиқилди. Айнан шу жараёндаги ортиқча оворагарчиликларга барҳам бериш мақсадида узил-кесил қарор қабул қилишга оид янги меъёр белгиланди.
Бунинг моҳияти шундан иборатки, эндиликда апелляция ва кассация инстанцияси судлари келиб тушган ишни аввалгидек қуйи судларга қайтармайди. Ишни ўзи кўриб чиқиб, узил-кесил нуқта қўяди. Бунда фақатгина битта истисно мавжуд бўлиб, у ҳам агар биринчи инстанция суди ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилган бўлса, ушбу суд ҳужжати бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилиши мумкин.
Мазкур инстанцияда иш юритишни белгиловчи нормалар тубдан қайта кўриб чиқилди. Эндиликда назорат инстанциясидаги ишлар нафақат Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари протести, балки назорат шикояти асосида ҳам кўриб чиқилади.
Бу суд иш юритуви иштирокчиларининг юқори инстанцияга мурожаат қилиш ҳуқуқини кенгайтириб, одил судловга эришиш даражасини оширади.
Кодексда шартномавий (ихтиёрий) вакилларнинг рўйхати келтирилди. Судда вакил сифатида ишларни юритиш бўйича профессионал фаолият билан фақат адвокатлар шуғулланиши мумкин. Бу жамиятда адвокатларнинг ўрни ва роли ошишига ҳам замин яратади.
Бир сўз билан айтганда, Иқтисодий процессуал кодекснинг қабул қилиниши мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини қонун даражасида мустаҳкамлади. Бу, албатта, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари суд орқали ишончли ҳимоя қилинишини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Камолиддин ТУХТАЕВ,
Тайлоқ туманлараро иқтисодий суди раиси


Дата добавления: 01/06/2018 14:26;   Просмотров: 1242
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку