Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда муҳим қадам ҳисобланади.
Сўнгги йилларда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди.
Муҳтарам Президентимизнинг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 2020 йил 3 сентябрда қабул қилиниб унда судлар фаолиятига янги турдаги интерактив электрон хизматларни жорий қилиш орқали хар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб борилишини таъминлаш бу эса мурожаатларни ўз вақтида ҳал этиш, ортиқча сансалорликларга йўл қўймаслик ҳамда судьялар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган.
Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастурида тасдиқланган масалаларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлиси баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш. Бу масала суд амалиётидаги муаммолардан бири ҳисобланади. Эндиликда эса суд муҳокамасидаги барча ҳолатлар аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда тўлиқ қайд қилиб борилади.
Шунингдек, 2021 йил 1 июлдан апелляция ва кассация инстанцияси судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимланишини белгиланиши эса ишларни сифатли, тўла ва ҳар томонлама адолатли кўриб чиқилишини таъминлайди. Ҳозирда биринчи инстанция судларида ишларни судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимланиш амалиёти жорий қилиниб ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида “SMS” хабар орқали бепул асосда хабардор қилиниши барча суд процесси иштирокчиларини судга ўз вақтида келишини таъминлайди.
Шунингдек, 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосига кўра эса қоғоз шаклида тақдим этилиши назарда тутилган. Бу эса суд ишларини соддалаштиришга ва қоғозбозлик олдини олишга қаратилган.
Хулоса қилиб айтганда ушбу қарор судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
Т.Байзаков,
жиноят ишлари бўйича
Самарқанд туман судининг раиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.