Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

СОЛИҚ ҚОНУНЧИЛИГИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР

Солиқ қонунчилигидаги ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад, солиқ юки даражасини камайтириш, солиқ қонунчилигини соддалаштириш, янада қулай инвестиция муҳитини яратиш ҳамда солиқлар ва тўловларни оптималлаштиришдан иборат. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 июлдаги "Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4389 Қарорига асосан 2020 йил 1 январдан бошлаб:

- Қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар давлат солиқ хизмати органларида ушбу солиқнинг тўловчиси сифатида мажбурий ҳисобга олиниши ва бу қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олишнинг шарти ҳисобланиши;
- Қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиш ёки солиқ тўловини тўлашни рад этиш тўғрисидаги хабарнома қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиладиган ой бошланишидан олдин ўн иш кунидан кечиктирмасдан тақдим этилиши;
- Қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтишда ушбу солиқ суммаси қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтилган санадан аввалги охирги 12 ойда харид қилган товар-моддий заҳираларнинг тасдиқланган қолдиқлари бўйича реализация ҳажмига мос келадиган улушда ҳисобга олиниши белгилаб қўйилди.
Шунингдек, чет эл фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси чегарасини кесиб ўтишида харид қилинган товарлар учун тўланган ҚҚСни қайтариш ("tax free" тизими) тартибини ишлаб чиқиш назарда тутилган бўлиб, ушбу тизимнинг яратилиши мамлакатимизга келаётган хорижий сайёҳлар сони ва улар томонидан амалга ошириладиган сарф-харажатларнинг янада кўпайишига олиб келади. Шунингдек, қарор билан солиқлар бўйича тўловларни кейинчалик бўлиб-бўлиб фоизи билан қайтариш орқали камайтиришни назарда тутувчи "инвестициявий солиқ кредитлари" институтини жорий этиш белгиланди. Мазкур қарорда солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун молиявий санкцияни қўллашда енгиллик бериш назарда тутилган. Жумладан, солиқ тўловчилар давлат солиқ хизмати органларининг солиқ соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги учун жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорини тан олиб, уни олган кундан эътиборан 10 кун муддатда молиявий жарималар ихтиёрий равишда тўласа, тадбиркорлик субъектлари мансабдор шахслари ва ходимларини жиноий ва маъмурий жавобгарликдан озод этиши кўрсатилган. Бундан ташқари солиқ тўловчи молиявий жарима миқдорининг 50 фоизини 10 кун ичида ихтиёрий тўласа, жарима суммасининг қолган қисмини тўлашдан озод этиш қайд этилган. Киритилаётган меъёр солиқ тўловчилар ўртасида солиқ маданиятининг ошишига ва инсофли солиқ тўловчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган. Яна бир муҳим нормалардан бири бу онлайн назорат-касса машиналари чеклари билан тасдиқланган харажатлар бўйича жисмоний шахсларга даромад, мол-мулк ва ер солиқлари бўйича чегирмалар бериш ёки чекларда кўрсатилган ҚҚСнинг бир қисмини қайтариб бериш тартибини ишлаб чиқиш топширилган.
Худди шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 25 июндаги "Ўзаро ҳисоб-китоблар тизимида электрон шаклидаги ҳисобварақа-фактуралардан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 522-сонли қарорга мувофиқ, барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклида расмийлаштириш, сақлаш ва ҳисобини юритиш 2019 йил 1 июлдан бошлаб ихтиёрий равишда, 2020 йил 1 январдан бошлаб эса мажбурий тартибда амалга оширилиши кўзда тутилган.
Ҳисобварақ-фактураларни электрон шаклида расмийлаштириши, жорий этилиши, қўшилган қиймат солиғини тўғри ҳисобланиш ва бюджетга ўз вақтида тушишини автоматик назорат қилиш имкони яратилиши ҳамда қўшилган қиймат солиғини бюджетдан қайтариб олиш тартиблари енгиллашига олиб келади.

Ф.УСМОНОВ,
туман ДСИ бошлиғи


Дата добавления: 31/10/2019 11:08;   Просмотров: 910
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку