Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ШАХСИЙ ЖАВОБГАРЛИКНИ АНГЛАБ

1. Депутат сифатида ўтган давр мобайнида қандай тадбирларни амалга оширдингиз?

2. Депутатлик фаолиятингизга туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кексаларни эъзозлаш борасида қандай аниқ режалар киритилган?

3. Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида қўшимча иш ўринлари яратиш юзасидан қандай таклиф ва ниятларингиз бор?

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида “Ҳар бир фуқаро қабул қилаётган қарорларимиз реал фойда бераётганини сезиши керак” деган сўзларидан хабардорман. Соғлиқни сақлаш тизимида фаолият юритаётганим боис депутатлик ишимда ҳам ўз сайлов округимдаги аҳоли ўртасида қабул қилинган қарор, фармойиш ва фармонларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратмоқдаман. Жумладан, “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарор қабул қилингач, тиббиётда кенг қўлланиладиган 167 номдаги ижтимоий аҳамиятга эга дори-дармон воситалари ва 22 турдаги тиббиёт буюмлари учун муайян нарсалар белгиланганлиги юртдошларимизни руҳлантирмоқда. Энди юридик шахслар томонидан дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари нархини сунъий равишда ошириш ҳолатлари аниқлангач, лицензия бекор қилиниши кўзда тутилганлигини кўпчилик билади. Тиббиёт коллежи битирувчилари Гулбаҳор Беҳбудова, Моҳина Савриеваларни ишга жойлаштиришга эришдим. 2016 йил давомида 18 та депутатлик сўровимнинг 13 тасига жавоб олинди. 2004 йилда туғилган Аббос Санақуловни Германия давлатида даволаниш учун боришига амалий-ташкилий ёрдам кўрсатилди. Чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан хотин-қизларни ўтказишда бевосита қатнашмоқдаман. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш билан боғлиқ чора-тадбирлар ижроси доимий назоратимда.

2. Давлатимиз раҳбарининг туманимиздаги Оҳалик ва Миронқул ҳудудларини экотуризм объектларига айлантириш борасидаги қарори ҳам айни муддао бўлди. Сабаби, бу сўлим тоғли масканларда янги-янги иншоотлар бунёд этилиб, юзлаб янги иш ўринлари яратилади, йўллар, дам олиш зоналари янги қиёфа касб этади. Ҳудуддаги миллий қадриятлар, табиий бойликлар, экологик маданият ҳимоя остига олинади, тадбиркорликнинг маиший хизмат ва сервис турлари йўлга қўйилади.

3. Миронқул тоғ ён бағирлари, қир-адирларида бўм-бўш ётган жойлар, хушҳаво сойлардан унумли фойдаланиш, энг аввало экспортбоп мевали боғ-роғлар барпо этиш, айниқса писта, бодом, ёнғоқ, жийда, малина, челон, наъматак сингари хуштаъм меваларни юқори агротехник тартиб-қоидалар асосида жойлаштириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблайман. Ҳудуддаги зилол булоқ ва ирмоқларни асраб, ҳақиқий обиҳаёт манбаига айлантириш лозим. Доривор гулу гиёҳлар, фауна ва флора оламини қўриқлаш тизимини яхшилашда кенг жамоатчиликни жалб этишимиз даркор.

Гулнора ЮСУПОВА, 3-Миронқул сайлов округидан туман Кенгаши депутати


Последнее редактирование: 30/03/2017 10:23;   Просмотров: 1433
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку