Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ШАНХАЙ ҲАМКОРЛИК ТАШКИЛОТИНИНГ 5 ТА ЛОЙИҲАСИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЎТКАЗИЛАДИ

Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида Ёшлар кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи делегацияси ҳам қатнашди. Халқаро мулоқот майдонида ШҲТ Ёшлар кенгашининг 2018-2019 йиллар давомида амалга оширилган ишлар якуни бўйича маълумот берилиб, 2019-2020 йилларга мўлжалланган иш режаси тасдиқланди.

Муҳокамалар мобайнида Покистон ва Ҳиндистон ёшларининг ШҲТ Ёшлар кенгашига қўшилиши, ШҲТ Ёшлар кенгашининг давлат раҳбарларига мурожаатини ишлаб чиқиши, ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни ҳар томонлама кенгайтириш масалалари ҳам ўртага ташланди.
Йиғилишда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи делегацияси раҳбари Қаҳрамон Қуронбоев 2020 йилда ШҲТнинг қишки оромгоҳини Тошкентда ўтказиш ҳамда Хивада ШҲТнинг бизнес стартапини ташкил этиш каби ташаббусларни илгари суриб, барчани ёшлар манфаатлари учун кўпроқ ҳаракат қилишга ҳамда ҳамкорликда бунданда самаралироқ фаолият юритишга чорлади.
Ўзбекистон делегацияси Қирғизистон Республикаси Спорт ва ёшлар вазири билан ёшлар масалалари бўйича мулоқот қилиб, ёшлар туризмини ривожлантириш ва улар ўртасида оммавий спортни тарғиб этишга қаратилган мусобақаларни биргаликда ўтказишга келишиб олди.
Мажлисда илгари сурилган ташаббуслардан келиб чиққан ҳолда Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 2019-2020 йиллар бўйича 5 та лойиҳаси Ўзбекистонда ўтказиладиган бўлди. 2019 йилнинг октабрь ойида пойтахтимизда ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида "Стартаплар форуми" ташкил этилиб, ноябрда PROlogue V халқаро кинофестивалга ҳам старт берилади.
Ноябрь ойида эса қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқандда ШҲТ давлатларининг ёшлари ўртасида "Дўстлик учун!" шиори остидаги веломарафон бўлиб ўтади. 2020 йилнинг январь ойида ШҲТ қишки ёшлар оромгоҳи ташкил этилади. Баҳорнинг илк ойида эса Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган ҳаваскор ёшларнинг футбол бўйича I чемпионати ва волейбол бўйича турнири ШҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳаларини якунлаб беради.

ЎзА


Дата добавления: 21/06/2019 12:30;   Просмотров: 882
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку