Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

СЕКТОРЛАР ИШИ ЖОНЛАНСА МУРОЖААТЛАР СОНИ КАМАЯДИ

Ҳаётда ҳар бир инсон дуч келиши мумкин бўлган шундай ижтимоий, иқтисодий, маиший масалалар борки, уларни ҳал қилишда давлат идораларининг, жамоатчиликнинг амалий кўмаги, раҳбар ҳамда мансабдор шахсларнинг адолат, қонун талабларига қатъий бўйсуниши, бошқача айтганда, оқни оқ, қорани қора, дея билиши сув ва ҳаводек зарур.

Бугун юртимизда юз бераётган ўзгаришлар ҳамда янгиланишлар ҳақида сўз юритганда, давлат ва хўжалик бошқаруви органларида мурожаатлар билан ишлаш тизими сезиларли даражада яхшиланаётгани, ҳудудларда одамларни ўйлантираётган, қийнаётган масалаларни имкон қадар жойида ҳал этишга эътибор ортаётганини мамнунлик билан таъкидлаймиз. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ҳамда Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатларга қонуний ечим топиш мақсадида сайёр қабулларнинг тизимли равишда ўтказилаётгани ойлар, йиллар давомида ўз муаммосига чора излаб, сарсон юрган кўплаб инсонларга катта мадад бўлаётир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожиатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати томонидан Самарқанд вилоятидаги қатор туманларда ташкил этилган сайёр қабуллар буни яна бир карра тасдиқлади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), вазирликлар ҳамда ҳуқуқ-тартибот идоралари, маҳаллий ҳокимликлар, ҳудудлардаги секторлар масъуллари иштирок этган мазкур тадбирларда турли ёшдаги, турли миллатга мансуб фуқаролар мурожаатларига аниқ, узил-кесил жавоб берилди.
Хусусан, Каттақўрғонда ўтган сайёр қабулда ушбу ҳудуддан ташқари Нарпай, Пахтачи туманларида яшовчи 320 нафардан ортиқ фуқаролар мурожаатлари тегишли тартибда ўрганилган бўлса. Иштихон туманида кечган очиқ мулоқотларда Оқдарё, Пайариқ ва Қўшработ туманларидан ҳам йўлланган 360 га яқин аризалар, шикоятлар ҳамда таклифлар кўриб чиқилди.
Мурожаатларни ўрганиш асносида ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида ташкил қилинган секторлар фаолияти янада жонланиши кераклиги маълум бўлмоқда. Чунки аксар мурожаатларда секторлар доирасида ҳал этилиши мумкин бўлган масалалар кўтарилмоқда. Бугун одамларни ташвишлантираётган муаммоларни бартараф қилиш билан чекланиб қолмай балки профилактика тадбирларини янада жадаллаштириш ҳаётий заруратга, айланаяти. Бошқача айтганда, халқимиз кайфиятига салбий таъсир кўрсатадиган муаммолар пайдо бўлишининг олдини олиш лозим. Жойлардаги секторлар ўз ишини шу талаб асосида йўлга қўймаса, мурожаатлар сони камаймайди, аксинча, ортиб бораверади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қўшработ туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Адбуҳамид Қобиловнинг айтишича, Иштихонда сайёр қабулда Қўшработ туманидан 16 нафар фуқаро қатнашди. Шу куни Қўшработликларнинг деярли барчаси сайёр қабулдан қониқиш ҳисси билан уйларига қайтдилар, десак, янглишмаймиз. Масалан, тумандаги Юқори Жўш маҳалласида яшовчи Бобур Мирзоновнинг автоҳалокатга учрагани, суд қарори чиққанига қарамай, айбдор ҳайдовчи етказилган моддий зарарни тўлашдан бўйин товлаб келаётгани билан боғлиқ мурожаати бўйича ўша ондаёқ амалий ишга киришилди. Мажбурий ижро бюроси томонидан фуқаро мурожаати юзасидан қонуний чора кўрилди. Умуман, Самарқанд вилоятида ўтган галдаги сайёр қабулларда кўрилган мурожаатларнинг салмоқли қисми мазмунан уй-жой, ер олиш, суд қарорлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятидан норозилик, тиббий хизматдан фойдаланиш, алимент ундириш каби масалаларга дахлдор бўлди. -Саломатлигимни тиклаш учун сиҳатгоҳларга йўлланма, сўраб бир қанча ташкилотларга мурожаат этганман, - дейди иштихонлик отахон Сардор Турсунқулов. -Аммо ҳеч натижаси бўлмади. Сайёр қабулда муаммомни тинглашди. Маъсуллар 4 октябрь кунига сиҳатгоҳга йўлланма берилишини ваъда қилдилар. Аҳоли билан мана шундай очиқ, юзма-юз мулоқотлар ўтказилаётгани давлат идораларининг халққа яқин бўлишга интилаётганини кўрсатади. Бундан, албатта, хурсандмиз.
Пастдарғом туманида ўтказилган сайёр қабул ҳам кўплаб инсонларнинг ёдида бир умрга муҳрланиб қолган бўлса, ажабмас. Гап шундаки, ушбу тадбир давомида жазони ижро этиш муассасаларидаги маҳбуслар ва уларнинг яқинларидан Виртуал қабулхонага келиб тушган аризалар ҳам куриб чиқилди. Шу ернинг ўзида сайёр суд ўтказилиб, турли муддатларга жазо тайинланган шахсларнинг ўз айбига иқрорлиги, қаттиқ пушаймонлиги инобатга олиниб, инсонийлик, бағрикенглик тамойилларига кўра озодликка чиқарилди.
-Билмай тўғри йўлдан адашдим, - дейди улардан бири Исмоил Сойимов. -Озодликдан маҳрум қилинганимда, ҳалол ҳамда озод яшаш қанчалар бахт эканини чуқур англаб етдим. Қилмишимдан жуда-жуда афсусландим. Яна бир имконият берилса, ҳеч қачон нопок ишларга қўл урмасликка, оиламга, жамиятга фойдам тегиши учун астойдил ишлашга ваъда бердим. Давлатимиздан кечирим сўраб мурожаат этгандим.Мурожаатим эътибордан четда қолмагани, мана бугун муддатидан олдин озодликка чиққаним, яна яқинларим бағрига қайтаётганим учун беҳад миннатдорман.
Сайёр қабуллар якунида вилоят, шаҳар ва туманлар кесимидаги секторлар раҳбарлари, аҳоли билан янада кўпроқ мулоқотлар ўтказиб, мурожаатларни ўрганиш орқали ҳудудларда тўпланиб қолган ижтимоий, иқтисодий муаммоларни ечишга масъулият билан ёндошиши юзасидан таклиф-тавсиялар билдирилди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ, “Халқ сўзи ” газетасидан


Дата добавления: 13/10/2017 11:27;   Просмотров: 1236
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку