Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

САЙЛОВЛАРНИНГ ОЧИҚЛИГИ ВА ОШКОРАЛИГИ

бу жараёнда фуқаролар ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўрни

Бугунги кунда Ўзбекистонда катта сиёсий жараён - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига ўтказиладиган сайловлар ўзининг ҳал қилувчи палласига кириб бормоқда.
Ушбу муҳим сиёсий воқеликка "Янги Ўзбекистон, янги сайловлар" деган шиор танлангани бежиз эмас. Зеро, сайловлар мамлакатда амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар, яқин ва олис истиқбол учун белгилаб олинадиган стратегик тараққиётнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда катта аҳамият касб этади.
Бу йилги сайловлар яқинда қабул қилинган, сайловларни умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ўтказишга ҳизмат қиладиган Сайлов кодекси асосида ҳамда юртдошларимизнинг онгу тафаккури ўзгарган, ўзининг ва фарзандларининг келажагига юксак ишонч билан боқаётган бир шароитда ўтмоқда.
Сайлов кодекси фуқаролик жамиятининг энг муҳим институти - маҳалланинг сайловларга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишдаги ролини сезиларли даражада кучайтирганлигини алоҳида таъкидлаш зарур.
Биринчидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг кузатувчилари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича барча тадбирларда, шунингдек, сайлов куни ва овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.
Иккинчидан, Халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияларининг аъзолари фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг тавсиясига биноан тасдиқланади.
Учинчидан, участка сайлов комиссиялари аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиб, улар халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари мажлисларида муҳокама қилинади ва тегишли округ сайлов комиссияси томонидан тасдиқлашга тавсия этилади ва ҳоказо.
Яъни, маҳалла институти бир пайтнинг ўзида сайловни ташкил этувчи (участка сайлов комиссиялари, округ сайлов комиссияларини тузиш) ва кузатувчи сифатида иштирок этиши кўзда тутилган. Бу эса, ўз навбатида, фуқароларнинг ушбу институт орқали сайлов жараёнлари устидан бевосита назорат ўрнатиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Илгари маҳалладан кузатувчилар фақат халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловидагина иштирок этиши назарда тутилган эди. Энди маҳалла кузатувчилари барча сайловларда қатнашиши мумкин.
Шунингдек, аввал участка сайлов комиссияларининг аъзолари жамоатчиликнинг обрўли вакиллари орасидан тайинланади, деб белгилаб қўйиш билан чекланилган бўлса, эндиликда Сайлов кодексининг 23-моддасига асосан, участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан таклиф этилиши назарда тутилди.
Бундан ташқари, Сайлов кодексининг 14-моддасида Марказий сайлов комиссияси жамоат бирлашмалари вакилларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар бўйича ҳисоботларини тинглайди ва 15-моддада уларнинг Марказий сайлов комиссияси йиғилишларида иштирок этишини таъминлайди.
Сайлов кодексининг 39-моддасига асосан, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширувчи Эксперт гуруҳи таркибига фуқаролик жамияти институтларининг вакиллари ҳам жалб этилади.
Бошқача айтганда, Ўзбекистон қонунчилигида фуқаролар ва жамоат бирлашмаларининг сайловларни кузатиш ҳуқуқи тўла таъминланган.
Жорий йилнинг 5 октябрь куни Марказий сайлов комиссиясининг 951-сонли қарори билан "Сиёсий партиялар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан кузатувчилар тўғрисидаги Низом" тасдиқланди. Ушбу Низом сиёсий партиялар, шунингдек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кузатувчиларининг ҳуқуқий мақомини, ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳамда уларнинг ҳужжатларини расмийлаштириш тартибини белгилайди.
Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда Марказий сайлов комиссияси ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ўртасида сайлов жараёнларини янада демократлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум тайёрланди. Унга асосан томонлар:
- фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларининг ҳуқуқий маданияти ва сайлов ташкилотчиларининг касбий малакаси даражасини юксалтириш бўйича ҳамкорликда тадбирлар ташкил этади;
- сайлов қонунчилигини янада либераллаштириш моҳиятини очиб беришга қаратилган тадбирлар, семинарлар, конференциялар, тренинглар, "давра суҳбатлари" ўтказади, лойиҳаларни амалга оширади, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқади;
- оммавий ахборот воситалари имкониятларидан кенг фойдаланади, биргаликда тадбир ва лойиҳалар ўтказишда очиқлик ва ошкоралик тамойилига риоя қилади.
Сайлов кодекси ва ушбу ҳужжатлар сайловларнинг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлашда ҳар бир фуқаро ва ташкилотнинг ролини оширишга хизмат қилишини алоҳида қайд этиш зарур.
Аён бўляптики, республикамизнинг ҳар бир фуқароси, шунингдек, ҳар бир ташкилот сайловларнинг очиқ-ошкоралиги ва шаффофлиги таъминланишига муайян ҳисса қўшиши учун ҳуқуқий асос яратилди. Фуқаролар ушбу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиб, янги Парламент ва маҳаллий Кенгашларни шакллантиришда фаол қатнашишларига ишончимиз комил.

Маруфжон УСМАНОВ
Насимжон АЛИМОВ


Дата добавления: 02/12/2019 11:20;   Просмотров: 876
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку