Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

САЙЛОВЧИЛАР ИШОНЧИНИ ОҚЛАЙМИЗ

1. Депутат сифатида ўтган давр мобайнида қандай тадбирларни амалга оширдингиз?

2. Депутатлик фаолиятингизга туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кексаларни эъзозлаш борасида қандай аниқ режалар киритилган?

3. Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида қўшимча иш ўринлари яратиш юзасидан қандай таклиф ва ниятларингиз бор?

1. Депутат ўз сайловчилари олдида доимо ҳисобот бериши, масъулиятни ҳис этган ҳолда ишлаши шарт. Негаки, давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев: “Менга юраги жўшиб, кўзи ёниб турадиган, ишлайман деган одамлар керак”, дея беҳуда айтмаганлар-да. Шунинг учун мен депутат сифатида ўз сайловчиларим билан тез-тез учрашиб, уларга ҳисоб бериб тураман, фикр-мулоҳазалари билан қизиқиб, уларни ўйлантираётган масалаларини ҳал этиш чораларини излайман. Туман ҳокимлиги, Улуғбек қишлоқ фуқаролар йиғини ва Хожа Аҳрор Валий маҳаллаларида сайловчиларни қабул қилиб, улар дардига шерик бўлмоқдаман. Биринчи навбатда “Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши раиси сифатида туманимиз ёшлари ўртасида турли-туман тадбирларни уюштириб, уларнинг бўш пайтларини мароқли ўтишига ҳисса қўшаяпман.

Сайловчиларим таклифлар, шикоят ва бошқа аризалар билан мурожаат қилишар экан, уларни қонунда кўрсатилган муддатларда ҳал этиш чораларини кўраман. Шу кунларда фуқароларни ўйлантираётган муаммолардан бири табиий газ ва электр энергияси таъминотидаги узилишлардир. Шуларни инобатга олиб, туман “Зарафшон” электр тармоқлари корхонаси ва “Марказгаз” таъминоти унитар корхонасининг “Самар-қандтумангаз” филиалига депутатлик сўровлари юбордим. Сўров ижобий ҳал этилиб, Хожа Аҳрор Валий-1 маҳалласида электр энергияси таъминотини яхшилаш учун янги трансформатор ўрнатиш режалаштирилди ва аҳолини суюлтирилган газ баллонлари таъминлаш яхшиланди.

Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорлари асосида ёшлар ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилди. Улар билан Олий Мажлис, вилоят ва туман Кенгашлари депутатлари, зиёлилари, таниқли ижодкорларнинг билан учрашувлари ташкил этилди.

2. 2017 йил - “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурига биноан қатор режалар тузиб олганмиз. Шунга биноан туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кексаларни эъзозлаш борасида аниқ режалар тузиб, ёшларнинг кекса авлод вакиллари билан учрашувларини ташкил этмоқдамиз. Ҳар бир ташкилот, корхона, мактаблардаги бошланғич ташкилотлари фаолиятини ошириш, иқтидорли ёшларни рағбатлантириш, уларни кўпроқ кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ишларига ундамоқдамиз.

3. Аҳолини, айниқса ёшларни ижтимоий муҳофаза қилиш, коллеж битирувчиларини иш билан таъминлаш мақсадида ҳам қатор ишларни бажардим. Шу пайтга қадар бевосита аралашувим билан 200 нафарга яқин ёшларни ишга жойлашишида кўмаклашдим.

Сайловчилар билан учрашар эканман, аввало уларнинг иш билан бандлигига, сиҳат-саломатлигига, қандай муаммо қийнаётганига диққатимни қаратаман. Агар халқ сайлаган ҳар бир депутат кўнгилдагидек иш олиб борса, ўйлайманки, муаммолар келиб чиқмайди, туманимиз эса янада гуллаб-яшнайди.

Азиз РАЖАБОВ, 5-Хожа Аҳрор сайлов округидан туман Кенгашининг депутати


Последнее редактирование: 31/03/2017 06:31;   Просмотров: 1439
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку