Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

САЙЛОВ-МУҲИМ СИЁСИЙ ЖАРАЁН

Жорий йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига навбатдаги сайлов бўлиб ўтади. Бўлажак сайлов аввалгиларидан тубдан фарқ қилиши кутилмоқда. Чунки, бу йилги сайловлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ўтказилади.

Жорий йилнинг 25 июнь куни тасдиқланган мазкур кодексда сайловларга доир кўплаб янгилик ва имкониятлар яратилди. Жумладан, мавжуд сиёсий партиялар ваколатли вакилларининг ҳуқуқлари кенгайтирилди. Унга кўра, эндиликда ваколатли вакил сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.
Шунингдек, Сайлов кодексининг 6-бобида кузатувчиларнинг, сиёсий партиялар ваколатли вакилларининг, оммавий ахборот воситалари ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам аниқ белгилаб берилди. Эндиликда Қонунчилик палатасига ва маҳаллий кенгашларга сайлов бир вақтда ўтказиладиган тақдирда, ягона сайлов участкаларини тузиш назарда тутилди. Бундан ташқари, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи нормалардан воз кечилди. Сайлов участкаларида якунлар бўйича овозларни санаш баённомаси нусхасини дарҳол жойлаштириш тартиби ўрнатилди, сайлов жараёнини бошқаришда ахборот тизими ва сайловчиларнинг ягона тизими ва сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини жорий қилишнинг ҳуқуқий асослари ҳамда бошқа бир қатор қулайликлар киритилди. Ҳозирги кунда жойларда сайлов компаниясида фаол иштирокни таъминлаш бўйича мажлислар ўтказилиб, бажарилиши лозим бўлган ишлар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинмоқда. Сайловолди тадбирларнинг календарь режалари ишлаб чиқилиб, улар асосида ўзаро хамкорликда ташкиллаштирилаётган дастлабки тадбирларда хавфсизликни таъминлаш учун ички ишлар органларининг жойлардаги куч ва воситалари жалб этилмоқда. Бундан ташқари, сайловга оид барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида ходимларга батафсил маълумотлар берилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, жорий йилнинг декабрь ойида ўтказилиши кутилаётган сайловда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўлиқ ва эркин намойиш этишлари билан боғлиқ барча сиёсий тадбирларнинг юксак савияда ўтказилишига ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшишимиз ҳам қарз ҳам фарздир.

Эркин АХТАМОВ,
1-сон туман нотариал идораси нотариуси


Дата добавления: 02/12/2019 11:27;   Просмотров: 889
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку