Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

САМАРҚАНДДА ЁШ ОЛИМ ВА ТАЛАБАЛАРНИНГ АНЪАНАВИЙ АНЖУМАНИ БЎЛИБ ЎТДИ

Самарқанд Давлат архитектура-қурилиш институтида «Таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграциясида интеллектуал салоҳиятли ёшлар – мамлакат тараққиётининг муҳим омили» мавзусида ёш олимлар ва истеъдодли талабаларнинг анъанавий республика илмий-амалий анжу-муани бўлиб ўтди.

Тадбирда олий таълим муассасаларида илмий-тадқиқот ишлари олиб бораётган ёш олимлар, магистрантлар, талабалар ўзларининг архитектура, геодезия, иқтисодиёт ва сервис, экология, техника ва технологиялар, педагогика ҳамда психологиянинг долзарб муаммоларига доир маърузалар билан қатнашди.
– Бугунги кунда дунё миқёсида автомобиль траспортидан чиқаётган заҳарли газларнинг атроф-муҳитга таъсирини камайтириш, бу борада замонавий, табиатга зарари кам технологиялардан фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Самарқанд ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти тингловчиси А.Абдуллоев. – Бизнинг билим юртимизда ҳам бу борада илмий изланишлар олиб борилмоқда. Анжуманда транспорт ва бошқа ҳаракатланиш воситалари, айрим техник қурилмаларнинг экологияга зарарли таъсирининг олдини олишга доир маърузам билан иштирок этдим. Мутахассислар билан фикр алмашдик.
Анжуманда фан ва технологиялар модернизацияси, ёш олимларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган амалий таклифлар, инноваццион ғоя ва ишланмаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. Энг яхши маъруза ва илмий мақола муаллифлари сараланди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бадиий академия «Ҳунарманд» уюшмаси ва бошқа ташкилотлар томонидан эълон қилинган «Янги аср истеъдодлари – 2017» кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилди.
Танловда архитектура ва қурилиш соҳаси бўйича кадрлар тайёрлашга ихтисослаштирилган олий ўқув юртлари талабаларининг 600 га яқин ижодий ишлари намойиш этилди.
«Энг яхши ранг-тасвир асари, «Энг яхши амалий санъат асари», «Энг яхши архитектуравий макет», «Энг яхши мухандислик лойиҳалари ва ишланмалари», «Энг яхши қурилиш материаллари ва технологиялар» каби 10 дан зиёд номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди.

Ғолиб ҲАСАНОВ,
ЎзА


Дата добавления: 02/06/2017 12:28;   Просмотров: 1310
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку