фуқароларни ташвишлантираётган муаммолар ечимига нуқта қўйди
Одамлар билан учрашиш, дард - ташвишларидан воқиф бўлиш, мушкулотини осон қилиш бугунги раҳбар фаолиятининг бош мезонига айланиб улгурди.
Ўтган ҳафта туман ҳокими бошчилигида ҳокимлик бўлим ва бошқармалари, мутасадди идоралар раҳбарлари, етакчи мутахассислар 1-сектор ҳудудидаги Сулфакабутак маҳалласи марказида йиғилишди.
- Очиғини айтсам, янги йилдаги илк сайёр қабулни айнан мана шу маҳаллада ўтказилишидан мақсад, ҳудудда бундан олдинги ташрифим натижалари, топширилган вазифалар ижросини ўрганиш, келгусидаги режаларимизни белгилаб олишдир. Бундан буён халқ ичига кириб бориш, муаммоларни жойида кўриб чиқиш, ечимини топиш ҳаммамиз учун давлат раҳбари топшириғи сифатида биринчи даражали вазифа бўлиб қолади, янгича усул, ёндошув ва тизим билан ишлаймиз, - деди ҳоким ўзининг кириш сўзида
Қабул давомида жами 30 киши мурожаат этган булса, қарийб 50 та масала кун тартибига қўйилди. Буларнинг асосий қисмини ҳаргалдагидек, уй-жой муаммолари ташкил этади. Шунингдек, тиббий хизмат, моддий ёрдам, алимент, паспорт, кўмир, ишга жойлаштириш, тадбиркорлик, эгалик ҳуқуқини тиклаш, ҳаж зиёрати, деҳқон ва фермер хўжалиги, кадастр хизмати, оилавий низолар, йўлни асфальтлаштириш, суюлтирилган газ баллони, трансформатор, эски симёғочлар билан боғлик иқтисодий, ижтимоий, маиший масалалар ечимига ойдинлик киритилди. Ижро учун тегишли муддат ва масъул ташкилот мурожаат этувчи фуқаро олдида белгилаб берилди.
Шу ўринда баъзи эътирозларни таъкидлаб ўтишни лозим топдик. Шундай фуқаролар борки, тўрт мучаси соғ, ғайрат қилса кўп ишларни бажаришга қодир бўла туриб, ҳокимнинг қаерда, қачон сайёр қабул ўтказишини кузатиб, кутиб юради. Узоқ жойда бўлса ҳам боради, одамларга сўз бермай боласига, ўзига ёки набирасига нима керак бўлса топиб беришини сўрайди (ҳатто қатъий қилиб). Ҳоким мутасадди раҳбарларни турғазиб сўрагач масала бошқача тус олади. Ўша фуқаро маҳалласидан, қайсидир ташкилот ёки фермердан моддий кўмак олиб тураётгани аниқ бўлади.
- Ҳе, ноинсоф - а, -дегинг келади баъзан. - Ахир, икки кўзи кўр бўла туриб тандир ясаётган, гилам тўқиётган кимсаларни курмаганмисан!... Улардан бирортаси ҳокимга ёки бошқа бир ташкилотга ёрдам сўраб бормайди. Буни ўзига эп кўрмайди.
Қорни тўқ, кўзи оч кимсалар қачон инсофга киради. Қачон улар «бер - бер»ни унутиб, ўзларидан нимадир қолдиришга интилишади? Ҳоким ҳам қонун ва адолат доирасида, имкониятига қараб ишлайдида?!
Таъкидлаш жойизки, қабулга келган фуқаролардан айримлари прокуратура, ИИБ ва солиқ идоралари масъул бўлган сектор ҳудудларида яшайдилар.
Сайёр қабул сўнгида маҳалла марказида қурилиб фойдаланишга топширилган профилактика инспектори, лейтенант Миржамол Эргашевнинг уй - жойи кўздан кечирилди.
Шунингдек, жорий йилда маҳалла марказининг янги биноси ҳамда 40-50 кишини иш билан таъминлашга мўлжалланган тикувчилик, эркак ва аёллар сартарошхонаси, озиқ-овқат дўкони барпо этиш чоралари белгиланди.
Н.МЕҲРАНГИЗ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.