Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ОРЗУ-ИНТИЛИШЛАР ИФОДАСИ

Туман ҳокими Ботир Кадиров билан суҳбат

– Ҳурматли Ботир Мамирович, аввало Сизни кириб келган 2017 йил билан “Гулобод тонги” газетаси м уштарийлари номидан чин қалбдан табриклашга ижозат берсангиз.

– Раҳмат.

Поёнига етган 2016 йил кўрсаткичлари қандай бўлди?

– Туманимиз меҳнаткашлари 2016 йилни ёруғ юз билан якунладилар. Айниқса деҳқон ва фермерларимиз об-ҳаво инжиқликларига қарамасдан юксак кўрсаткичларга эришдилар. Биринчи бўлиб “кумуш тола” ижодкорлари давлатга шартнома асосида 64,9 тонна пилла топшириб, бу соҳадаги мажбуриятларини 100,1 фоизга бажардилар. Мавжуд 391 та фермер хўжалиги 3 минг 790 гектар майдонга бошоқли дон экинлари парвариш қилиб, жами 10 минг 193 тонна ғалла дони хирмонга тўкилди. Натижада шартномавий режа 105 фоизга уддаланди. Айни пайтда 3 минг 590 гектар суғориладиган майдонларга ва 300 гектар лалми ерларга бошоқли дон парвариш қилинмоқда.

Умуман, туманда қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер майдони 15,9 минг гектарни ташкил этиб, улардан 3 минг 555 гектари боғ ва 3 минг 896 гектари токзорлардир. Шунингдек, 6 минг 572 гектар майдонда сабзавот, 1715 гектарда картошка ва 187 гектар майдонда полиз экинлари парвариш қилиш режалаштирилган. Чунки мақсадимиз 200 минг тоннадан кўпроқ сабзавот маҳсулотлари, 44 минг 200 тонна картошка, 4 минг 300 тона полиз, 46 минг 400 тонна мева ва шунча миқдорда ширин-шакар узум ишлаб чиқаришдир.

Сизнинг маълумотингизга шуни қайд қилиш жоизки, 2016 йил якуни бўйича қишлоқ хўжалигидан 340,8 миллиард сўм, саноатдан 585,4 миллиард сўм даромад қилиш кутилмоқда. Чакана савдо айланмаси 406 миллиард сўм, турли хил хизматлар ҳажми 281,3 миллиард сўмни ташкил қилди. Бу кўрсаткичлар режадан анча кўпдир.

Шарқ тақвимига кўра 2017 йилсаҳархез, янгиликка интилувчан, ризқ-рўзини эрта тонгдан топишга одатланган товуқ йили кириб келди.

-Тўғри айтдингиз. Мунажжимлар йилнинг ниҳоятда жўшқин, баракали бўлишини таъкидлашмоқда. Барча хил ижтимоий, иқтисодий, маънавий ва маданий жиҳатдан ва энг муҳими касбу коримиз доирасида ижобий ўзгаришлар рўй бериши табийдир. Аммо йилнинг янада самарали кечиши учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, аҳиллик билан меҳнат қилишимиз талаб этилади. Унутмаслик керакки, ишбилармонлик, меҳнатсеварлик, тиниб-тинчимасдан мунтазам янгиликка интилиш-товуқ йилининг омад калитлари бўлиб хизмат қилади. Шу кунларда тажрибали, узоқни кўзлаб режа асосида иш олиб бораётган деҳқону боғбонларимиз қиш фасли бекорчилик палла деб ҳисобламасдан дала юмушлари билан банд бўлишмоқда. Сув шахобчаларини тартибга келтириш, маҳаллий ўғит жамғариш, кузги ғаллага минерал озуқа бериш, боғу токзорларга яхоб суви оқизиш авжида. “Товуққа умид қил, лекин ўзингдан қолма” деганига амал қилиш шу бўлса керак.

Биз ўз навбатида тадбиркорлик фаолияти ва хусусий мулкни ҳимоя қилиш юзасидан яқинда қабул қилинган Президет Фармони талабларига сўзсиз амал қилишни таъминлаш учун барча имкониятларни ишга солаяпмиз. Чунки Президентимиз таъбири бирлан айтганда халқ бой бўлса, давлат ҳам, албатта бой ва қудратли бўлади.

– Биз, журналистлар касб тақозоси билан турли жойларда бўламиз. Яқинда 34-умумтаълим мактабига ташриф буюрганимизда Сиз бошчилигингизда туман раҳбарлари Чоршанба қишлоғи аҳолиси билан очиқ мулоқот ўтказишингизни таъкидлашди.

– Мўҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24-йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузаларида: “Бугун ҳаётимизнинг ўзи Конституциямизда ифодасини топган энг асосий мақсад – инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш масаласини долзарб вазифа қилиб қўймоқда. Инсон манфаатларини таъминлаш учун эса, аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак” деб алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Бундан ташқари, айнан биз, раҳбарларга “халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак ва бу ҳақиқатни, аввало барча бўғиндаги раҳбарлар яхши тушиниб олиши зарур” дея уқтириб ўтдилар. “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаататлари йили”нинг асосий мақсади ҳам аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни ташвишга солаётган муаммоларни ўз вақтида ва жойларда ҳал қилишдан иборат эканлигини фақат ҳоким эмас, ҳатто оддий маҳалла оқсоқоллари билишлари ҳам қарз, ҳам фарздир.

– Одамлар нималар ҳақида мурожаат қилмоқда?

– Шу кеча-кундузда айниқса, электр-энергия, табиий газ ва сув таъминоти, йўлларнинг ҳолатини яхшилаш, транспорт ҳаракати, савдо, маиший хизмат ва уй-жой қурилиши тўғрисида кўплаб саволлар беришади. Очиқ айтиш керакки, бу муаммоларни бир кунда ҳал қилиб бўлмайди. Биз аҳоли талабини босқичма-босқич бажариш йўлларини топиб, масалани ҳал қилаяпмиз. Масалан, баллонли газ тарқатишни яхшиладик, давлат томонидан кўмир олишни йўлга қўйдик. Уй-жой масаласида ижобий ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида”ги қарори энг аввало кам таъминланган, ижтимоий ҳимоя, мадад-мурувватга эҳтиёжманд оилаларнинг ҳам тўкис баҳраманд бўлиши учун катта йўл очди. Мазкур қарорга асосан қишлоқ жойларда нарх параметрлари ва шинам якка тартибдаги уй-жойлар намуналарининг учта энг арзон турларини қўшимча равишда барпо этиш назарда тутилади. Биринчи тур бўйича уч ёки тўрт йўлакли, хўжалик иморатлари ва обод ҳовлилари бўлган икки ва уч қаватли квартирали уйлар барпо этилади. Бундай уйларнинг умумий майдони 42,4 квадрат метр ва тахминий қиймати 72,5 миллион сўм, хўжалик иморатлари ҳисобга олинган ҳолда 85 миллион сўм бўлган икки хонали квартиралар қуриш кўзда тутилади. Уч хонали квартираларнинг майдони 52,4 квадрат мерт ва тахминий қиймати 88,5 миллион сўм, хўжалик иморатлари ҳисобга олинган ҳолда тахминий қиймати 100,7 миллион сўм бўлади. Ипотека кредити уй йиллик имтиёзли давр ва биринчи давр 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз миқдоридаги фоиз ставкаси билан 15 йилга берилади. Кейинги йилларда кредит фоиз ставкаси марказий банкнинг ҳозирги вақтида йиллик 9 фоизни ташкил этади.

Бинобарин, янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича қуриладиган арзон уй-жойларни сотиб олишга эндиликда заруратга кўра ҳар бир фуқаронинг, ҳар бир оиланинг қурби етадиган бўлади. Бу серфарзанд халқимизнинг уй-жой шароитини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, турмуш маданиятини юксалтириш, пировард натижада эса, одамларнинг ҳаётидан рози бўлиб, мустақил диёримизга, Президентимиз доно сиёсатига шукрона айтишга имконият яратишдир. Шунингдек, туман ҳудудида самарали меҳнат учун зарур шароитлар яратиш, сифатли таълим ва тиббий ёрдам ҳамда Зарафшон тоғ этакларида жойлашган сўлим ва хушҳаво Оҳалик, Мирон-қул, Оқбўйро, Илонсой, қишлоқларида дам олиш ва ҳордиқ чиқариш учун кенг имкониятлар яратиш – буларнинг ҳаммаси иқтисодий, ижтимоий, маърифий ислоҳотларимизнинг моҳияти ва мазмунини белгилаб берадиган муҳим омил бўлади. Инсон манфаатлари олий қадрият даражасида кўтарилган бизнинг обод ва озод Ўзбекистонимизда меҳнат қилиш ва яшашнинг ўзи катта бахт-саодатдир.

Халқимизда, “қуш қаноти биландеган ибора бор.

– Нимага урғу бераётганингизни тушундим. Менинг қанотларим – кеча-кундуз халқ фаровонлиги учун астойдил жон куйдираётган атрофимдаги ажойиб, фидойи, меҳнаткаш халқдир. Аммо туман ҳокимиятида эса, биринчи ўринбосарим Қурбон Алиевич Қурбонов, ижтимоий-иқтисодий ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарим Файзиддин Норов, хотин-қизлар қўмитаси раиси Мадина Баратова, қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Хуршед Ўроқов, туман бандликка қўмаклашиш маркази директори Жамшид Меликов, ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўлими бошлиғи Искандар Комилов, статистика бўлими бошлиғи Жўрабек Зарипов ва бошқалар вақт билан ҳисоблашмасдан ўз вазифаларини жон-дилдан бошқармоқдалар.

Биламиз, тушунамиз ва бевосита шоҳид бўлаяпмизки, туман ҳокимининг иши, муаммоси, ташвиши жуда кўп. Аммо сиз учун ҳаёт моҳияти нимадан иборат ва ҳазрати Инсон учун ҳамма нарсадан қадрлиси нима?

– Кутилмаган савол бердингиз. (Суҳбатдошим юзида табассум балқиди. Бир лаҳза ўйланиб қолди). Бир донишманд шундай деган экан: “Ер юзида лоақал биргина бахтсиз киши яшаб турганда, хотиржам яшаш ва бахтли бўлиш мумкин эмас. Яшашдан мақсад, бутун инсоният фаровонлигини ва бахтини кўзлашдир”. Мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг ҳикматли байтлари бор:

Одами эрсанг демагил одами,

Ониким йўқ халқ ғамидин ғами.

Модомки шундай экан, яшамоқ нафас олишдан эмас, балки меҳнат ва ҳаракат қилиш, қийинчиликлардан қўрқмасдан олға интилмоқ, ўз зиммасидаги масъулиятли вазифани виждонан бажариш зарур. Ҳаёт мезони яшаган йиллар билан эмас, қилинган ишлар билан ўлчанади. Яъни ҳаёт ҳам мақому масал каби мазмуни билан қадрли. Инсон шуни тушуниши керакки, у дунёнинг ижодкори ва соҳибидир.

Сиз нимадан хурсанд ва ... ташвишдасиз?

– Менингча атрофдагиларимнинг қувончи, ютуғи менга лаззат бағишлайди, аммо кутилмаганда, бировнинг тўсатдан вафот этганини эшитсам, юрагим эзилиб кетади. Тўғри, табиат бизга ўлим ҳақида ўйламаслик салоҳиятини ато этган, лекин ўлим муқаррарлигини ҳаммамиз ёдда тутишимиз керак, бироқ фожиали ўлимдан худо сақласин. Масалан, куни-кеча бирга ишлаб келаётган ажойиб инсон, меҳрибон она, тажрибали раҳбар Мусаввара Жумаеванинг вафотини эшитиб, дунё бевафо эканлигига яна бир карра ишондим. Марҳумани охирги йўлга кузатиш учун минглаб шогирдлари, ҳамкасблари, қариндошлари, қишлоқдошлари тўпланишди. Ҳамманинг юрагида ғам, кўзларида нам, чунки Мусаввара Жумаева эл ва Ватан учун хизмат қилди. Буюк аллома шайх Саъдий айтган экан: “Бўлак яхши ном истама, шул етар - сени яхши одам деса эл агар”.

Ҳа, хотираси ўзи севган одамлар қалбида муқаддас сақланадиган одам, менимча ўлимидан кейин ҳам барҳаёт бўлиб қолади.

Ботир Мамирович, ниҳоят анъанавий савол: келгуси режаларингиз?

– Биз Янги – 2017 йилга эзгу ва олижаноб мақсадлар билан қадам қўйдик. Мўҳтарам Президентимиз Янги йилни бежиз “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилмадилар. Бу халқимиз қалбидаги орзу-интилишлар ифодаси экан, уни амалда жорий этиш, ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир. Ва имкониятдан фойдаланиб туманимизнинг кўп миллатли аҳил, тифоқ халқига аввало сиҳат-саломатлик, хонадонларига файзу барака ва ишларига юксак омадлар тилайман. Фақат яхши кунларда, хурсандчилик пайтларида бир-биримиз билан учрашайлик.

– Вақт ажратиб биз билан суҳбатлашганингиз учун ташаккур.

– Саломат бўлинг!

Суҳбатни Зоҳир ҲАСАНЗОДА ёзиб олди.

 


Последнее редактирование: 29/03/2017 15:39;   Просмотров: 1586
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку