Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ОЧИҚ ВА ЭРКИН СЎЗ МАСЪУЛИЯТИ

Эҳтимол ижтимоий ҳаётнинг илк босқичларидан одамлар учун ахборот сув, ҳаво, нон қадар зарур неъмат бўлмагандир. Аммо бугунги шиддатли ва ўзгарувчан, глобаллашаётган замон аҳли тезкор, саҳиҳ, шаффоф ва ишончли ахборот, ранг-баранг янгиликка ҳар куни, ҳар соат муҳтож эканлиги айни ҳақиқат.

Солим ақл-идрок, билим-маърифатга таяниб иш тутадиган оддий уй бекасидан тортиб олиму уламоларгача барча инсонлар ахборот уммонидан имконият ва савия даражасида баҳраманддирлар. Китоб, газета, журнал, театр, кино, телефон, интернет, телевидение, радиосиз ҳаёт кечириш зерикарли ва тасаввурдан йироқ бўлиб қолди. Ҳатто уч яшар болада ҳам бунга маънавий эҳтиёж, интилиш шаклланмоқда. Президентимизнинг 2018 йил 24 май куни қабул қилган «Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори айнан миллий матбуот ва журналистикамизнинг келгуси тақдирига, унинг янгиланишлар илҳомчиси ва тарғиботчиси бўлишига алоқадор муҳим ҳужжатдир.
Бугунги кунда соҳанинг етилган муаммоларидан бири журналистнинг касб маҳорати, эътиқодидан ташқари журналистнинг ўзини тайёрлаш бўлиб турибди. Наполеон таъбири билан айтганда «Ҳар қандай журналист вазир бўлиши мумкин, бироқ ҳар қандай вазир журналист бўла олмайди». Газета-журналларда тафаккурнинг жами қирралари юзасидан баҳс юритилади. Газетанинг ҳар бир сонини тайёрлаш, чоп этишнинг ўзи чексиз заҳмат, адоғи йўқ ташвишдан иборат. Ёзишни билган ҳар қандай саводли, дипломли киши таҳририятда ишлай олмаслиги аниқ. Малакали журналист кадрга эҳтиёж бугун ҳам долзарблигича қолмоқда. Ўз фаолиятининг 61-чи йилига қадам қўйган газетамиз жамоаси ҳам туман ҳаётини ёрқин ва ишончли ёритиш борасида тинмай ҳаракат қилмоқда. Таҳририятимиз ўз мазмун-моҳияти билан матбуот уйи, маданий, ижодий марказ ҳисобланади. Туман ижодкорлари билан алоқа, ижодий ҳамкорлик барқарор адабий муҳит ривожини таъминламоқда.
Таниқли ёзувчи, журналист ва олим Хуршед Дўстмуҳаммад сўзи билан айтганда «Онгли инсон борки, ҳаётнинг ҳар лаҳзасида ё ахборот олади, ё уни идрок этади ва ёки узатади. Ушбу уч жараённинг тўртинчиси-кераксиз ахборотдан халос бўлиш». Ёлғон, миш-миш, туҳмат, шубҳа ва гумонлар билан йўғрилган ахборотнинг умри калта, мағзи пуч, охири вой.
Аксинча пухта-пишиқ, далил ва таҳлил, мантиқий хулосаларга асосланган хабар, мақола, интервью, мулоқотлар олқиш ва таҳсин, рағбат ва эътиборга лойиқ.
Интилувчан, шижоатли жамоатчи мухбирлар, етук мутахассис ва раҳбар ходимлар, депутатлар, ижодкор зиёлилар ҳамиша таҳририятимиз ардоғида, эл эъзозида. Уларнинг газетамиз орқали чиқиб туришлари муштарийларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Газетамизга юборилаётган ҳар бир хат, ҳар бир материал муаллиф ва мухбир ҳамкорлигида нашрга тайёрланади, газетхонлар эътиборига ҳавола этилади. Газета сўзи давр нафаси, халқ манфаати, жамият руҳини ифода этмоғи лозим деб ўйлайман. Айниқса, Халқ депутатлари туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги муассислигида чоп этилаётган ижтимоий-сиёсий характердаги зуллисонайн нашримиз эркин, очиқ сўз минбари сифатида ўзининг табаррук мақоми, талабчан ва ўткир руҳига содиқ бўлиши керак. Таҳририятда ишлайдиган ижодий ва техник ходимларга юклатилган масъулият замирида олам-олам маъно мужассам. Ана шу масъулият ва ишончга садоқатни амалий-ижодий ишлар билан оқлашда барчангизга омад, мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт тилайман. Касб байрамингиз қутлуғ бўлсин, азизлар!

Нормурод КАРИМОВ


Дата добавления: 27/06/2018 15:06;   Просмотров: 1136
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку