Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАР ЭЪТИБОРИМИЗДА

Дарҳақиқат, Асосий қонунимизнинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги мустаҳкамлаб қўйилган бўлиб, ушбу конституциявий кафолатлар халқимизнинг манфаатини ўйлаб қабул қилинган қатор қонунлар билан таъминланиб келмоқда.

 Айниқса, сўнгги йилларда бу борада қабул қилинган қонун, фармон ва қарорлар орқали ногиронлиги бўлган, яъни имконияти нисбатан чекланган шахсларнинг ҳуқуқ ва имкониятлари тенглигини бошқалар билан тенг равишда таъминлашдаги эътибор сезиларли даражада ошди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги Қонуни билан ногиронлиги бўлган шахсларнинг қадр-қиммати, уларнинг мустақиллиги, танлаш эркинлигини ҳурмат қилиш, ногиронлик белгисига кўра камситилишга йўл қўймаслик, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишдаги имкониятлар тенглиги, ногиронлиги бўлган болаларнинг ривожланаётган қобилиятини ва ўз индивидуаллигини сақлаб қолиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш, объектлар ва хизматларнинг қулайлиги ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни жамият ва давлат ҳаётига жалб этиш каби асосий принциплар мустаҳкамлаб қўйилди.

Қонуннинг 7-моддасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишдаги имкониятлар тенглигини - улар учун объектлар ҳамда хизматлардан, ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳалардан, соғлиқни сақлашдан, таълимдан, ишга жойлашишдан, шунингдек ахборот ва алоқа воситаларидан фойдаланиш кафолатларини яратишга ҳамда улардан тенг равишда фойдаланиш имкониятларини беришга доир чора-тадбирларни амалга ошириш йўли билан таъминланиши белгиланган.

Мазкур Қонундан ташқари кейинги йилларда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳаётимизда яратиб берилган барча имкониятлардан тўлақонли фойдаланишларини таъминлаш билан боғлиқ яна бир қатор қонун ости ҳужжатлари қабул қилиндики, улар қаторида ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари, ногиронлиги бўлган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш, автотранспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойларига қўйиладиган талабларни белгилаш, тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги фаолиятга ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш чора-тадбирларини санаб ўтишимиз мумкин.

Ногиронлиги бўлган шахсларга яратиб берилаётган имкониятларни туманимиз даражасида кўрадиган бўлсак, уларни 66 дона ногиронлик аравачаси, 5 та эшитиш мосламаси, 4 та қўлтиқ таёқ, 6 та ҳассо, 1 та кўзи ожизлар ҳассаси ва бошқа турдаги жиҳозлар билан бепул тарзда таъминланганлигини таъкидлаш мумкин.

Шунингдек, ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қонун ва фармонлар ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш имконини бермоқда, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш, қулай ва мақбул муҳитни таъминлаш, тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техник жиҳозланишини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Рамиш ЎЛМАСОВ,

туман адлия бўлими

етакчи маслаҳатчиси,

3-даражали юрист.


Последнее редактирование: 13/08/2021 10:52;   Просмотров: 1665
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку