Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

нафсига Қул босҚинчилар

Ўрта маълумотга эга Хуршид ҳалол яшаш ўрнига жиноят йўлини ўзига маъқул кўрди. Бекорчидан ҳамма безор, дейишади. Бир ишнинг бошини тутмаган одам албатта пул топишнинг осон йўлларини излайди. Бундай енгил-елпи йўллар инсонни гирдоб сари бошлайди. Агар бу гирдоб вақтида англанмаса, инсонни ўз домига тортиб кетади.

Хуршид Раҳимов ҳам жиноят йўлига кирганида шу гирдобни вақтида англаб етмади. Дастлаб майда ўғирлик, ўзгалар мулкини талон-торож қилиш билан шуғулланган “қаҳрамон”имиз аста-секин жиноий гуруҳ тузиб, катта босқинчиликларни амалга ошира бошлади. Унинг жиноят йўлига назар ташлайдиган бўлсак, асосан Паст Дарғом ва Самарқанд туманларида кўплаб жиноятларни содир этганини кўришимиз мумкин. Хуршид ва унинг жиноий шерикларидан азият чекканлар талайгина.
Паст Дарғом тумани Камолот маҳалласида яшовчи Ш.Умирқулов Х.Раҳимовнинг дастлабки жабрдийдаларидан. Хуршид унинг хонадонидан 1 миллион 800 минг сўмлик “SAMSUNG” русумли телевизор, баҳоси 2 миллион сўмлик 3 дона гиламни талон-торож қилган. Болтали маҳалласидаги З.Юлдашеванинг хонадонидан 2 миллион сўмлик ноутбукини ва 1 миллион сўм қийматга тенг никоҳ узукларини ўғирлаган. Худди шу маҳаллада яшовчи фуқаро Ш.Сафаровнинг хонадонидан 2 миллион сўм пул ва тилла тақинчоқларни талон-торож қилиб қўлга киритган.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. “Шумбола”нинг тумандаги “саргузашти” давом этади. Оқ олтин маҳалласидаги Н.Тагаева хонадонидан 18 дона товуқ, иккита газ баллон ва газ плита, Темирхўжа маҳалласидаги Х.Санақулов хонадонидан икки бош бузоқ унинг навбатдаги ўлжаси бўлди.
Кетма-кет “муваффақиятлар”дан руҳланган Хуршид энди каттароқ ишларни амалга оширишни ният қилади ва жиноий гуруҳ тузиш учун шериклар қидира бошлайди. “Кўр кўрни қоронғуда топади” деганларидек, Хуршиднинг зулматли йўлида қора йўлда адашганлар тезда топилди. Биринчи навбатда акаси Н.Раҳимов унга хайрихоҳлик билдирди. Тез орада уларнинг сафини Паст Дарғом туманида яшовчи Б.Пардаев, Р.Мусурмонов, Д.Ўсаров, Ш.Бозоровлар тўлдирди.
Жиноий гуруҳ тузиб, гуруҳбоши бўлган Хуршид янги режаларни ишлаб чиқа бошлайди. Гуруҳдаги бир ҳар аъзога вазифаларини тақсимлаб беради. Унга кўра, Б.Пардаев жиноий гуруҳ раҳбарининг ёрдамчиси, Ш.Бозоров моддий томондан яхши таъминланган фуқароларнинг уй-жойлари ҳақида маълумот тўплаш билан шуғулланади, қолганлари эса ижрочилар сифатида белгиланади.
Берилган топшириқ бўйича Ш.Бозоров биринчи манзилни аниқлайди. Самарқанд тумани Ўрта-Арабхона маҳалласида яшовчи А.Муҳиддиновнинг хонадони жиноий гуруҳ нишонига айланади. Пичоқ, темир бўлаклари ва скотч билан қуролланган, юзларига ниқоб, қўлларига қўлқоп кийган гуруҳ ярим тунда ушбу хонадонга босқинчилик йўли билан киради. А.Муҳиддинов ва унинг турмуш ўртоғи гуруҳ томонидан қаттиқ калтакланади ва оёқ-қўллари скотч билан боғлаб ташланади. Жиноий гуруҳ ушбу хонадондан 13 миллион 700 минг сўмлик мол-мулкни босқинчилик йўли билан қўлга киритади.
Шундан кейин жиноий гуруҳнинг нафси шунчалик ҳакалак отадики, йўлида учраган нарсани, у арзонми, қимматми, кичик ё каттами домига тортаверди. Бир неча киши уларнинг жабрдийдаларига айланди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари бу жиноий гуруҳнинг фаолиятига чек қўйди. Суд ҳукми билан юқорида номлари келтирилган кимсалар узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Халқимизда “Ҳар ким экканини ўради” деган ибора бор. Мамлакатимиз қонунларини менсимай, жиноятга қўл урганлар энди қанчалар пушаймон бўлмасин, қилмишларига яраша жазо олди. Шундай экан, ҳаётда ҳар бир инсон ҳалол-пок яшамоқни, одамларга яхшилик қилишни одат қилмоғи, ҳар бир қадамини ўйлаб босиши лозим.

Ғ.АБДУСАМАТОВ.


Дата добавления: 21/07/2017 15:10;   Просмотров: 1394
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку