УНИ ҲАЛ ЭТИШ ЧОРАЛАРИ ҚАБУЛДА ҚАТЪИЙ ҚИЛИБ БЕЛГИЛАНДИ
Журналист сифатида йиғилиш-у сайёр қабулларда иштирок этаман. Уларни ўзимча таҳлил қиладиган бўлсам, ҳар хил саволлар туғилади. Хўш, халқ раҳбарлар фаолиятидан розими? Муаммолар ўз ечимини топаяптими? Яқинда туманнинг Қавчинони боло маҳалласида бўлиб ўтган сайёр қабулда ана шу саволларга жавоб изланди. Унда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ф.Норов, туман прокурори Х.Мардиев, туман халқ қабулхонаси мудири Ғ.Жураев бошчилигида ўтказилган тадбирда узоқ-яқиндан ташриф буюрган аҳоли кўп вақтдан буён ўзини, халқини қийнаб келаётган муаммолар хусусида гапирди, уларнинг ечилишида айрим раҳбарлар кўмаги зарурлигини уқтиришди.
- Қамчинон маҳалласиданман, исми-шарифим Зоҳир Узоқов. - Қаттиқ қишни маҳалла аҳли табиий газсиз ўтказди. Туман газлаштириш идорасида бўлиб, аҳволни айтганимизга ҳам уч ой бўлди. Ваъдабоз газчилар, идора раҳбарлари «Ана бўлади, мана бўлади» дея, бизни алдаб келишди. Алдагани бола яхши. Халқни алдаб бўлмайди. Хўш, қачонгача алданиб яшаймиз?!
Ушбу саволга «Самарқандтумангаз» идораси мутасаддилари жавоб қайтариш билан, аҳолини суюлтирилган газ баллонлар билан таъминлашга сўз беришди. Уларнинг ишини эса туман прокуратураси қатъий назоратга оладиган бўлди. Яна шу маҳалладан 90 ёшли С.Содиқов, Р.Эгамовлар қишлокда бекат йўқлиги, фронторти фахрийларини кўмир билан таъминлаш муаммолари билан мурожаат этишди. Бу ҳам ҳал бўладиган бўлди.
- Маҳалламизда тўрт минг нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади, - дейди Қавчинони боло маҳалла фуқаролар йиғини раиси Б.Жабборов. - Оилалар сони эса 781 нафарни ташкил этади. 2016-2017 йиллар давомида ва ҳозирга қадар маҳаллада жиноят содир этилмади. Банклардан кредит олиб тадбиркорлик билан шуғулланаётган оилалар сони 22 тани ташкил этади. Бугунги сайёр қабулда нафақат маҳалламиз аҳли, балки Гулобод, Қавчинони поён, Гулбоғ, Ўзбеккенти, Янгиобод, Шалғамон, Ўрта туркман, Саримазор ва бошқа маҳаллалардан келган 50 нафарга яқин фуқаро ўзининг 30 дан ортиқ масалалари билан иштирок этди. Ҳар бир мурожаат диққат билан тингланди, ҳал этиш йўллари, муддати, масъул ташкилот ва ижрочи шахслар белгиланди ва тегишли тартибда назоратга олинди.
Раҳбару мутахассисларнинг халққа янада яқин бўлиши, олис ҳудуд аҳолиси ҳузурида улар билан учрашиши, дардларига қулоқ тутишлари боис муаммолар ўз вақтида ҳал бўлмоқда. Негаки туманнинг биринчи раҳбари улардан шуни талаб қилмоқда, сураб-суриштирмоқда. Гарчи бугунги сайёр қабулда ҳоким Ш.Жамолов айрим сабабларга кўра кела олмаган бўлсада, қабул ташкилотчиларидан телефон орқали тадбирнинг боришини сўраб турди. Сайёр қабул очиқ-ошкора, ўз-ўзини танқид руҳида олиб борилди. Ҳар бир инсон дарди, мурожаати астойдил тингланди, уларни бартараф этиш, назорати ва муддатини йўлга қўйиш қатъий белгиланди.
Н.ОЛИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.