Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МУАММОЛАР ЕЧИМИ

фуқаролар мушкулини
осон этмоқда

Қишнинг изғирин кунлари аста-секин баҳорий илиқлик касб этиб одамларда хуш кайфият, бардамлик куч-ғайрат, байрамона ҳис-туйғулар уйғотмоқда. Қуёш тафти ошиб боғ-роғлар, қир-адирлар, ҳовли-томорқалар янги либос кийишга шай бўлайтир.
Кўнгиллар мумтоз куй-қўшиқ, дилбар суҳбат, дала ҳавосию қушлар навоси, ширин дийдордан баҳраманд бўлишни истайди. Ана, хушовоз хонандалар Иноятилло Раҳмонов, Зокиржон Ҳасановнинг тожик ва ўзбек мумтоз ашулаларини маҳорат билан жонли ижрода тақдим этишларини эшитиш ҳам кони роҳат эмасми?
Туманнинг биринчи раҳбари келар экан деб узоқ-яқиндан йиғилганлар кўзида хушнудлик, хотиржамлик, ишонч ва хайрихоҳлик аломатларини кўриш қийин эмасди. Ўтган ҳафта шанба куни ҳар галгидек навбатдаги сайёр қабул туман ҳокими Ш.Жамолов бошчилигида Равонак маданият ва аҳоли дам олиш марказида бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари, 4 та сектор мутасаддилари иштирок этди.
Дарвоқе, Равонак Буюк ипак йўлида жойлашган қадимий ва сераҳоли маҳаллалардан ҳисобланади. Бу катта ҳудуддан таълим, соғлиқни сақлаш, илм-фан, санъат, маданият, спорт, ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича жуда кўп фидойи инсонлар етишиб чиққан. Ушбу анъана бугун ҳам янгича руҳ ва шижоат билан давом этмоқда. Бағрикенг, аҳил ва саховатпеша тадбиркорлар юрт ободлиги, эл тинч-осойишталиги йўлида туну кун жонбозлик кўрсатишмоқда. Шу билан бирга, ҳали ҳамон одамларни безовта қилаётган қатор оилавий низолар, ижтимоий-иқтисодий муаммолар мавжудлиги сайёр қабул пайтида маълум бўлди. Эрталаб соат 11:00 да бошланган қабул соат 14:00 гача чўзилди. Нуробод, Шредер қўрғони, Урганжи, Бадал, Туркман, Оқмачит, Чордара, Саримазор, Найзатепа, Пулимуғоб, Навобод, Чаман, Конигил, Кўшкўприк, Обод турмуш, Шўрбойича, Талибарзуи поён, Хўжа Аҳрор, Янгибоғ, Гулобод ва бошқа маҳаллалардан келган 46 нафар фуқаро ўзининг 56 та масалалари билан иштирок этди. Ҳар бир мурожаат диққат ва сабр-тоқат билан эшитилди, ҳал этиш йўллари, муддати, масъул ташкилот ва ижрочи шахслар белгиланиб, тегишли тартибда назоратга олинди.

Уйсизнинг ўйи кўп, деганларидек, йиллар давомида эскириб, ночор ҳолатга тушган шахсий уй-жой эгалари томонидан янги замонавий коттеж соҳиби бўлиш истаги билдирилганда тўловлар бажарилгач 2018-2019 йилларда орзулари рўёбга чиқадиган бўлди.
Ёш спортчи қиз Озода Шодиеванинг сержантлар мактабида ўқишни давом эттиришига ИИБ бошлиғи А.Сулаймонов амалий ёрдам кўрсатишни ваъда берди. Жавонободлик нафақахўр ўқитувчи Содиқ Мусаевнинг мактаб биносини кенгайтириш, мактабгача таълим муассасаси барпо этиш, автобус қатновини йўлга қўйиш ҳақидаги мурожаати ҳам ижобий ҳал этилади. Талибарзуи болодан Сабрия Баҳромованинг ичимлик сув ва эскириб кетган симёғочларни янгисига алмаштиришга оид масаласи ўз ечимини топди.
Шунингдек, оилавий низолар, мол-мулкка эгалик ҳуқуқини тиклаш, тадбиркорлик учун ер ажратиш, ишга жойлаштириш, ички кўчалар ҳолати, спорт зали, емхона, хусусий МТМ, фермер хўжалиги, савдо шахобчаси, стадион, оилавий поликлиника, китоб дўкони, ёзги кинотеатр, чорвачилик, экспорт-импорт масалаларини қамраб олган мурожаатлар ҳам атрофлича ўрганилиб ҳал этилиши режалаштирилди.
Гапнинг қисқаси, сайёр қабулнинг самараси биринчи кунларданоқ сезила бошланди. Эшитилган, ижрога қаратилган барча масалалар қоғозда қолиб кетмаса, раҳбар ва мутасадди ходимлардан халқнинг рози бўлиши турган гап.

Н.КАРИМОВ


Последнее редактирование: 09/03/2018 15:17;   Просмотров: 1300
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку