Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МАСЪУЛИЯТ ВА ЖАВОБГАРЛИК - СЕКТОРЛАР ФАОЛИЯТИНИНГ БОШ МЕЗОНИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги ПҚ-3182-сонли “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини амалга ошириш мақсадида туман ҳокимининг ушбу масалага доир 2017 йил 12 августда қарори чиққан. Туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш тарзи ва ижтимоий муҳофазасини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича ишларини ташкил этиш юзасидан ташкил этилган тўртта Секторларга тумандаги мавжуд 77 та маҳалла бириктирилган.

Ҳар бир Секторга ҳудуддаги оилалар хонадонига кириб, уларнинг яшаш, турмуш тарзи билан қизиқиб, мавжуд муаммоларини (йўл харитаси) рўйхатга киритиш мақсадида 32 нафардан 38 нафаргача турли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбари ва мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳлари тузилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш Хизмати, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Ҳисоб палатаси билан биргаликда-Секторлар раҳбарларининг фаолиятини, уларга юклатилган вазифаларнинг самарали бажарилиши юзасидан доимий мониторинг қилиниши, ҳудудларнинг ривожланиш жараёни реал ўзгаришлардан ва бошқа ҳаққоний мезонлардан келиб чиқиб уларнинг фаолиятини холисона баҳолашни таъминлаш: Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар чоракда алоҳида ўрнак кўрсатган Секторлар раҳбарлари, давлат органларининг мансабдор шахслар ва ходимларини рағбарлантириш ёки йўл қўйилган жиддий камчиликлар учун уларни лавозимидан озод этишгача бўлган жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар киритиш Давлат раҳбари томонидан вазифа этиб тайинланган.
Президент Давлат маслаҳатчисининг топшириғига биноан Президентнинг мазкур Қарори бўйича ҳар чорак якунига кўра туман Халқ қабулхонасига Секторлар раҳбарлари томонидан улар бошчилик қилаётган ҳудудлар бўйича жойлардаги ҳақиқий ҳолат, аҳолини қийнаётган масалалар юзасидан ахборот киритиб борилиши белгилаб олинган. Аммо, бугунги кунга қадар Сектор раҳбарларининг ҳеч бири бу борада ахборот тақдим этмаган. Секторларга келиб тушган мурожаатларнинг сони, улар юзасидан олиб борилган текшириш, мурожаатнинг натижаси ёки жавоблар берилгани ҳақида маълумотлар мавжуд эмас.
Шунингдек, Сектор раҳбари ёки унинг аъзолари иштирокида бириктирилган ҳудуддаги объектлари кўздан кечирилганлигини, аниқланган камчиликлар, қилиниши лозим бўлган ишлар, Йўл харитасига киритилган маълумотлар куз-қиш мавсумига ижтимоий соҳа объектларида, жумладан боғча, мактаб,соғлиқни сақлаш соҳаси объектлардаги тайёргарлик даражаси текширилмаган.
Бундан ташқари, туман аҳолисини қийнаб келаётган масалалар ишлаб чиқариш корхоналарининг айнан бир ҳудудда йиғилиб қолганлиги, бунинг натижасида аҳолининг бир қисмини ишсизлиги, уй-жойга муҳтожлиги, туманнинг каттагина қисмида газ ва электр энергия таъминотидаги камчиликлар, соғлиқни сақлаш соҳасидаги муаммолар, мактабгача таълим муассасаларининг етишмаслиги, деярли барча ички йўллар таъмирталаб бўлиб қолганлиги, йўловчи ташиш траспорт воситаларининг туман ҳудудини тўлиқ қамраб олмаганлиги каби масалалар ташкил этилган тўртта сектор ҳудудида мавжуд бўлиб, бу муаммолар аҳолининг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда.
Аҳолининг мурожаатларини кўриб чиқишда, уларнинг узоғини яқин қилиш, уйма-уй юриб, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни амалга ошириш йўлга қўйилмаган.
Бугунги кунга келиб ҳар бир секторда сектор аъзолари, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат жамоатчилик назорати гуруҳлари таркиби тасдиқланган бўлсада, аммо Секторлар штаблари хизмат фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича тақдим этилган амалий қўлланмага мувофиқ Секторларда тўлиқ иш олиб борилмай келмоқда. Ўтган давр давомида бирорта Секторда штаб йиғилишлари, бирор-бир муаммонинг таҳлили ёки тадбирлар ўтказилмаган.
Сектор ҳудудида кунлик иш натижаларини сарҳисоб қилиш ва муаммоларни ҳал этиш учун штаб ташкил этилган бўлсада, ҳар кунлик натижа қайд этилмаяпти.
Халқ қабулхонасидаги мавжуд маълумотларнинг таҳлилига кўра бирорта Сектор раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Вертуал қабулхонаси ва Халқ қабулхонасига Сектор ҳудудидан келиб тушаётган фуқаролар мурожаатларининг сони ва уларда кўтарилаётган масалалар билан қизиқиб ҳам кўрмаган.
Сектор штабида бўлиши тавсия этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ичида энг асосийларидан:
а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 мартдаги “Пенсиялар ва нафақалар тўлаш механизмини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-2826 сонли қарори;
б) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомни тасдиқлаш ҳақидаги 44 сонли қарори;
в) Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 22 августдаги микромолиявий ёрдам кўрсатиш, янги иш ўринлари ташкил этиш ва кам таъминланган оилаларга микромолиявий хизматлар кўрсатишни назарга тутадиган лойиҳаларни молиялаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 655-сонли қарори мавжуд бўлсада, ушбу ҳужжатлар бўйича аҳолини хабардор этиб бориш, огоҳлантириш, керак бўлса мазмун-моҳиятини чуқур тушунтириб бериб, уларга ёрдам бериш ишлари ташкил этилган.
Секторлар, уларга бириктирилган маъсул шахслар ва маҳалла раҳбарларининг масъулиятсизлиги оқибатида аҳоли орасида давлат идораларидан норозилик кайфияти учраб турибди.
Бунга мисол, Бухори маҳалласида яшовчи фуқаро Гулсара Ҳодиева ўз фарзандининг оламдан ўтганидан сўнг орадан тўрт ой ўтиб, туман пенсия жамғармасига ўлимлик пулини олиш учун мурожаат қиляпти. Пенсия тайинлаш ҳақидаги қонун бўйича бу каби пуллар 2 ой давомида тўланади. Фуқарога пенсия таъминоти ва туман раҳбарияти қонунда белгилаган муддат ўтганлиги сабабли, дафн пули берилмаслигини таъкидлаб тўғри жавоб бермоқда. Фуқаро эса бундан норози.
Масалага одилона ёндашадиган бўлсак, кўпчилик оддий бир ҳолат деб қарайдиган бундай вазиятга ким айбдор?
Биринчи навбатда маҳалла ва пенсия жамғармасининг масъул ходими ва унинг раҳбари томонидан фуқарога ўз вақтида ариза билан мурожаат қилишни тавсия бермаган.
Ҳудудларда иш ўринларини барпо қилиш учун қандай чоралар кўрилмоқда, қандай таклиф берилмоқда, бу билан Секторлар умуман шуғулланмаяпти.
Туман Халқ қабулхонасига Ўрташиқ маҳалласида яшовчи фуқаро Эргашева Моҳигул турмуш ўртоғи Мўҳсинов Илҳомга фуқаролик паспортини расмийлаштириб бериш масаласида мурожаат қилганида, туман Халқ қабулхонаси ходимлари томонидан унинг турмуш тарзи, оилавий шароити ўрганиб чиқилди.
Ўрганиб чиқиш давомида унинг ФҲДЁдан ўтмасдан турмуш қуриб яшаб келаётганлиги, 2 нафар фарзандли эканлиги, турмуш ўртоғи ва қайнонасининг ҳозиргача совет паспорти билан юрганлиги аниқланди. Сайъ-ҳаракатлар туфайли ушбу муаммолар ижобий ҳал этилди.
Савол туғилади, нега шунча вақт мобайнида ҳеч ким, бирорта раҳбар, ёки масъул шахс бу муаммо билан қизиқмаган.
Неча маротаба, жойларда паспорт режими ўтказилган, қайд этиш ҳолатлари ўтказилган бўлишига қарамасдан, ўз вазифасига совуққонлик ва масъулиятсизлик билан қараган мутасаддиларнинг бепарволиги оқибатида юқорида қайд этилган ҳолатлар юз берган.
Қаерга туман ҳокими ташриф буюрсагина ўша ерда тартиб бўляпти, ёки ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ваҳолонки, Секторлар ҳудудидаги барча маҳаллалар ва хонадонлар 1-чоракда бир маротаба кўздан кечирилиб чиқилиши керак. Ҳудудлардаги камчиликларга ҳамма раҳбарлар бир хил жавобгардир.

Ғ.ЖЎРАЕВ,
туман Халқ қабулхонаси мудири


Дата добавления: 24/11/2017 11:27;   Просмотров: 1387
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку