Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МАҚСАДИМИЗ - САМАРҚАНДНИ ЖАҲОН ТУРИЗМ МАРКАЗИГА АЙЛАНТИРИШ, АҲОЛИ УЧУН ЗАМОНАВИЙ ТУРМУШ ШАРОИТИ ЯРАТИШ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида 26 июль куни Самарқанд вилоятига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари сафарлар чоғида туман ва шаҳарларда бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, саноат, туризм, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш каби соҳаларни жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратади. Шу асосда дастурлар тузилаяпти, уларни амалга ошириш бўйича йўл хариталари тасдиқланиб, ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида 2019-2020 йилларда амалга ошириш белгиланган умумий қиймати 19,6 триллион сўмлик 987 лойиҳанинг 572 таси бўйича 2,3 триллион сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 300 таси тўлиқ якунига етказилди. 4 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этиш доирасида 88,2 миллион АҚШ доллари ўзлаштирилди. Бу 2018 йилнинг шу даври билан таққослаганда, қарийб 1,5 баробар кўпдир.
Инвестиция дастурига кўра, бу йил Самарқанд вилоятида 565,7 миллиард сўм маблағ ўзлаштирилиб, 151 объектда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш режалаштирилган. Ҳозиргача 22 мактаб, 8 тиббиёт муассасаси ва 12 ичимлик сув объектида белгиланган ишлар якунланди.
Президентимиз Самарқанд халқаро аэропортида мазкур ҳаво дарвозасини ривожлантиришга оид лойиҳа билан танишди.
1927 йилда фаолият бошлаган аэропортда 2009 йилгача бир неча марта қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилган. Лекин бугун аэропортнинг йўловчиларга хизмат кўрсатиш имкониятларини замон талаблари даражасида, деб бўлмайди. Бу ердан ҳафтасига 37 марта хорижий ва маҳаллий парвозлар амалга оширилиб, йил бошидан буён 220 минг йўловчига хизмат кўрсатилган.
Кейинги йилларда юртимизда туризмни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар туфайли Самарқандга келадиган сайёҳлар оқими сезиларли даражада ошди. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг дастлабки олти ойида вилоятга 1 миллион 433 минг турист ташриф буюрган. Уларнинг 227 минг нафарини хорижлик сайёҳлар ташкил этади. Ушбу рақамларни икки йил олдинги кўрсаткичлар билан қиёслаганда, туристлар оқими тўрт баробар ошганини кўриш мумкин. Келгусида сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш, бунинг учун зарур инфратузилма яратиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар Самарқанднинг ҳаво дарвозаси имкониятларини ҳам кенгайтиришни тақозо этаяпти.
Тақдим этилган лойиҳага кўра, аэропортда соатига 600 йўловчига хизмат кўрсатадиган янги терминал қуриш, учиш-қўниш йўлагини реконструкция қилиш, самолётлар тураргоҳини кенгайтириш, радиолокация тизимларини такомиллаштириш режалаштирилган.
Шавкат Мирзиёев Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов мақбара- мажмуасига ташриф буюриб, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти қабрига гул қўйди. Қуръон тиловат этилиб, марҳумнинг ҳаққига дуо қилинди.
Нуронийлар, уламолар билан суҳбатда Ислом Каримовнинг халқимиз, давлатимиз манфаати йўлидаги хизматлари, инсоний фазилатлари ёдга олинди.
Давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятига ташрифи давомида Оқдарё туманидаги "Pure milk Oqdaryo" фермер хўжалиги даласида бўлиб, миришкорлар билан суҳбатлашди.
Қандай қилиб одамларнинг даромадини оширамиз, деган савол мени ҳар куни ўйлантиради. Аслида бу савол барча раҳбарларнинг тинчини бузиши керак. Тўғри фойдаланишни билсак, ҳар бир ҳудуд, ҳар бир соҳада кенг имкониятлар бор. Қишлоқ хўжалигида янги технологияларни жорий қилиб, ҳосилдорликни ошириш, хомашёни қайта ишлашни йўлга қўйиш лозим. Маҳсулот қайта ишланса ҳам даромад кўпаяди, ҳам янги иш ўринлари яратилади. Манфаатдорлик юқори бўлиши учун сарфланган харажатни қоплаб, фойда кўришни кўзлаб, меҳнат қилиш керак. Эртанги куни бугунидан яхши бўлиши учун ҳар бир одам ўзи ҳаракат қилмоғи зарур. Ҳозирги замонда ким ютади - интилган ютади, меҳнат қилган ютади, деди давлатимиз раҳбари.
Вилоятнинг сайёҳлик салоҳиятини янада ошириш, туристлар учун замонавий шароит ва имкониятлар яратиш мақсадида Самарқанд туманидаги эшкак эшиш канали атрофида туристик марказ қуриш режалаштирилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев бу ерга ташриф буюриб, марказ лойиҳаси билан танишди. Унда белгиланишича, мажмуа учун 360 гектар ер ажратилиб, 80 гектарида анжуманлар саройи, меҳмонхоналар ва бошқа объектлар қурилиши мўлжалланган. Меҳмонхоналар 3, 4 ва 5 юлдузли бўлиб, барча тоифадаги сайёҳларни қамраб олади. Шунингдек, сайилгоҳлар, сузиш жойлари, сунъий оролчалар, ресторанлар ташкил этилади.
Давлатимиз раҳбари аввалги йилларда вилоятга ташрифи чоғида кўҳна шаҳар аҳолисининг уй-жойга эҳтиёжи йил сайин ошиб бораётгани ва уни қондириш учун Самарқанд марказида, қурилиш меъёрларига тўғри келса-келмаса, уй-жой қуравергандан кўра, теваракда замонавий бинолар барпо этиш зарурлигини таъкидлаган эди.
Ана шу топшириқ асосида ўтган йили Самарқанд тумани Қорасув массивидан шаҳар учун 50 гектарга яқин ер ажратилиб, кўп қаватли уйлар, ижтимоий соҳа объектлари қурилиши бошланди. 2018 йилнинг ўзида "Ўзшаҳарқурилишинвест" инжиниринг компанияси буюртмаси асосида жами 1 минг 344 хонадондан иборат 7 қаватли 32 арзон уй барпо этилди. Бундан ташқари, "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси томонидан Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия хизматчилари ва ёш оилаларга мўлжалланган 5 қаватли 12 турар жой қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Давлатимиз раҳбари Самарқанд туманидаги "Agromir" масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, мева-сабзавотни қайта ишлаш жараёнини кўздан кечирди.
Юртимизда етиштирилган сархил мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари таъми, сифати ва фойдали элементларга бойлиги билан ажралиб туради. Шунинг учун хорижда Ўзбекистонда пишиб етилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига талаб катта.
"Agromir" мева-сабзавотни қайта ишлаб, ички бозорни шарбат ва шира, концентратлар, паста, пюре ва консервалар билан тўлдириб, экспорт қилиб келмоқда.
Қарийб 450 киши доимий иш билан таъминланган корхона йилига 60 минг тонна шарбат ва нектар, 6 минг тоннага яқин концентрат ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, ҳозир бу ерда жами 42 турдаги маҳсулот тайёрланмоқда.
2018 йилда корхонада умумий қиймати 160 миллиард сўмлик 53 минг тонна, жорий йилнинг биринчи ярмида 72 миллиард сўмлик 24 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ўтган йили 2,1 миллион доллар, жорий йилда 5,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.
Айни пайтда корхонага қарашли хўжаликларда мева-сабзавотнинг истиқболли навларини етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фермер ва деҳқон хўжаликлари билан буюртма асосида ишланади.
Давлатимиз раҳбари корхона цехларида мевани қайта ишлаш жараёнини, тайёр маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.
Ишлаб чиқариш ва қадоқлаш цехларига Швейцария, Италия ва Германиянинг шарбат, пюре ва паста ишлаб чиқариш бўйича энг замонавий технологиялари ўрнатилган. Бу корхона маҳсулотларининг Ўзбекистон бозорида етакчи ўрин эгаллашида қўл келмоқда.
Бугунги кунда "Agromir" маҳсулотлари таниқли брендлар остида Жанубий Корея, Хитой, Ҳиндистон, Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Тожикистон, Афғонистон каби мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Чет эллик истеъмолчиларга шарбат ҳолидаги тайёр маҳсулотлардан ташқари концентратлар ҳам етказиб бериляпти.
Танишув чоғида харидоргир, жаҳон бозорида талаб юқори бўлган экспортбоп маҳсулотларни кўпайтириш ва савдо географиясини кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд туманида вилоят фаоллари, секторлар раҳбарлари, нуронийлар, фермер ва тадбиркорлар иштирокида йиғилиш ўтказди.
Сизлар билан йил бошида учрашиб, вилоятда амалга ошириладиган лойиҳалар, бунёдкорлик ишлари, умуман, халқимиз ҳаётини, турмуш даражасини ошириш юзасидан улкан вазифаларни белгилаб олган эдик. Ўтган олти ой давомида бу вазифалар нечоғли бажарилгани барчамизга яхши маълум. Ижобий натижалар ҳам, ечимини кутаётган масалалар ҳам салмоқли. Бугун Самарқандга келиб, яна сизлар билан фикрлашиб олиш, белгилаган режаларимизни ўз вақтида ҳаётга татбиқ этишни шиддатли даврнинг ўзи тақозо этмоқда, - деди давлатимиз раҳбари.
Давлатимиз раҳбари туман ва шаҳарларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка кенг жалб этиш борасидаги ишларни жадаллаштириш, "Ургут" эркин иқтисодий зонаси салоҳиятини кенгайтириш борасида топшириқлар берди.
Туман ва шаҳарлар ўртасида ўзига хос рақобат муҳитини яратиш масалаларига эътибор қаратилди. Шу мақсадда тажриба тариқасида Каттақўрғон тумани ва шаҳри ҳамда Ургут тумани ўзаро мусобақалашишини таъкидлади. Бу Самарқанд тажрибаси сифатида кейинчалик мамлакат бўйлаб оммалаштирилиши қайд этилди.
Туманларда амалга оширилаётган лойиҳалар, ислоҳотларнинг бориши юзасидан сектор раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича 23 июлда ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган тизим асосида ишлаб, муҳитни ўзгартириш, тадбиркорларга ҳамма шароитни яратиб бериш зарурлиги қайд этилди.
Барча саъй-ҳаракатларимиз, мақсад-муддаомиз халқимизнинг бугунги ҳаётидан рози, эртанги кунидан кўнгли тўқ бўлишига қаратилган. Буни ҳар бир раҳбар юракдан ҳис қилиши ва зиммасидаги улкан масъулиятни чуқур ҳис этиб, меҳнат қилиши лозим. Шуни унутмайликки, кечаги услуб, қотиб қолган қарашлар билан олдимизга қўйган мақсадларга эришиб бўлмайди. Бугунги давр барчамиздан янгича фикрлашни, замон шиддатига мос суръатда ишлашни тақозо этаяпти, деди Шавкат Мирзиёев.
Президент ҳокимлар ва секторлар раҳбарларига ҳар бир туман иқтисодиётини ривожлантириш бўйича топшириқлар берди.
Шу билан давлатимиз раҳбарининг Самарқанд вилоятига ташрифи якунига етди.

ЎзА хабарлари
асосида тайёрланди.


Дата добавления: 02/08/2019 15:07;   Просмотров: 851
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку