Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МАҚСАД – ҲУҚУҚБУЗАРЛИК ПРОФИЛАКТИКАСИ САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ

Ҳеч муболағасиз эътироф этиш керакки, Президентимизнинг ташаббуси билан юртимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш учун кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Зеро, энг бебаҳо неъмат - тинчлик ва осойишталик барқарор бўлган юртда одамлар ўз ҳаётидан рози бўлиб, келажагига ишониб яшайди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни – "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни" этиб белгилангани жойларда маҳалла фаоллари ва бошқа жамоатчилик тузилмаларининг жиноятчиликка қарши курашиш борасида биргалашиб мақсадли иш олиб боришларини таъминламоқда. Бунинг натижаси ўлароқ, жорий йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида туманимизда умумий жиноятчилик сони камайди. Ўтган йиллардагидан фарқли ўлароқ номусга тегиш жинояти қайд этилмади. Аёллар иштирокида ҳуқуқ бузилиши ҳолати 2 тага, олдин судланганлар томонидан ҳуқуқбузарлик 8 тага камайди.
Маълум ижобий ишлар қилинаётгани кўзга ташланган бўлса-да, йил бошидан буён айрим турдаги оғир жиноятлар содир этилгани аксарият маҳаллада профилактик тадбирларнинг самарадорлиги етарли даражада таъминланмагани, ҳуқуқ-тартибот ходимларининг жамоатчилик билан ҳамкорлиги талаб даражасида йўлга қўйилмаганини кўрсатмоқда. Натижада ўтган 10 ойда туманда оғир ва ўта оғир жиноят қарийб 70 фоизга, қотиллик ва наркотик сақлаш икка мартага, қасддан оғир шикаст етказиш ва талончилик 30 фоиздан зиёдга, ўғирлик ҳолатларининг сони ошмаган бўларди. Ўтган йилда порахўрлик иллати бир бор қайд этилган бўлса, жорий йилнинг ўтган вақтида ушбу қонунбузарлик ҳолати 11 марта содир этилган.
Инсоннинг тинч замоннинг қадрига етмай, хотиржам яшаши ўрнига оддий маиший келишмовчиликлар туфайли ўзи ва ўзгалар ҳаётини хонавайрон қилиши одамни ўйлантиради. Агар бу низо яқин қариндошлар ўртасида юз берган бўлса, буларни содир бўлиши мумкин бўлган умумий ҳолатга қўшиб бўлмайди. Хўжа Аҳрори Вали маҳалласида яшовчи 1988 йилда туғилган А.М. 1959 йилда туғилган отаси Ҳ.М билан жанжаллашиб қолиб, пичоқ уқталгани натижасида унга тан жароҳати етказган. Худди шундай ҳолат Қўштамғали маҳалласида яшовчи 1990 йилда туғилган Р.О. ва отаси С.Х.лар ўртасида содир бўлган. Отаси билан келишмай қолган нобакор ўғил унга пичоқ санчиб, жароҳатлаган.
Президентимизнинг «Маҳалла институтини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида маҳаллани халқнинг чинакам маслакдоши ва кўмакдоши бўлиши, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлашда, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда, фуқароларда қонунга ҳурмат ҳиссини кучайтиришда унинг бевосита иштирокини кенгайтириш масалалари устувор вазифа қилиб белгиланган бўлсада, уни амалга оширишда барча маҳаллада етарли жонбозлик кўрсатилган деб бўлмайди. Албатта, оилавий-маиший сабабларга кўра, содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар муҳокамаси ташкил этилган, уларнинг сабаблари ва содир этилишига имкон берувчи омиллар ўрганилиб, бартараф этиш чоралари кўрилган ва натижада бирорта ҳам қонун бузилиш ҳолати қайд этилмаган маҳаллалар ҳам йўқ эмас. Афсуски, улар жуда озчиликни ташкил этади. Лекин маҳаллалардан Ёрташиқда 13 та, Ўзбеккентида 11 та, Хўжа Аҳрор Вали -1 ва Янгиариқда 10 тадан, Жўйисой, Конигил, Гулобод, Янгиариқ-2, Қўйи Қайнама, Қорасувда 9 тадан жиноят содир этилганини қандай изоҳлаш мумкин. Савол туғилади, бу маҳаллаларда оқсоқол, имом хатиб, отинойи, кексалар ва нуронийлар ҳамда ёшлар бўйича ўринбосарлар, кўча бошилар, қўни-қўшнилар, умуман кенг жамоатчилик нимага эътибор қаратган, ёки фақат томошабин бўлиб турганми? Ана шундай эътиборсизлик оқибатида, ўзгаларнинг ҳаётига лоқайд муносабатда бўлганлиги туфайли ўтган 10 ойда 22 нафар фуқаро ўз жонига қасд қилган. Ёз жонига суиқасд қилиш энг оғир гуноҳ эканлиги, бундай бандага ҳатто жаноза ўқилмаслиги имомлар томонидан мунтазам тушунтириб борилганда эди, бундай фожеаларнинг олди олинган бўларди. Лекин айрим дин пешволари ҳуқуқбузаликни кўриб кўрмасликка олишни маъқул кўришган. Акс ҳолда эндигина 15-16 ёшни қаршилаган қизлар кўр-кўрона орзулар жабрдийдасига айланишмасди. Агар ёшларга никоҳ ўқилмаганда Хўжа Аҳрори Вали, Гулбоғ, Қумзор, Қорасув, Янгиобод, Меҳробод, Бўзи ва Арабхона маҳаллаларида вояга етмаган қизларни турмушга бериш ҳолати қайд этилмаган бўларди. Умуман, маҳаллаларда жамоатчилик тузилмаларининг йўқлиги ёки номигагина иш олиб боргани нотинч оилаларни аниқлаш ва улардаги оилавий муҳитни соғломлаштириш ва муаммоларни аниқлашга йўл қўймаганини англатмоқда. Ахир «Қайноналар кенгаши», Яраштириш ва Хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари зиммасига нотинч ва ноқобил оилалар, ажрашиш учун ариза берган оилалар, ўз жонига қасд ва суиқасд қилган кишиларнинг оилалари, жиноят содир этган хотин-қизларни бириктириш белгиланган-ку. Ушбу тадбирларни ташкиллаштиришга йиғиннинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси масъул ҳисобланмайдими? «Нуронийлар жамоатчилик кенгаши» зиммасига жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этган оилалар, профилактик ҳисобда турган вояга етмаганлар билан, Ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича комиссиялар кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар, якка-ёлғиз ва ногиронлар билан, ишсизлар, уй-жойга муҳтожлар ҳамда уюшмаган ёшлар билан эса маҳалла раиси ва унинг ёшлар бўйича ўринбосари ҳамда йиғин қошидаги Вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссия раиси мунтазам шуғулланганда маҳаллаларда юқорида қайд этилган жиноятларнинг олди олинган бўларди.
Маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида ўтказилган туман ҳокимлиги йиғилишида жорий йилнинг 15 ноябрида Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселекторда кўриб чиқилган масалалар туман мисолида атрофлича муҳокама қилинди. Давлат раҳбари ҳар бир чиқишида соҳага масъул бўлган идораларнинг асосий вазифаси жиноятчини топиш ва жазолаш эмас, балки жиноят содир этилишига шароит яратиб берган ҳолатларни аниқлаш, айниқса тизимли муаммолар билан ишлашга алоҳида урғу қаратиш лозимлигини таъкидлайди. Президентнинг ташаббуси билан профилактика инспекторларининг маҳаллада истиқомат қилишини йўлга қўйиш ва унга шароит яратиб берилиши ҳам ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда алоҳида ўрин тутади. Чунки, Юртбошимиз таърифи билан айтганда, профилактика инспекторлари бундан буён ички ишлар органларининг маҳалладаги вакили эмас, балки маҳалланинг ички ишлар органларидаги вакили сифатида ўз ишини ташкил этиши, авваламбор маҳалланинг манфаатини биринчи ўринга қўйиши лозим.
Йиғилишни олиб борган туман ҳокими Ш, Джамолов, сўзга чиққанлар туман прокурори Х.Мардиев, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси З.Шодиева, туман имом хатиби Б.Шарипов ва бошқалар сектор раҳбарлари, хотин-қизлар қўмиталари ҳамда жамоатчиликнинг масъулиятини ошириш, ёшлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш, жиноятчиликнинг олдини олишда энг муҳим омиллардан бири бўлган ишсизликни бартараф этиш, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни тизимли ўрганиш, ёшлар тарбияси ва уларни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоялашда маҳаллаларнинг иштирокини кенгайтириш ҳамда давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш муҳим аҳамиятга эга эканлиги ҳақида гапирдилар.

С.МАРДОНОВ, Х.НУРУЛЛАЕВ


Дата добавления: 24/11/2017 11:31;   Просмотров: 1297
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку