Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МАМЛАКАТ БИРИНЧИ ПРЕЗИДЕНТИ ТАВАЛЛУД КУНИ КЕНГ НИШОНЛАНДИ

Халқимиз ўзининг қисқа муддат — 25 йилда эришган барча ютуқ ва марраларини ҳақли равишда айнан Президент Ислом Каримов номи билан боғлайди ва шу улуғ инсоннинг беқиёс хизматлари деб билади.

Тумандаги “Агросаноат” касб-ҳунар коллежида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг таваллуд кунини нишонлаш бўйича бўлиб ўтган тадбирда сўзга чиққанларнинг айтган фикрларида ана шундай эътироф бот-бот такрорланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 12 январдаги ЭДО-08/1-917-сонли мажлис баёнига асосан Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ҳаёти, фаолияти ва бой меросини тарғиб қилувчи тарғибот гуруҳи томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда Самарқанд Давлат архитектура қурилиш институти доценти Камолиддин Ғаниев Ислом Каримовнинг дунё эътироф этган хизматлари ҳақида гапириб, унинг давлатни бошқаришдаги оқилона сиёсати ва пухта ишлаб чиқилган иқтисодий стратегияси туфайли юртимиз илгариги қолоқ, иқтисодиёти бир ёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли даражада авж олган аграр ўлкадан бугунги кунда изчил тараққий этиб бораётган замонавий индустриал мамлакатга айланганини ёрқин мисоллар билан изоҳлаб берди. Албатта, Истиқлол ҳаётимизнинг маъно-мазмунини тубдан ўзгартириб, халқимизни қарамлик кишанларидан озод қилди, топталган қадриятларимиз, дину диёнатимиз, ору номусимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш, фаровон ҳаёт ва ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан қуриш йўлида беқиёс имкониятлар эшигини очиб берди. Лекин, Истиқлол ижодкори Ислом Каримов эканини эътиборга олсак, бу инсоннинг қанчалик буюк шахс экани яққол намоён бўлади.

Тадбир иштирокчиларини она юртимизни мадҳ этган шеърлари билан руҳлантирган Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси аъзоси Хуршид Нуруллаев республикамиз Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ижодкорларга, айниқса адабиётга катта эътибор берганини айтиб, бу унинг мустақилликнинг илк йилини, яъни 1991 йилни Алишер Навоий йили деб эълон қилгани, ўқувчилар меҳрини қозонган Озод Шарафиддинов, Саид Аҳмад, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Сўюма Ғаниеваларни Ўзбекистон Қаҳрамони деган шарафли номга сазовор этгани, ижод аҳли, асосан ёш ижодкорлар учун Ижод фондини ташкил этгани, адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор, дея шоир ва адибларни доимо жамиятнинг олдинги сафларида юрадиган, ҳаётни кузатиб, одамларнинг юрагида, дунёқарашида бўлаётган ўзгаришларни ҳаммадан аввал сезиб, уларни таъсирчан образлар, ёрқин бадиий бўёқлар орқали маҳорат билан ёритиб бера оладиган, эл-юрт учун куйиниб яшайдиган фидойи инсонлар сифатида таърифлаганида намоён бўлганди.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, профессор Аслиддин Қамарзоданинг Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов билан кўп бор юзма-юз мулоқотда бўлгани ва ундан эшитдан доно фикрлари ҳақидаги хотиралари ҳамда унга бағишланган мувашшаҳини ҳаяжон билан эшитишди.

Коллеж директори Гавҳар Турсунова Ислом Каримовнинг таълим соҳасида тутган ўрни ҳақида гапириб, унинг таваллуд куни нишонланиши ўқувчиларга ватани ва халқига фидойи инсонларнинг эзгу ишлари ҳеч қачон эсдан чиқмаслиги ҳақидаги тушунчанинг пайдо бўлишига олиб келишини, айниқса моҳият-эътиборига кўра, мутлақо янги таълим-тарбия тизими — Кадрлар тайёрлашнинг миллий дастурини яратиш ва уни амалга оширишда Республиканинг Биринчи Президенти бевосита етакчилик қилганини таъкидлади.

Тадбир сўнгида Ислом Каримовнинг ҳаёти ва фаолияти ёритилган ҳужжатли телефильм намойиш этилди.

Ана шундай тадбирлар Самарқанд давлат тиббиёт институти проректори А.Исҳоқов, шу институт доценти Ю.Ҳалимбеков, “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши фаоли Р.Муҳитдинов иштирокида Гулобод ижтимоий-иқтисодий коллежида, ҳуқуқшунослик институти доценти Э.Қодиров, таниқли журналистлар Ф.Тошев, Д.Дўстмуродов, Са-марқанд иқтисодиёт ва сервис институти ўқитувчиси Н.Музаффаровлар иштирокида 34-умумтаълим мактабида ҳам бўлиб ўтди. Истиқлол меъмори, буюк шахс ва сиёсий арбоб И.Каримов хотирасини улуғловчи маърифий тадбирлар жойларда давом этмоқда.

Дилрабо ТОШПЎЛАТОВА

 

 

 

 

 


Последнее редактирование: 29/03/2017 15:48;   Просмотров: 1545
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку