Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЛОҚАЙДЛИК ЖИНОЯТГА ЙЎЛ ОЧАДИ

Сир эмаски, бугун дунёнинг турли бурчакларида содир этилаётган хунрезлик, қотиллик, одамлар гавжум жойларда портлатиш ва қўпорувчилик ҳаракатлари оқибатида минглаб бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлмоқда. Албатта, буларнинг ортида онгидаги ғоявий бўшлиқни тажовузкорлик, бузғунчилик каби жирканч иллатлар эгаллаб олган диний экстремистлар, миссионерлар, террористик гуруҳлар турганлиги барчага аён.

Айтиш жоизки, мустақил диёримизда ҳам бундай ҳатти-ҳаракатлар олдини олиш мақсадида кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиб, огоҳлик ва ҳушёрликка чорловчи тадбирлар, телерадио материаллари ва босма нашр мақолалари тинмай бонг урмоқда. Аммо шунга қарамай, юртимиздаги тинч-хотиржам, фаровон ҳаётимизга рахна солувчи, қалбида тубанлик уруғи қадалган ношукур кимсаларнинг борлиги ачинарли ҳолдир.
Туманнинг “Қамишзор” маҳалласида яшовчи Ҳалим Собиров, Турғун Халилов, Одил Солиҳов (манзил ва исм-фамилиялар ўзгартирилган)лар худди шу тоифа кимсалардир. 1980 йилда туғилган Ҳалим дастлаб 2012 йилда диний оқим аъзоси Рўзи Пардаев исмли шахс билан жиноий тил бириктириб, ундан диний экстремизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган диний мазмундаги маърузаларни ўзининг уяли телефони хотирасига юклаб олади. Шу тариқа маърузаларни ўзида сақлаб, бот-бот тинглаб келади ва 2013 йилда ҳамтовоғи 1972 йилда туғилган Турғун билан келишган ҳолда маърузаларни унга “ҳадя” этади. Лекин, Турғуннинг уяли телефони оддий моделда бўлганлиги боис, “ҳотамтойлиги” тутиб, унга янги телефон аппарати ва 256 Мб, кейинчалик эса 512 Мб ва 2 Гб хотирага эга флешкаларни харид қилиш учун пул ҳам беради ҳамда Турғунни уйига таклиф қилиб, яна бир қанча мазмуни Афғонистон, Ироқ ва Сурияда жанг қилаётган муҳожирларга, яъни террорчиларга ёрдам беришга қаратилган маърузаларни ҳам унга тинглаб кўриши учун беради. 2015 йил апрел ойида Турғун 1990 йилда туғилган Одилни учратиб қолади. Одил Турғуннинг номозхонлиги, динга бўлган қизиқишидан яхшигина хабардор бўлиб, ундан бу маърузаларни мазмун-моҳиятини сўрайди. Турғун унга обдон тушунтиргач, у 2016 йил март ойида Турғуннинг ўйига бориб, ундан маърузаларни олади. Одил жиноий шериклари билан алоқани узмай, жума намозига ҳам бориб туради. Бу орада Одилнинг намозхон бўлганини эшитган бир гуруҳ ёшлар намоз ўқиш сирларини ўрганиш учун унинг ҳузурига келиб туришади. Ажабланарлиси, Одил ўз “сабоқ”ларини уларга яширин тарзда пана-пастқам овлоқ жойларда олиб борар ва “шогирд”ларига буни бошқалардан сир сақлашни таъкидлар эди. “Сабоқ”ларига Ҳалимни ҳам чақириб, икковлон ёшларга “Жиҳод”, “Ҳижрат” амаллари ҳақида маълумот берар ва Сурия, Ироқ давлатлари ҳудудидан қўним топган “ИШИД” халқаро террорчи гуруҳнинг ғоялари, даъватлари ва фикрлари тўғри эканлигини уларнинг онгига сингдириб, ҳаттоки, террорчилар сафида жанг қилиш лозимлигини уқтиришарди... Яхшиямки, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари жиноий тўдани бу қилмишидан вақтида воқиф бўлишди. Уларнинг жиноятлари фош этилиб, қонуний жазога тортилдилар. Энди ўз-ўзидан ҳақли савол туғилади. Наҳотки, битта маҳалладан бир эмас уч нафар шундай экстремистик жиноятчилар бўлса-ю, бундан на уларнинг яқинлари ва на маҳалла-кўй хабардор бўлмаса? Ишониш қийин. Шу ўринда таъкидлардикки, бефарқлик, лоқайдлик эртага нафақат ўзимиз, балки бутун жамият бошига юқорида зикр этилган балоларни солиши мумкин. (Худо асрасин). Шундай экан, олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларимиз, огоҳу ҳушёрликларимиз шунчаки, “хўжам кўрсин”га эмас, рўй бераётган воқеа ҳодисаларнинг нечоғлик долзарблигига қаратилганлигини қалбдан ҳис этайлик. Акс ҳолда жиноятнинг йўли ҳечам тўсилмайди.

Отабек ЖОМУРОДОВ, жиноят ишлари бўйича туман суди раисининг ёрдамчиси
Тошпўлат ЮСУПОВ, газета мухбири


Дата добавления: 09/06/2017 14:42;   Просмотров: 1376
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку