Маълумки, меҳнат қилиш ҳуқуқи - фуқароларнинг Асосий Қонунимизда белгилаб қўйилган ҳаётий энг муҳим бўлган иқтисодий ва ижтимий ҳуқуқларидан бири саналади.
Шунингдек, Асосий Қонунимизда давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаши лозимлиги қайд қилинган бўлиб, бу ҳар бир шахснинг бошқа бир қатор ҳуқуқ ва эркинликлари билан биргаликда меҳнат қилиш ҳуқуқи ҳам ҳимоя қилиниши давлатимиз томонидан кафолатланганлигини билдиради.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикасининг "Аҳоли бандлиги тўғрисида"ги Қонунига кўра, иш ўринлари ташкил этилишини рағбатлантириш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш, шу жумладан иш ўринларини ташкил этишга доир давлат буюртмасини ҳамда иш қидираётган ва ишсиз шахсларни касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга ҳамда уларнинг малакасини оширишга доир давлат буюртмасини шакллантириш орқали ҳамда ишсиз шахсларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш, ишсизликни камайтириш чораларини кўриш, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини ишга жойлаштиришга кўмаклашиш давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ҳисобаланади.
Фуқароларнинг меҳнат муносабатларига киришиш ҳуқуқи уларнинг бирор корхонага (бу ўринда барча ташкилотларни қисқача ном билан "корхоналар" деб атаймиз) ишга жойлашиши билан бошланади ва бунга у билан иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномаси ҳамда буйруқ билан расмийлаштирилиши асос бўлиб ҳисобланади.
Умумий қилиб айтганда, мен меҳнат қилишни нафақат ходимнинг ўзи, оиласи ва бошқаларнинг фаровонлигини, хотиржамлигини таъминланишини, балки инсоннинг қадр-қимматини ҳам энг юқори даражага олиб чиқадиган асосий қадриятларимиздан бири деб биламан.
Шундай экан, кўпчиллик, айниқса биринчи марта ишга қабул қилинганлар учун иш фаолиятининг биринчи куни ҳаётининг энг муҳим қувончли кунларидан бири сифатида бир умр ёдида қоладиган воқеа бўлиб қолади.
Биз бугунги мавзумизда фуқароларимизнинг ишга қабул қилиниш жараёни тўғрисида фикрлашамиз ва бу борадаги қонунчилигимизда назарда тутилган айрим маълумотларни муштарийларимиз эътиборига етказамиз.
Меҳнат қонунчилигига кўра ишга қабул қилинган ходимлар, ишга қабул қилган корхона эса ушбу корхонанинг раҳбари тимсолида иш берувчилар, деб аталади.
Аввало, ишга кирмоқчи бўлаётган ходим ўзига, ўз кучига, ўзида зарур қобилият ва ишбилармонлик сифатлари мавжудлигига ишонч ҳиссига эга бўлиши керак ва шундан келиб чиқиб бирор касбни танлаши ва қизиққан соҳаси бўйича иш берувчига мурожаат қилиши керак.
Келинг энди, қонунчилигимиздаги ходимни ишга қабул қилишнинг талабларига қисқача тўхталиб ўтамиз.
Меҳнат қонунчилигида белгиланган умумий қоидага кўра ходимни ишга қабул қилишга у ҳали вояга етмаган давридан бошлаб, яъни ўн олти ёшдан бошлаб йўл қўйилади.
Шунингдек, айрим қонуний талабларга риоя қилинган ҳолда ёшларни меҳнатга тайёрлаш мақсадида умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун - улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади.
Ходим ишга қабул қилинишида иш берувчи қонунчиликда белгиланган маълум мезонларга асосланади.
Аввало, ходимлар ишга қабул қилинишида айрим ҳужжатларни тақдим этиши талаб этилади.
Жумладан, ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахс - паспорт ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжатни, ўн олти ёшгача бўлган шахслар эса туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани, меҳнат дафтарчасини (бунда биринчи маротаба ишга кираётган шахслардан меҳнат шартномаси талаб этилмайди), ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар тегишинча ҳарбий билетни ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани, қонунчиликка мувофиқ махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга шахсларгина бажариши мумкин бўлган ишларга кираётганда олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни ёхуд мазкур ишни бажариш ҳуқуқини берадиган гувоҳномани ёки бошқа тегишли ҳужжатни тақдим этади.
Қайд қилиш лозимки, ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахсдан қонунчиликда кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.
Шу ўринда, қонунчилигимизда ходимларни ишга қабул қилишда уларнинг малакасига қўйиладиган айрим талаблар белгилаб қўйилганлигини ҳам эътироф этишимиз лозим.
Масалан, Ўзбекистон Республикаси "Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида"ги Қонунга кўра, илгари ўзининг айбли ҳаракатлари сабабли меҳнат шартномаси тугатилган шахслар, шунингдек қўлланилган жазо чорасидан, судланганлиги ҳолати тугатилганлигидан ёки олиб ташланганлигидан ҳамда ўзига нисбатан амнистия ёки афв этиш акти қўлланилганлигидан қатъи назар, қасддан содир этилган жиноятлар учун илгари ҳукм қилинган шахслар, жиноят ишлари айбдорлиги тўғрисидаги масала ҳал этилмаган ҳолда тугатилган жиноятлар содир этган шахслар мактабгача таълим ва тарбия тизими органлари ва ташкилотларининг раҳбарлик лавозимларига тайинланиши мумкин эмас белгиланган.
Биз мақолани ишга қабул жараёнининг очиқ ва шаффофлиги коррупцияга қарши курашнинг илк қадамларидан бири деб бекорга номламадик.
Ходимни ишга қабул қилишда, унинг қандай лавозимга тайинланишидан қатъи назар ошна-оғайингарчилик, таниш-билишчилик ва ҳакоза иллатларнинг бўлиши аввало қобилиятсиз ходимнинг ишга олинишига, қобилиятли ходимни эса четда қолиб кетиб, унинг жамиятдан норози бўлишига, охир оқибатда адолатнинг бузлишига ва коррупцион омилларнинг пайдо бўлишига олиб келади.
Шунинг учун, кейинги йилларда давлатимиз томонидан барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларнинг ходимларини ишга қабул қилишнинг очиқ танловга асосланган шаффоф тизимини яратишга асосий эътиборини қаратиб келмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори билан 2021 йил 1 сентябрдан давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари онлайн очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади.
Хўш, бу нимани англатади?
Энди бундан буён ходимларни ишга раҳбарлар қабул қилмайди, балки бу борада шакллантирилган алоҳида комиссия томонидан бир лавозимга талабгор бўлган бир неча ходимлар билан суҳбат ўтказилган ҳолда, улар орасидан энг маъқули деб топилгани танлаб олинади ва бу суҳбат жараёнини онлайн тартибда бутун жамоатчилик кузатиб бориш имкониятига эга бўлади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, юқорида қайд қилинган ходимларни ишга қабул қилиш тизими амалиётимизни тўлиқ қамраб олар экан, шак-шубҳасиз айтиш мумкинки, бирор бир ҳолатда ходим "шунчаки" ишга ўтиб қолмайди, балки уларнинг энг қобилиятли ва ташаббускоригина тегишли лавозимни қўлга киритади ва бу келажакда ҳар қандай коррупцион омилларни чекланишига олиб келади ҳамда халқимиз фаровонлиги ва ватанимиз равнақини оширишга хизмат қилади, деб ишонч билдирамиз.
Норқул САФАРОВ,
туман адлия бўлими бошлиғи,
3-даражали адлия маслаҳатчиси.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.