Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

КОРРУПЦИЯ - АДОЛАТ КУШАНДАСИ

Маълумки, мамлакатимизда сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасининг "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги "Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора - тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5729-сонли Фармони асосида коррупцияга қарши кураш борасидаги ишлар мутлақо янги босқичга кўтарилди.

Бугун давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бутун мамлакатимизда том маънода коррупцияга қарши кескин кураш бошланди. Шу боис лоқайдлик, бефарқлик, товламачилик, фирибгарлик, уруғ-аймоқчилик, таниш-билишчилик, порахўрлик каби иллатларнинг содир этилишига қарши курашда барчанинг фаоллиги яққол кўзга ташланмоқда.
Ушбу нуқтаи назардан, касб-ҳунар коллежларини тамомлаб, катта ҳаётга қадам қўяётган 3-босқич ўқувчилари онгу тафаккурида коррупцияга қарши муросасиз кайфиятни шакллантириш, уларнинг бу иллатга қарши мустаҳкам иммунитетга эга бўлиши муҳим аҳамият касб этади.
Шу сабабли касб-ҳунар таълими тизимида коррупцияга қарши курашнинг самарали механизмини жорий этиш мақсадида алоҳида тармоқ дастури ишлаб чиқилган ва шу асосда бир қатор ижобий ишлар ва ташаббуслар амалга оширилиб келинмоқда.
Жумладан, Касб-ҳунар таълими Марказининг 2019 йил 27 майдаги 269-сонли буйруғи асосида жорий йилнинг 15 июнь куни барча касб-ҳунар коллежлари 3-босқич ўқувчилари ўртасида "Биз ёшлар юртимизга хизмат қилишда виждонли, инсофли ва ҳалол бўлишимиз шарт!" шиори остида "Коррупция - адолат кушандаси" мавзусида Республика иншолар танлови ўтказилди.
Мазкур танловда Равонак қурилиш ва саноат касб-ҳунар коллежининг 850 нафар 3-босқич ўқувчилари фаол иштирок этди. Тадбирнинг очилиши Ўзбекистон Республикаси мадҳияси билан бошланди. Бириктирилган вакиллар, маҳалла оқсоқоллари ва бошқа жамоатчилик вакиллари томонидан "Коррупция нима ва унинг келиб чиқиш тарихи", "Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асослари" ва Қонуннинг мазмун - моҳиятини очиб беришга қаратилган маърузалар қилинди.
- Танловни ўтказишдан асосий мақсад - ёшларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича билимларини янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш, ёшларимизни давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларидаги мавжуд коррупциядан огоҳлантириш, коррупцион ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш ҳамда коррупцион ҳуқуқбузарликлар содир этилгани учун жазо муқаррар эканлигини чуқур англатишдан иборат, - дейди коллеж директори Ғулом Тоғаев.
Шунингдек, тумандаги Гулобод ижтимоий-иқтисодий коллежи ҳамда шу каби бошқа касб-ҳунар коллежларида ҳам худди шундай танлов бўлиб ўтди.

Тошпўлат ЮСУПОВ


Дата добавления: 21/06/2019 14:22;   Просмотров: 954
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку