Кейинги йилларда мамлакатимизда халқимизнинг маънавий - маърифий савиясини юксалтириш, маданият ва санъат муассасаларининг моддий - техника базасини мустаҳкамлаш, соҳа вакилларини қўллаб - қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 28 ноябрида қабул қилинган "Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори юзасидан мухбиримиз Раҳимжон Наимов туман маданият бўлими мудири Хурсаной Ғозиева билан мулоқот уюштирди. Қуйида ана шу мулоқот тафсилоти келтирилади.
Мухбир: Бугунги кунда Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш "Илҳом" жамоат фонди, Республика Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси, Ўзбекистон давлат филармонияси ташкил этилган. Шунингдек ўзбек мумтоз ва фольклор санъатининг ноёб намуналарини, ўзига хос ижро мактаблари ва анъаналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш тизими яратилди. Хурсаной Болтаевна, айни пайтда бизнинг туманимизда миллий маданиятни янада ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган қандай камчиликлар бор?
Х.Ғозиева: Эътироф этиш лозимки, миллий маданиятни янада ривожлантириш учун замонавий бинолар, мусиқий асбоб-ускуналар етарли даражада эмаслигини ҳисобга оладиган бўлсак, Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш Концепцияси ўз вақтида қабул қилинди, деб айтсам, хато қилмаган бўламан. Зеро ҳали кўп истиқболли ислоҳотларни амалга оширишимиз лозим.
Мухбир: Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш Концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича "йўл харитаси" тўғрисида фикрларингизни гапириб берсангиз.
Х.Ғозиева: Концепция ва унинг харитаси 2019-2020 йилларда Қорақалпоқистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида амалга ошириш учун "йўл харитаси" ва Чора-тадбирлар тузилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. 2021 йилдан ва ундан кейинги йилларда Концепцияни амалга оширишдан мақсад ва асосий вазифалари маданият соҳасига оид норматив-ҳуқуқий базани тарихий ва маданий маросимларимизни сақлаш ҳамда уни ёш авлод тарбиясига кенг қўллаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни улар онгига сингдириш, этник маданий анъаналарни асраб-авайлаш ҳамда шу асосда халқ ижодиётини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Бу салоҳиятни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш, замонавий ахборот-коммуникация технологияларни жорий этиш, тадқиқ ва тарғиб қилишда инновацион ғояларни самарали фойдаланиш лозим.
Шу билан бирга, ногиронлиги бўлган фуқароларнинг маданий ҳаётга фаол иштироки ва тенглигини таъминлаш, миллий маданиятга жаҳон маданиятини ажралмас қисми сифатида қараш, бу соҳага оид қабул қилинган қарорларни мазкур соҳадаги ягона давлат сиёсати мослигини таъминлаб, тўлақонли фаолият кўрсатишнинг моддий ресурс базасини янада мустаҳкамлаш билан жамоатчилик назоратини ҳам йўлга қўйилади.
Ана шунда республикада хизмат кўрсатаётган маданият ва аҳоли дам олиш марказлари негизида марказлар ташкил этилади.
Мухбир: Маданият марказларининг асосий вазифалари нимадан иборат?
Х.Ғозиева: Аҳолига маданий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, маънавий эҳтиёжларни қондириш ва бўш вақтларини, ижодий жамоаларнинг миллий қадрият, урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассам этган намунавий дастурларни шакллантириш; халқ ижодиёти ва бадиий ҳаваскорлик санъатини сақлаб қолиш ҳамда қулай шарт-шароитлар яратиш, болаларни тўгаракларга жалб этиш, хорижий тилларни ўрганиш, "нутқ маданияти" бўйича курслар ташкил этиш, халқ ижодиётининг барча жанр ва йўналишлари, ҳаваскорлик санъати ва номоддий маданий меросни кенг тарғиб қилиш ҳамда уларни асл ҳолича келажак авлодга етказишдир.
Шунингдек, адабиёт ва санъат, профессионал ижодий гуруҳлар, ёшларнинг бадиий учрашувлари ва давра суҳбатлари, туман миқёсида танловлар, оммавий байрам, томоша ва халқ сайлларида жисмоний шахслар билан тузилган шартномалар асосида турли хизматлар кўрсатилади.
Мухбир: Ҳудудларда яна қанақа халқ манфаатига мос ишлар амалга оширилади?
Х.Ғозиева: 2019-2022 йилларда янги қуриладиган, реконструкция қилинадиган, капитал таъмирланадиган ва жиҳозланадиган маданият марказларининг манзилли рўйхати тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлигининг "Халқ чолғучилари ижрочилари" кўрик-танлови икки йилда бир марта, дастлаб 2019 йилнинг июнь ойида, Мукаррама Турғунбоева номидаги "Миллий рақс ижрочилари" кўрик-танлови ҳам икки йилда бир марта, дастлаб 2019 йилнинг октябрь ойида, Юнус Ражабий номидаги "Ёш мақом ижрочилари" кўрик-танлови ҳам икки йилда бир марта, дастлаб 2020 йилнинг апрель ойида, ҳар йили 21-27 март кунлари "Театр томошалари ҳафталиги" ҳамда ўша театр ва рассомларининг кўргазмалари, ташқи ишлар вазирлиги ва туризмни ривожлантириш билан биргаликда хорижий сайёҳлар учун маданий тадбирлар рўйхати ҳар йили 15 декабрга қадар шакллантирилади.
Шу ўринда айтиб ўтишим лозимки, бизнинг туманимизда "Шашмақом" ансамбли 1969 йилда ташкил этилган ва у 1972 йилда "халқ ансамбли" унвонини олиб, ҳозирга қадар фаолият юритмоқда.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.