Асосий қонунимиз - Конституциямизнинг ҳаётдаги ўрнини таҳлил этар эканмиз, у нафақат бугунги кунимизнинг, балки буюк келажагимизнинг ҳуқуқий пойдевори эканига яна бир карра амин бўламиз. Таъкидлаш жоизки, 29 йил ичида мустақил Ўзбекистон Конституцияси халқимиз қалбидан чуқур жой олди ва дунё ҳамжамиятининг эътирофига сазовор бўлди. Биз йиллар ўтган сайин Конституциянинг ҳаётимиздаги, энг муҳими, мамлакат равнақи, миллат юксалишидаги ўрнини тобора теран англамоқдамиз. Зеро асосий қонунимиз демократик жамият барпо этишнинг мукаммал ҳуқуқий базасидир.
Унга мувофиқ қабул қилинган қонунлар у ёки бу меъёрни янада теранроқ ифода этади, тўлдиради, аниқлаштиради. Айниқса, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш, одил судлов фаолиятининг сифат ва самарадорлигини ошириш, судларнинг мустақиллиги, масъулияти, уларнинг роли ҳамда таъсирини кучайтириш, бир сўз билан айтганда, жамиятимизда том маънодаги суд назорати институтини қарор топтириш йўлида замон ва тараққиёт талабидан келиб чиқиб, кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўтган йилнинг 24 июль куни Ўзбекистон Респуликаси Президенти томонидан имзоланган "Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақиллиги ва холислигига эришиш, уни ривожланган демократик мамлакатлар тажрибасида ўзини оқлаган халқаро стандартларга мослаштириш, жамиятда қонунийликни таъминлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Мазкур фармоннинг ўзига хос муҳим жиҳатларидан бири шундаки, унда белгиланган вазифалар бугунги кундаги суд амалиёти чуқур таҳлилидан келиб чиққан ҳолда қўйилган. Шу сабабли фармон мамлакатимиз судлов тизимидаги ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб бериш баробарида, суд амалиётидаги бир қатор муаммоларини ечимига омил бўлди. Жумладан, фармонга кўра, вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлари бирлаштирилиб, уларнинг негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашуви сақлаб қолинган ҳолда, ягона умумюридикция судлари ташкил этилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, фармонга кўра, эндиликда судда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлик тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят ишлари бўйича судларда дастлабки эшитув институти жорий этилди. Бу амалиёт орқали суд ишлари судга тайинлаш жараёнида дастлабки терговда аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун ишни прокурорга қайтариш масаласини ҳал этиш мумкин бўлади.
Яна бир янгилик шундаки, энди суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилди ва "бир суд-инстация" тамойили жорий этилди, ягона суд амалиёти шакллантирилди, суд органлари фаолиятининг янада шаффофлиги таъминланди. Буни тасдиғини кейинги йилларда кўплаб фуқароларга нисбатдан оқлов ҳукми чиқарилиб, суд залидан озод қилинганидир.
Муҳтарам юртбошимиз қуйидаги сўзларини яна бир бор таъкидлаш жоиз: "Ўзбекистон фуқаролари ҳамиша ўз давлат ва Конституцияси ҳимоясида бўлади ва биз бу тамойилни бундан буён ҳам қатъий амалга оширамиз".
Куни-кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев асосий қонунимиз қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан давлатимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг амали тасдиғи сифатида "Озодликдан, маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишидан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни авф этиш тўғрисида"ги фармонни имзолади. Фармон ижроси юзасидан авф этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб фойдали меҳнат билан шуғулланишлари, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топишлари учун уларга кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди. Бу бизнинг мустақил Ўзбекистонда инсонпарварликнинг юксак намунасидир. Аммо мамлакатимизда тинчлик ва динлараро бағрикенгликни мустахкамлаш, жамоат тартибини сақлаш масалаларига янада кучли эътибор қаратишимиз ҳар бир шахс учун ҳам қарз ҳам фарз. "Қонун-устувор, жаноятга-жазо муқаррар" деган конституциявий тамойилни амалда таъминлаш учун суд идоралари бор куч ва имкониятларини сафарбар этади. Ва модомики, халқимиз ҳаётини янада обод ва фаровон қилиш, юртимизда умргузаронлик қилаётган миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир инсонга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш-давлатимиз ва жамиятимизнинг бош вазифаси экан, барчамиз бир тану бир жон бўлиб, Янги Ўзбекистон Учинчи Ренессанс даврига пойдевор қўйишга муносиб улуш қўшайлик.
Имкониятдан фойдаланиб, севимли газетамиз орқали туманимиз аҳолисини Конституциямиз куни билан табриклаймиз ва сиҳат -саломатлик, оилавий бахт, дастурхонимизга файзу барокат тилаймиз.
Нодиржон РАЖАБОВ,
жиноят ишлари бўйича
туман судининг раиси.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.