Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

«КЕЛАЖАК УЧУН ОВОЗ БЕРАМИЗ»

Маълумки, бизнинг мақсадимиз ватанимиз равнақи ва аҳолимиз фаровонлигини таъминлаб берадиган бозор иқтисодига, оддийроқ қилиб айтганда,  товарпул муносабатларига асосланган, турли мулкчиликка ҳамда иқтисодий эркинликка таянган ва рақобат воситасида бошқарилиб турувчи демократик иқтисодиётга асосланган очиқ ҳуқуқий демоктарик давлат ва фуқаролик жамиятини қуришдан иборатдир.

Шу ўринда эса таъкидлаш лозимки, давлатнинг демократлигини белгилайдиган асосий мезонлардан бири бу - тўла эркинлик тамойилларига асосан ўтказиладиган сайловлардир.

Озгина вақт қолдики, биз ҳам йилнинг энг йирик сиёсий жараёни ҳисобланган ва жорий йилнинг 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Президент сайлови арафасида турибмиз ва унда иштирок этиб, ўз сиёсий ҳуқуқимизни албатта амалга оширамиз.

Шу муносабат билан сайловчиларимизни сайлов қонунчилигимизда  белгилаб қўйилган айрим ҳуқуқларидан яна бир бохабар қилиб қўйсак, айни муддао бўларди.

Бинобарин, барча хатти-ҳаракатларимиз, шу жумладан сайловдаги ҳуқуқларимиз ҳам аҳолимизнинг хоҳиш ва истаклари инобатга олинган ҳолда қабул қилинган қонунларимизда олдиндан белгилаб қўйилган бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига кўра, сайловларда иштирок этиш ҳуқуқи фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларидан энг биринчиси ва муҳими ҳисобланади. 

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексида белгиланган сайлов ўтказишнинг асосий принципларига кўра Ўзбекистон Республикасида сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ҳамда очиқ ва ошкора ўтказилади.

Сайлов кодексида белгиланган қоидаларига кўра сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, яъни вояга етган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар, бу дегани чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар бундай ҳуқуққа эга бўла олмайдилар.

Фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эга бўлиб, фақат суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларгина сайловда иштирок эта олишмайди.

Шунингдек, сайловда эркин ва яширин овоз берилади, яъни сайловчиларнинг хоҳиш-иродасини назорат қилишга йўл қўйилмайди, яширин овоз бериш сайловчининг хоҳиш-иродаси устидан ҳар қандай тарзда назорат қилиш имкониятини истисно этадиган тегишли шароитларни яратиш орқали таъминланади.

Табиийки, айрим сабаблар билан фуқароларимиз сайлов кунида яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмасликлари, яъни сайловда иштирок эта олмасликлари ҳам мумкин, қонунчилигимизда бундай ҳолатда фуқароларимизга муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқи кафолатланган.

Яъни, муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга уч кун қолганида тугалланади, муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг эътиборига оммавий ахборот воситалари орқали етказилади, муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида тегишли участка сайлов комиссиясидан сайлов бюллетенини олади, сайловчи сайлов бюллетенини олганлиги ҳақида тегишли участка комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди, сайлов бюллетени махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида сайловчи томонидан тўлдирилади, сайловчи қарор қабул қилади ва тўлдирилган сайлов бюллетенини ёпиқ конвертда қолдиради, конверт тегишли участка сайлов комиссиясининг сейфида сақланади, конвертнинг елимланган жойига участка комиссиясининг икки нафар аъзосининг имзолари қўйилиб, улар комиссиянинг муҳри билан тасдиқланади.

Президент сайловида иштирок этиш орқали ўз сиёсий фаоллигимизни намоён қиламиз, давлат ва жамият тақдирига бефарқ эмаслигимизни билдирамиз.

Шундай экан, келинг, Президент сайловида иштирок этиб, муносиб номзодга овоз берайлик!!!

Н.САФАРОВ,

туман адлия бўлими

бошлиғи, 3-даражали

адлия маслаҳатчиси.


Дата добавления: 11/10/2021 11:35;   Просмотров: 1105
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку