Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

КАДАСТР СОҲАСИДА ИСТЕЪМОЛЧИЛАР УЧУН АСОСИЙ ЎЗГАРИШЛАР ҚАНДАЙ БЎЛАДИ?

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси томонидан Президентимизнинг 2020 йил 7 сентябрдаги "Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони мазмуни-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Мутахассислар томонидан мазкур ҳужжатнинг аҳамияти, белгиланган вазифалар бўйича атрофлича маълумот берилди. Cўнгги йилларда ерлардан оқилона, самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланишни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер билан узвий боғланган Давлат кадастрлари ягона тизимини тўлақонли юритиш давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Мамлакатимиздаги иқтисодий соҳадаги ўзгаришлар ушбу тизимнинг тўлақонли, шаффоф ва замонавий стандартлар асосида ишлашини тақозо этмоқда.

Янги фармон ва қарор ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштиришнинг аниқ механизми ва босқичларини белгилаб беради. Тизимдаги асосий ўзгаришлар нималардан иборат? Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси эндиликда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги сифатида фаолият юритади.

Мазкур агентлик кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказади. Геодезия, картография ва давлат кадастрларини юритиш соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш билан шуғулланади. Шунингдек, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, геодезия, картография ва давлат кадастрларини юритиш соҳасида кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни амалга оширади.

Тадбирда ушбу соҳада истеъмолчилар учун асосий ўзгаришлар қандай бўлиши ҳақида айтиб ўтилди. Хусусан, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар, жумладан, ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш, фойдаланиш ва ижарага олиш ҳуқуқининг вужудга келиши, ўзгариши, бошқа шахсга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши фақат давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин кучга киради. Шунингдек, кадастр соҳасига хусусий сектор хизмати секин-аста кириб келади, бу эса рақобат муҳитини шакллантиради. Натижада хизмат кўрсатиш сифати ортади ва нархлар таклифи кенгаяди ҳамда истеъмолчи учун танлов имконияти пайдо бўлади.

Тизимдаги ислоҳотлар онлайн ҳизматлар ва ягона электрон манбаларни ривожлантириш, ахборот алмашинуви механизмини такомиллаштиришга қаратилган қатор чора-тадбирларни ўз ичига олади. Жумладан, Кадастр агентлигининг онлайн геопортали ер тури, контури, чегараси ва ҳуқуқ эгалари ҳақидаги барча маълумотларни жамловчи платформа сифатида ривожлантирилади. Ушбу онлайн геопортал Миллий геоахборот тизимига интеграция қилинади. Тегишли давлат кадастрлари маълумотлари Миллий геоахборот тизимига фақат телекоммуникация тармоқлари орқали тўғридан-тўғри тақдим этиб борилади. Мазкур ўзгаришлар ер ҳисобини олиб бориш ҳамда кадастр тизимини ривожлантиришда илғор тажрибага эга мамлакатлар амалиётини ўрганиш асосида устувор, тезкор вазифалар сифатида белгиланди.

Ушбу чора-тадбирларнинг амалга оширилиши тез орада тизимдаги шаффофлик, хизмат кўрсатиш сифатининг ортиши, коррупция ҳолатларини минималлаштириш, давлат ресурсларидан оқилона фойдаланишга ҳамда тизимнинг самарали фаолият юритишига мезон бўлиб хизмат қилади.

А.МУСАЕВ, ЎзА


Последнее редактирование: 16/09/2020 09:57;   Просмотров: 714
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку