Юртимизда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, қонуний манфаатлари чекланишига йўл қўймасликка қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият сифатида эътироф этилган.
2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ижроси юзасидан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш, одил судловнинг сифати ва шаффофлигини ошириш, «Хабеас корпус» институтини қўллашни кенгайтириш, коррупцияга қарши курашишнинг самарали тизимини яратишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш юзасидан сўнгги йилларда бир қатор қонунлар ва Президент Фармонлари қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 30 ноябрдаги "Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди. Фармонга асосан, қонун ҳужжатлари талабларига оғишмай ва қатъий риоя этишга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органларининг биринчи даражали эътибори қаратилиши, унга мувофиқ қонун нормаларини аниқ ижро этиш ва уларга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, қандай сабабларга кўра келиб чиққанидан қатъи назар, қонунийликни бузиш ҳисобланади ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Шунингдек, процессуал қонунчиликни жиддий бузган ҳолда ёки ноқонуний услублар билан, шу жумладан:
жиноят процесси иштирокчилари ёки уларнинг яқин қариндошларига нисбатан қийноққа солиш, психологик ва жисмоний тазйиқ ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёхуд кадр-қимматни камситувчи муомала турларини кўллаган ҳолда;
гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг ҳимояга бўлган ҳуқуқини, шунингдек, таржимон хизматидан фойдаланиш ҳуқуқини бузган ҳолда;
жиноят процессида иштирок этаётган шахсга ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтирмаслик оқибатида уни чалғитган ҳолда;
мазкур жиноят иши бўйича иш юритишни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан процессуал ҳаракатларни ўтказиш оқибатида;
номаълум манбадан ёхуд жиноят иши бўйича иш юритиш жараёнида аниқлаш мумкин бўлмаган манбадан;
дастлабки тергов жараёнида жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг судда мавжуд далиллар мажмуи билан ўз тасдиғини топмаган кўрсатмаларидан;
мавжуд далиллар мажмуи билан тасдиқланган ҳоллардан ташқари, жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг тахмин, фараз ёки миш-мишларга асосланган кўрсатмаларидан олинган ҳамда тегишли равишда юридик кучга эга бўлмаган маълумотлардан жиноят ишлари бўйича далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмаслиги белгиланди.
Аҳамиятлиси, Фармонда алоҳида тарзда Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексида тўғридан-тўғри назарда тутилган ҳоллардан ташқари, судларда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши принципини чеклайдиган қўшимча талабларни жорий этиш ҳамда процессуал қонунчилик нормаларини бузган ҳолда олинган гувоҳ, жабрланувчи, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчининг кўрсатмалари, эксперт хулосаси, ашёвий далиллар, аудио ва видеоёзув ҳамда бошқа материаллардан далил сифатида фойдаланиш тақиқланиши кўрсатиб ўтилди.
Шахсни ноқонуний ушлаб туриш, қамоққа олиш, жиноий жавобгарликка тортиш ёки ҳукм қилишга сабаб бўлган, ҳужжатлар ёки ашёларга била туриб ёлғон маълумотлар ва бошқа бузиб кўрсатилган фактларни киритиш, ҳақиқатга тўғри келмайдиган кўрсатма беришга мажбурлаш, иш бўйича ҳақиқий ҳолатларни бузиб кўрсатиш орқали далилларни қалбакилаштирганлик учун, ёлғон гувоҳлик ва ёлғон хабар берганлик учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутган ҳолда, жиноий жавобгарлик киритилди.
Бундан ташқари, далилларни йиғиш ва мустаҳкамлашда рухсат берилмаган услублар қўлланилганлиги тўғрисидаги мурожаатлар прокуратура органлари ёки суд томонидан қонун ҳужжатларида ўрнатилган тартибда тиббий экспертиза ўтказиш орқали мажбурий текширилиши шартлиги, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш (ўта оғир жиноятлар бўйича), тинтув, кўрсатмаларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов эксперименти тарзидаги процессуал ҳаракатларни видеоёзув воситаларидан фойдаланган ҳолда мажбурий видео қайд этиш амалга оширилиши, ҳимоячи жиноят иши бўйича далилларни тўплаш ва тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлиб, улар жиноят иши материалларига қўшиб қўйилиши, шунингдек, суриштирув, дастлабки тергов ўтказиш ва жиноят ишини судда кўриб чиқиш вақтида мажбурий текширилиши ва баҳоланиши шартлигининг белгиланиши биринчидан, жиноят ишларини тергов қилиш ва кўриб чиқиш жараёнида далилларни тўплаш, мустаҳкамлаш, текшириш ва баҳолашда қонунийлик ва холисликни таъминлашга хизмат қилса, иккинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигига оқибатда эса аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва суднинг беғаразлигига бўлган ишончининг ортишига сабаб бўлади.
Бу борада олиб борилаётган ислоҳотларда ҳам ана шундай камчиликларга йўл қўймаслик талаб қилинмоқда. Зеро, инсон-нинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига ҳуқуқнинг маъмурий, фуқаролик, хўжалик ва бошқа соҳаларига қараганда жиноят процессида кўпроқ таъсир ўтказилади.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолияти соҳаларининг ҳеч бирида жиноий-судлов соҳасидаги каби фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясига жиддий эътибор қаратилмайди. ҳеч бир қонун бузилиши, қонунсиз ушлаш, қамоққа олиш, асоссиз жиноий жавобгарликка тортиш ва айбсиз кишини судлаш билан боғлиқ қонун бузилиши каби фуқароларга аҳлоқий ва жисмоний азоб етказмайди.
Дастлабки терговнинг сифати ва самарадорлиги, алоҳида жиноят ишлари терговининг муваффақияти, энг аввало, содир қилинган жиноятнинг терговчилар томонидан ўзига хос томонлари, жиноятчи ва жабрланувчиларнинг шахси ва бошқа омилларни назарда тутган ҳолда энг тўғри ва мақбул бўлган тергов усулларининг танланиши, тергов ҳаракатларининг сифатли ва режа асосида юқори малакада ва фаол ташкил этилишига боғлиқдир.
Д.САДУЛЛАЕВ,
Бош прокуратура бошқармаси катта прокурори
С.КАБИЛОВ,
Вилоят прокуратураси 15-бўлим бошлиғи
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.