Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ИМКОНИЯТЛАРДАН ЕТАРЛИ ФОЙДАЛАНИШ ФАРОВОНЛИКНИ ОШИРАДИ

  1. Депутат сифатида ўтган давр мобайнида қандай тадбирларни амалга оширдингиз?

2.Депутатлик фаолиятингизга туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, кексаларни эъзозлаш борасида қандай аниқ режалар киритилган?

  1. Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида қўшимча иш ўринлари яратиш юзасидан қандай таклиф ва ниятларингиз бор?

 

  1. Ўтган йилнинг сўнгги чораги халқимизни яна бир синовдан ўтказди. Албатта ҳар бир мамлакатда давлат раҳбарини йўқотиш осон кечмайди. Шундай паллада айрим ғаламис кимсалар ички муҳитдан фойдаланиб, ўз қинғир мақсадларига эришиш йўлида аҳолининг руҳиятидан фойдаланмоқчи бўлишади. Лекин чорак аср давомида ўзининг асосий йўлини танлаб олган халқимиз демократик руҳда шаклланиб бораётган дунёқараши нималарга қодир эканини яна бир бор исботлади. Бу айниқса, Республикамизнинг янги Президентини сайлаш чоғида яққол намоён бўлди. Чунки халқ ўзи билан мулоқотда бўлган, мансабидан ҳаволаниб элдан ўзини устун қўймайдиган раҳбарга ён босишини намоён этди. Одамларнинг, ҳатто арзимас масалани ҳам ечиш учун раҳбарлар қабулига ойлаб қатнаши якун топишини, энди раҳбарман дегани халқнинг олдига ўзи бориши керак деган даъватдан кўнглида шодиёна бир умид пайдо бўлганини ҳис этди. Тўғриси, давр талаби асосида ўзим ҳам бир депутат сифатида иш услубларимда маълум ўзгаришларни амалга оширишим кераклигини сездим. Масалан ойнинг маълум кунларида сайловчиларим билан учрашардим. Ўйласам, уларда бирор таклиф ёки муаммо туғилса, ўша кунни кутишлари керакми? Йўқ, бунинг осон йўли, керак бўлса ҳар куни улар билан учрашиш. Бунинг эса ҳеч қийин жойи йўқ. Ахир ўзим яшайдиган ҳудуддан депутатликка сайланганман. Яна бир ҳақиқатни англадимки, менинг жойларга боришим ўша ердаги халқ ўзига оқсоқол ва маслаҳатчи қилиб сайлаган масъулларни ҳам ўз вазифаларига эътиборлироқ муносабатда бўлишига ундаркан.

Сайлов округим ҳудудидаги аҳолининг тадбиркорликка иштиёқи ва малакаси баландлигини инобатга олиб, хонадонларда товуқ, бедана, қорамол, қўй, эчки, қуён боқиш, боғ яратиш, лимончилик билан шуғулланиш учун имтиёзли кредитлардан фойдаланиш оилавий фаровонликнинг бош мезони эканлиги борасида туркум тушунтириш тадбирлари ўтказилди ва давом эттирилмоқда.

Умуман, ўтган вақт мобайнидаги депутатлик фаолиятим қатъий белгиланган иш режам асосида амалга ошган бўлсада, бугунги давр талабидан келиб чиқадиган бўлсам, ундан ўзимнинг кўнглим унчалик тўлгани йўқ. Чунки қилган ишларимдан қиладиганим кўплиги мени янада ҳаракатчан, янада қатъиятли бўлишга ундаяпти.

  1. Вилоятимиз ҳокими Ҳиммат Оқбўтаев янги йилимизнинг илк ҳафтасида туманимизда бўлиб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан танишаркан, унинг натижаларига жавоб берадиган ҳар бир раҳбар туманнинг 238 мингдан зиёд аҳолиси (38 минг хонадон) айни вақтда нима билан шуғулланаётгани, уларнинг турмуш даражаси, оиласидаги муҳит қандай, уларни нима қийнаётгани ҳақидаги саволни ўзига бериш ва унга виждонан жавоб топиши лозимлигини уқтириб ўтди. Тан олиш керак, миграция масаласи асосий муаммоларимиздан бири. Унинг қаердан пайдо бўлганини ўйлаш фойдасиз, бартараф этишга киришиш керак. Йўли эса, фермер хўжаликлари ва тадбиркорлар субьектларида иш ўринларини яратиш, кишиларни банклар орқали тадбиркорликка ўргатиш. Халқимиз ишбилармон, йўқдан бор қиладиганлар тоифасидан. Фақат уларга озгина кўмак берилса, кифоя. Масалан, яқинда “Паст Оҳалик” маҳалласида борганимда Яҳё Тоғаев деган фуқаро товуқчилик билан шуғулланишини, лекин етарли маблағга эга эмаслигини айтиб қолди. Унинг бу масаласини банк маъмурияти ҳал этиб беришини маълум қилди. Ёки Паррандачилик қўрғонида яшовчи Толиб Рахимов блок ғишт ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи экан. Унга ҳам банкнинг имтиёзли кредит ажратилиши маълум бўлди. Мени, айниқса банк бошқарувчисининг ташаббуси қувонтирди. У ходимларига жойларга чиқиб, кредит олиш истагида бўлганларни топиш ва уларга ёрдам кўрсатиш топшириғини берибди. Мана буни халқ билан мулоқотнинг яна бир хайрли шакли дейиш мумкин.
  2. Аҳоли билан бўладиган суҳбатларда турмуш тарзимизни янада яхшилаш, ҳаётимиз бунданда фаровон бўлиши учун имкониятлар жуда кўплигига амин бўламан. Мени депутатликка сайлаган халқ тоғ олди ҳудудларида истиқомат қилишади. Бу ерда боғдорчилик, узумчилик ривожланган. Лекин ҳамма ҳам ердан унумли фойдаланмайди. Айниқса, айрим фермер хўжаликларининг ерга бўлган хўжасизларча муносабати аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлди. Натижада туман қишлоқ ва сув хўжалигига бу борада киритган депутатлик сўровим кўриб чиқилиб, ердан унумли фойдаланмаган фермер хўжаликлари ҳуқуқий баҳосини олди. Одамлар давлат ери назоратсиз эмаслигига ишонишди. Айни вақтда ҳар қандай ерга меҳр кўрсатса, у ўз саховатини аямаслиги, бундай ерлар тоғ ён бағирларида сероб экани, улардан фойдаланишни йўлга қўйиш кераклигини айрим тажрибали деҳқонлар айтишгани учун, бу борада тегишли мутахассислар билан иш олиб боришни режалаштирганман. Агар ушбу ерлар ҳисобидан, албатта, имтиёз берган ҳолда фермер хўжаликлари ташкил этилса, қишлоқ хўжалиги учун фойдаланадиган ерлар миқдори яна ошишига, қўшимча иш ўринлари яратилишига олиб келади.

Манзура МаҲмудова, 1-Оҳалик сайлов округидан туман Кенгаши депутати

 

 


Дата добавления: 10/02/2017 16:05;   Просмотров: 1451
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку