30 январь эрта тонгданоқ бутун мамлакатимиз бўйлаб оламшумул эътирофга молик Биринчи Президентимиз, атоқли давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримовнинг порлоқ хотирасини ёд этиш ҳамда шонли 80 йиллик юбилейини нишонлашга бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар доирасида табаррук қадамжолар, азиз-авлиёлар мангулик топган масканларда қурбонлик уюштирилди.
Каттаю ёш фуқароларимиз қалбидан улуғ Юртбошимизга насбатан чуқур эҳтиром, меҳр-муҳаббат туйғулари жой олганлигини ҳис этиш, англаш нақадар сурурли ва таскинбахш эди.
Хўжа Абду Берун жомеъ масжиди ҳовлисида ҳам туман ҳокими Ш.Жамолов бошчилигида фаоллар, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари йиғилгач, имом-хатиблар Б.Шарипов ва Л.Ибодуллаев томонидан муқаддас Қуръони Карим оятлари тиловат қилинди, ўтган аждодларимиз, юртимиз равнақи ва тинчлиги йўлида жонбозлик кўрсатган ота-боболаримиз ҳамда Мустақиллигимиз меъмори, таърих ва тақдиримизда ўчмас из қолдирган табаррук зот И.Каримов руҳи поклари шарафига дуои фотиҳа ўқилди. Шундан сўнг, «Шодимурод» базмгоҳида уюштирилган 600 кишилик эҳсон дастурхони атрофида, марҳум Президентимизнинг табассумга мойил нурли сиймоси, дилбар нигоҳи қаршисида бу мўътабар инсоннинг ибратли ҳаёт йўли, тарихий хизматлари, маънавий жасорати, бой илмий-назарий мероси ва ҳаётий ўгитларини эслаб дилдан суҳбатлар қурилди. Узоқ-узоқдан таралиб турган мунгли, тафаккурга ундовчи куй садолари кишини ажиб ҳис-туйғу, ўй-хаёллар оғушига тортарди.
Тадбирнинг мантиқий давоми давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган Регистондаги Президент ҳайкали, қадимий Ҳазрати Хизр масжиди ҳудудида бунёд этилган муҳташам мақбара ҳамда Форумлар саройидаги хотира ва қадрлаш маросимларига уланиб кетди.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.