Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ДАВЛАТ ИДОРАЛАРИ

ва мурожаатлар ечими

Сектор раҳбарларининг ҳудудларда бўлаётгани, фуқаролар билан мулоқот қилиб, уларни кундалик эҳтиёжлари, талаб ва истакларини яқиндан ўрганаётгани ўз самарасини бермоқда. Бу фаолият натижасида тўпланиб қолган муайян муаммо ва масалалар бартараф этилиб, мавжуд ҳолатларга тегишли мутасаддиларининг эътибори қаратилаётир.
Туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Ш. Жамолов бошчилигида ўтказилган сайёр қабулда Халқ қабулхонаси мудири Ғолиб Жўраев, бошқарув идоралари раҳбарлари, жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари ҳозир бўлишди.
Туман ички ишлар бўлими ходими, профилактика инспектори, майор Ғайрат Норов ўз ҳудудидаги ўн ойлик фаолияти юзасидан ҳисобот берди. Ҳисоботда келтирилган факт-рақамлар, жиноят турлари, ҳақиқат ва адолати атрофлича муҳокама этилди. Қабул давомида Жўйисой маҳалласида яшовчи Р. Баҳодиров янги хусусий мактабгача таълим муассасасини барпо этиш истаги борлигини билдириб, амалий ёрдам сўради. Унинг мурожаатидан маълум бўлишича, маҳаллада катта жойни эгаллаган бўм-бўш эски бино бугунги кунда фойдаланишга яроқсиз ва қаровсиз ҳолатда турибди. Ушбу бино ўрнида замонавий боғча бунёд этиш ҳар жиҳатдан маъқул ва мақбулдир. Ҳоким таклифни қўллаб- қувватлади. Эзгу ниятнинг амалга оширишга муваффақият тилади.
Хожа Аҳрори Вали маҳалласида яшовчи фуқаро Олимхон Нақибов эса Оқбўрё қишлоғидаги қир-адирлар бағрида боғ яратиб, халқ дастурхонини ширин- шакар мева-сабзавот ва гўшт маҳсулотлари билан тўлдиришда ҳисса қўшишга азму қарор қилганини айтиб, мазкур ҳудудда электр энергия линиясини тортишда амалий ёрдам сўраб мурожаат этди. Ушбу масала ҳам тез кунда "Зарафшон" ЭТК раҳбари А. Шукуров томонидан ижобий ҳал этиладиган бўлди. Сайёр қабул жараёнида 16 нафар фуқаро ўзларининг Қўштамғали, Хожа Аҳрори Вали-1 ва 2, Янгижой, Қўлба, Хаймари боло, Арабхона, Равонак, Кўи сахо, Янгиработ қишлоқларидаги йўл ва қабристон аҳволи, суюлтирилган газ баллони, кўмир ва ўтин таъминоти, уй-жой, янги паспорт ва рўйхатга олиш масалалари билан алоқадор талаб-истакларини баён этишди. Ижобий ечим топган мурожаатлар қаторида ўрганиш, таклиф ва хулосалар тақдим этиш лозим бўлган масалалар бўйича мутасадди идоралар раҳбарларига топшириқлар берилди.

Ўз мухбиримиз


Дата добавления: 09/11/2018 14:55;   Просмотров: 1005
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку