Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

CАЙЁР ҚАБУЛ-САМАРАЛИ УСУЛ

Туман ҳокими Ш.Жамолов бошчилигида шу йилдаги олтинчи сайёр қабул барча қулайликларга эга кўркам Марказий Арабхона маҳалла фуқаролар йиғини биносида ўтказилди. Унда мутасадди давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, Халқ қабулхонаси, оммавий ахборот воситалари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашдилар. Муҳтарам Юртбошимизнинг “Халқ биздан рози бўлса, ишимизда унум, барака бўлади.

Одамларнинг розилиги бизнинг фаолиятимизга берилган энг олий баҳодир” деган сўзлари ушбу қабул жараёнида ўзининг амалий ифодасини топди. Негаки, энг чекка қишлоқларимиздан ҳисобланган Юқори Арабхона, Қуйи Арабхона, Чордара, Диёр, Урганжи, Марказий Арабхона, Янгиобод, Заҳликдан 31 нафар фуқаро турли муаммо ва эҳтиёжлар бўйича мурожаат этди. Айниқса, деҳқон хўжалиги, тадбиркорликни йўлга қўйиш, уй-жой, йўл, светафор, электр энергияси тармоқлари, ногиронлик аравачаси, пенсия таъминоти, кадастр хизмати, моддий ёрдам, коммунал хизмат тўловлари билан боғлиқ чигал масалалар бирма-бир эшитилди ва ўз жойида ижобий ҳал этилди, айримлари ўрганиш учун тегишли ташкилотларга топширилди. Очиғини айтсак, мурожаат этувчиларнинг тўқсон фоизи масалаларининг тез ва жойида ҳал этилишидан мамнун бўлибди, ўз миннатдорлигини билдиришди. Опа-сингил ногирон Баҳриева Райҳона ва Мунира, Суяров Шаҳбоз, Олимова Муқаддас, Абдуллаев Отақул, Имомова Дилором, Ҳафизов Ҳалим ва бошқалар шулар жумласидандир.
Лекин бир савол туғилади. Одамлар айнан шу қабул кунини, ҳоким келишини кутиб утиришлари керакмиди?
Унда ижрочи ташкилотларнинг масъулияти қаёқда қолади?
Мутасадди раҳбар ва мутахассисларнинг ўз вазифаларига юзаки қарашлари қачонгача давом этади?
Қачонгача одамлар якка тартибда уй-жой қуриш учун ер бериш тўхтатилганлигини билмасдан овора бўладилар?
Ёки эгалик ҳуқуқини қўлга киритмасдан, ер давлат мулки эканлигини била туриб, ўзбошимчалик билан хоҳлаган жойда иморат ё бошқа иншоот қўриши мусобақасига ким “оқ йўл” тиламоқда?
- Туман ҳокими сайёр қабул якунида ўзининг ачиқ ва очиқ танқидий фикр мулоҳазаларини билдириб, ҳудуддаги бир неча хонадон, 9 ва 3-чи умумтаълим мактабларини ҳам кўздан кечирди. Ушбу таълим масканларидаги давомот, болалар ўйингоҳи, спорт зали, ошхона, ҳовли атрофи, қозонхона, ҳожатхона ва бошқа шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Маблағ талаб этилмайдиган ободончилик ҳамда безатиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилганлиги ачинарли ҳолдир. Ҳар икки мактаб директорларига йўл қўйилган хато-камчиликлар кўрсатиб ўтилди, бартараф этиш учун муддат берилди. Мактабга тегишли ҳудуд, ер майдонлари тоза-озода, кўркам ва обод бўлса, кўрган одамнинг баҳри дили очилади, айниқса ўқувчи ёшларни ибрат олишга чорлайди. “Эга бўлмаса, нега” деганларидек, маҳалла бўладими, мактаб бўладими, корхона ёки ташкилот бўладими, ўзининг эгаси, меҳнат жамоаси бор. Ишониб топширилган муқаддас даргоҳни қандай сақлаш раҳбар, унинг атрофидаги фидойиларга боғлиқ эмасми?
Шундай экан, бу мавзуга яна қайтамиз.

Н.КАРИМОВ Б.ҚОДИРОВ


Дата добавления: 24/11/2017 11:38;   Просмотров: 1303
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку